Халқаро форум арафасида: БРМга эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик

18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик" форумига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бўлажак Форум ҳақидаги айрим тафсилотлар маълум қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова иштирок этди.

А.Саидов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг қатъий тарафдоридир. Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тасдиқланган ва 2017-2021 йиллар доирасида амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясини БМТ томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган миллий дастур, дея баҳолаш ўринли. Чунки Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши билан БРМнинг 16 та мақсади тўла мос тушади.

2018 йилда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги ана шу мақсадлар ижроси билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқланган. Бу Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинган. Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган.

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ҳам ташкил этилган бўлиб, уларнинг фаолиятида парламент аъзолари иштирок этмоқда. Парламент палаталарининг қўллаб-қувватлаши туфайли Ёшлар парламенти ўз фаолиятини йўлга қўйди.

2020 йили Ўзбекистон Республикининг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларининг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Парламент комиссиясининг фаолияти Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларнинг бажарилишини ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада доимий назорат қилишдан иборат.

2020 йил 22 июнда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Ҳозирги вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш мақсадида тузилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссияси изчил иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон 2020 йил июль ойида Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича Ихтиёрий миллий шарҳини тақдим этган 49 та давлат сафидан жой олди.

Бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар доимгидан ҳам долзарброқ. Нега деганда, дунё тарихий кўламларга эга бўлган, яъни кейинги 50 йил давомида кузатилмаган энг йирик таҳдид ва инқирозни бошидан кечирмоқда.

Маълумки, миллий парламентлар ўз мамлакатининг ривожланиш жараёнларида катта роль ўйнайди. Парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим воситасидир.

Парламент демократик бошқарувнинг юраги сифатида ҳамиша фуқароларнинг, сайловчиларнинг, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида мустаҳкам туриши шарт. Шу маънода, жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форум ташкил этилаётгани бежиз эмас.

Матбуот анжуманида Форум Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги таркибий тузилмалари билан ҳамкорликда ташкил этилаётгани қайд этилди. Энг муҳими, халқаро анжуманда давлат ташкилотлари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва халқаро ҳамкорларимиз фаол иштирок этиши кутилмоқда.

Форумда парламент аъзолари, нуфузли халқаро ва парламентлараро ташкилотлар, ёшлар парламентлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этади. Европа парламенти, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Корея Республикаси, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон ва халқаро ташкилотлардан 30 нафар спикер ҳам қатнашади. Хусусан, мамлакатимизга биринчи марта ташриф буюрадиган Парламентлараро иттифоқ Бош котиби ушбу форумда иштирок этиш истагини билдирди.

Бухоро форуми дунё парламентларига Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишни фаоллаштириш учун ажойиб имконият экани алоҳида таъкидланди.

Халқаро форумнинг асосий тематик йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • “Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли”;
  • “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш”;
  • “Барқарор ривожланиш мақсадларининг статистик кўрсаткичларини шакллантириш”;
  • “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки”;
  • “Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишида парламент назорати, мониторинг ва баҳолашнинг аҳамияти”;
  • “Барқарор ривожланиш йўлида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш”.

Форум якунлари бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик тўғрисидаги Бухоро декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда. Яъни, форумда иштирок этадиган парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муайян мажбуриятларни ўз зиммаларига олади.

Маълумот учун: БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби янги дунё ҳақидаги дадил тасаввурдир. Унда ижтимоий ва сиёсий адолатга содиқ қолиш, ижтимоий ва сиёсий ҳисобдорликнинг янгича шаклларини қўллаб-қувватлаш сари имкон қадар кўпроқ интилишлар ўз мужассамини топган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech