ХАЛҚАРО ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ КУНИ: ТАРИХИ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

 “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг илк моддаси айнан шу сўзлар билан бошланади. Ушбу универсал ҳужжат 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилинган. 1950 йилдан бошлаб декларация қабул қилинган санани Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш БМТ томонидан жорий этилган.

Шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган мазкур халқаро ҳужжатда ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлик, мулкка эгалик қилиш, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила қуриш, меҳнат қилиш ва ҳордиқ чиқариш, таълим олиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳраманд бўлиш каби энг муҳим ҳуқуқлари кафолатланган.

Жумладан, декларациянинг 3-моддасида: “Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир”, дея қайд этилган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсониятнинг кўп асрлик тарихий тажрибаси маҳсулидир.

Кўпчилик мутахассислар форс подшоси Кир II томонидан милоддан аввалги 539 йилда Бобил устидан қозонилган ғалабадан кейин цилиндрга ёздирилган ҳужжатни инсоният тарихидаги инсон ҳуқуқларига алоқадор илк ҳужжат сифатида тилга олади. Бу ноёб ҳужжат 1879 йилда Бобилдаги археологик қазишма ишлари вақтида топилган. 1971 йилда БМТ уни барча расмий тилларига таржима қилган. Ҳужжат фанда “Кир II цилиндри” номи билан аталади. Қадимги аккад тилида ёзилган топилма бугунги кунда Лондондаги Британия музейида сақланади.

Ислом оламида ҳам инсон ҳуқуқларига катта эътибор берилган. Бунда Қуръони Карим оятлари ва ҳадисларга таянилган. Жумладан, қулчилик авж олган замонларда исломда илк бор қулларни озод қилишга тарғиб Қуръон оятларида акс этган. Шунингдек, инсоннинг энг асосий ҳуқуқи бўлмиш яшаш ҳуқуқи ҳам Қуръон орқали таъминланган.

Инсоннинг яна бир муҳим ҳуқуқларидан бири – илм олишдир. Исломда бу ҳуқуқ нафақат таъминланган, балки вазифа қилиб юклатилган.

Ҳозирги кунда ғарбда шаклланган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги тушунчаларнинг концептуал базаси 1689 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқлар декларацияси” ҳисобланади.

1776 йил 12 июнда АҚШнинг Виржиния штатида “Инсон ҳуқуқлари декларацияси” номли ҳужжат қабул қилинган. Ундан 1776 йилги АҚШ Мустақиллик декларациясининг инсон ҳуқуқлари қисмида кенг фойдаланилган. Кейинчалик Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ишлаб чиқишда ҳам ушбу ҳужжатга мурожаат қилинган.

Дунё миқёсида инсонпарвар бошқарув тартиби ўрнатилишида муҳим аҳамият касб этган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 73 йиллиги жорий йилнинг 10 декабрида нишонланади. Айни шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллиги ҳам тантана қилинади. Шу муносабат билан 2021 йилнинг 10 ноябридан 10 декабрига қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ “Инсон ҳуқуқлари ойлиги”ни эълон қилди.

“Инсон ҳуқуқлари ойлиги”нинг якунида – 10 декабрда халқаро конференция, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини ўз эгаларига топшириш маросими, инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича ташкил этилган интеллектуал ва ижодий танловлар ғолибларини тақдирлаш тадбири кабилар ўтказилиши кутилмоқда.

 

Лазизбек ХОЛИҚУЛОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг

Маркетинг, реклама ва тарғибот бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech