Қаҳрамонлар номи барҳаёт
Шу пайтгача ҳарбийликнинг юки, масъулияти оғир деган тушунчани қанчалик кенг доирада билишимни ўйлаб кўрмаган эканман. Сариосиё ва Узун воқеаларида юрт тинчлиги учун душманга кўксини қалқон қилган баҳодирлар мисолида бу борадаги қарашларим анча кенгайди.
Чунки ҳарбийликнинг юки, масъулияти – ҳарбий хизматчининг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари учун оғир. Оиласи, турмуш ўртоғи, фарзандлари учун оғир. Маҳалласи, дўстлари учун оғир. Барчамиз учун оғир, бирдек оғир. Чунки уларнинг жасоратини келажак авлодга муносиб тарзда етказишимиз керак эмасми? Яна нималарнидир англаб етдим. Ўша англаб етганларим ичида Сариосиё ва Узун воқеалари иштирокчиси Бобомурод Нуратов томонидан ижро этилган «Дўстларим», «Унутмайман сизни элим қаҳрамонлари», «Мактублар» қўшиқларидаги оддий ҳақиқатлар ҳам бор. Улар орасида йигирмадан ортиқ навқирон йигитнинг ёрқин хотираси бор...

Ҳар сафар улар ҳақида ёзишга жазм этганимда нимадир етишмаётгандек бўлади. Ўша нимадир юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ўғлонларнинг жасорати ва мардлигини барчанинг кўз ўнгида гавдалантира оладиган биргина жумла эканлигини билсамда, ўша жумлани топа олмаётгандек бўлавераман. Улар юртим истиқлолининг пойдеворлари эди. Улар Ватанимнинг тимсоллари эди. Улар қанийди шу Ватанга жон берсам деди. Улар мард йигитлар, Ватан учун яралган эди. Катта лейтенант Камолиддин Тошпўлатов ҳам улардан бири эди.
Орадан 24 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақт оралиғида жигарбандидан айрилган ота-оналарнинг, суюкли ёридан жудо бўлган муштипар аёлларнинг, отасини сийратини фақат суратларда кўрган фарзандларнинг қалб яралари битиб улгурганмикин, деган хавотир билан Камолиддиннинг ўндан ортиқ яқинлари билан телефон орқали боғландим. Умр йўлдоши Гулноз Нуриддинова, кенжа ўғли лейтенант Миркомил Камолиддинов, хизматдоши Толибжон Ражабов, бирга ўсган ўртоғи Фарҳоджон Акбаровдан Камолиддиннинг қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи ўнлаб воқеалар эсга олинди. Уларнинг бари битта китобга жо бўладиган хотиралар.
1996 йил июнь ойи. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси)ни имтиёзли диплом билан тугатган Камолиддин Тошпўлатов ва Гулноз Нуриддинова яхши ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйишди. Бир ойлик таътил тугаши билан Сурхондарёга хизмат бурчини ўташ учун жўнаб кетади. Тўнғич ўғли шу ерда туғилади. 2000 йил Камолиддин Тошпўлатов Чирчиқда хизмат вазифасини янги лавозимда давом эттиради. Ёш оила икки йил ичида Намангандан Сурхондарёга, кейин эса Чирчиққа кўчишга мажбур бўлди. Ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган Умиджон ва туғилажак иккинчи фарзанди Миркомил билан умр йўлдошининг ёнида бўлишни Гулноз Нуриддинова ҳарбийликнинг юки, масъулияти деб билди. Шу тарзда уларнинг ҳаёти бир маромда бахтли давом этарди.

Аммо, август ойида рўй берган нохуш воқеалар мана шундай оилалар бахтига рахна солди. Сариосиё ва Узун туманида террорчилар билан мардонавор курашган Камолиддин Тошпўлатов ва унинг бир неча сафдоши киндик қони тўкилган замин ҳимояси йўлида кўкрак қонини тўкишдек мардликни амалга оширди. Машъум хабар Гулноз Нуриддинова билан бир қаторда минглаб, миллионлаб қалбларни ларзага келтирди. Жаннатмонанд юртимизда тўнғиздек қўпган ватангадо террорчилар миллионлаб ҳамюртларимизнинг қарғишига дучор бўлди. Мустақиллигимизни ҳимоя қилиш учун ҳалок бўлган навқирон йигитлар шон-шараф билан дафн этилди. Уларнинг барчаси давлат мукофотлари билан тақдирланди. Кўчалар, мактаблар ва ҳарбий қисмларда юрт ҳимоячиларининг бюстлари қад кўтарди. Ватангадо террорчилар жасадлари эса, тоғу-тошлар орасида қузғунларга ем бўлди.
Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин Гулноз Нуриддинова яна Наманганга кўчиб келди. Қайғу билан қувонч ёнма-ён юради деганларидек, орадан кўп ўтмай иккинчи ўғли Миркомил туғилди. Миркомил унинг зулмат қоплаган қалбига ёруғлик олиб кирди. Энди Гулноз бор эътиборини фарзандлари ва бошланғич синфларда таълим олаётган шогирдлари тарбиясига қаратди. Икки ўғли ва мактабдаги ўқувчилари орасидан ўнлаб, юзлаб Ватан ҳимоячиларини тарбиялашга аҳд қилди. Бунинг учун болаларига кечалари отасининг қаҳрамонлигини айтиб берди. Кундузлари эса, дарсдан ташқари бўш вақтларида ўзи ўқитаётган синф ўқувчиларига ана шу ҳаётий воқеани такрор-такрор ҳикоя қилди. Фарзанди Миркомил Камолиддинов ва Исломжон Ибрагимов ана шу ҳикоялар натижасида ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб ўлғайди. 2023 йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясини тугатган Миркомил ҳозирда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бош инспектор лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олган Исломжон Ибрагимов Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси, катта лейтенант унвонида Жиззахда ўз бурчини ўтаб келяпти.
Орадан салкам 25 йил ўтди. Юртимизда минглаб оилаларда ўғил фарзанд дунёга келди. Кўпчилик яхши ниятлар билан фарзандларини Сариосиё ва Узун воқеалари қаҳрамонларининг исми билан атади. Ҳозирда улар 24-25 ёшли навқирон йигитлар бўлиб улғайишган. Исмининг тарихини сўраганларга муносиб жавоб бера олишади ҳам. Чунки улар вояга етган кўчалар ўша қаҳрамонлар номи билан аталишини билишади. Таълим олган мактабларида эса Ватан учун кўксини қалқон қилган навқирон йигитларнинг хотира бурчаги, бюсти борлигини фахр билан тилга олишади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси курсантлари эса, ётоқхонадаги хоналардан бири ана шундай қаҳрамонга тегишли эканлигидан ғурурланиши табиий. Чунки Камолиддин Тошпўлатовнинг хизматдоши Толибжон Ражабов дўстининг хотирасига ҳурматини ана шу тарзда намоён этган.
Яқинда Камолиддин Тошпўлатов номи билан боғлиқ хотира бурчаги яна биттага кўпайди. Чуст шаҳридаги ҳарбий қисмда Наманган гарнизони ҳарбий хизматчилари «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» номли хотира бурчагини очишди. Хотира бурчагида 7-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати 11-синф ўқувчилари ва фахрийлар томонидан манзарали дарахт кўчатлари экилди. Мактаб ўқувчилари ҳарбий қисмда барпо этилиб, қаҳрамонлар номи ўрнатилган хотира хиёбони билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
“Ватанпарвар” мухбири
ЎзА
- Қўшилди: 24.02.2025
- Кўришлар: 805
- Чоп этиш