2021 йил 10-11 декабрь кунлари Тошкентда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу нуфузли анжуманда кўплаб миллий, хорижий ва халқаро экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Марказнинг расмий сайтида янги очилган “Халқаро конференция: экспертлар фикри” рукнида ана шу маърузалар матни мақола шаклида эълон қилиб борилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим – тизимли ва узлуксиз маърифий жараён
Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ҳам ўз ичига олади. Бу таълим айни соҳадаги ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари ҳамда воситаларини ўзида қамрайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия – инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдаги инсонларга тегишли бўлган изчил ва тизимли маърифий жараёндир. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласи тараққиёт дастуримизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича узлуксиз тизим яратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Жаҳон таълим дастурида фаол иштирок этмоқда. Инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2019 йил 15 июлда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар дастури ва унинг ижроси юзасидан «Йўл харитаси» қабул қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан:
- Тошкент давлат юридик университетининг мустақил фаолият олиб боришини таъминлаш;
- Фанлар Академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, шунингдек Наманган, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саян тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш кўлами тобора кенгайтириб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги қарори билан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди. Низомга асосан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги бўйича ўқув машғулоти электрон платформа орқали мустақил ўзлаштириб борилиб, ҳар уч йилда бир марта уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси баҳоланади.
Бош прокуратура Академиясида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши очилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитиш ва тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида раҳбар кадрлар факультети тингловчилари учун «Ички ишлар органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш фаолияти» фани, сиртқи ўқитиш факультетларида «Инсон ҳуқуқлари умумий назарияси» фани бўйича дарслар жорий қилинди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Инсон ҳуқуқлари» кафедраси қайта ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси қарори билан “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар рўйхати”га 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, социология фанлари)” ихтисослиги киритилди. Фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгаш фаолиятини бошлади.
Ушбу йўналишда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида олий таълимдан кейинги таълим институти очилди.
Мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун матнининг расмий нашрлари Брайл алифбосида чоп этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг 2020 йилдаги фаолияти ҳисоботида Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари ижобий баҳоланган. Ҳисоботда пандемия шароитига қарамай, мамлакатимизда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотлари 800 нафардан ортиқ ходимининг малака ва салоҳиятини ошириш ишлари изчил давом эттирилгани алоҳида қайд этилган.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида 2020 йил ноябрь – 2021 йил январь ойларида 40 та вебинар ташкил этилди.
Бу йўналишда жами 400 нафардан ортиқ раҳбар ходим ўқитилди. Мазкур вебинарларга 9 нафар халқаро тоифадаги мутахассис жалб қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Бу вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Шу асосда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт
ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари модули ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ўқув курслари 3 босқичда ташкил этилиб, 2020 йил 17 ноябрдан – 17 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган 1 минг 200 нафар ходим ўқитилди.
Мазкур ўқув курсларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси экспертлари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда жорий йилнинг ноябрь ойида жазони ижро этиш муассасалари, суд-тиббий экспертиза ходимларидан 125 нафари ўқитилди.
Ушбу мутахассислар учун ташкил этилган таълим жараёнида “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари”, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Маҳкум аёлларга нисбатан муносабат ва ҳуқуқбузар аёлларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари ҳақидаги қоидалар (Бангкок қоидалари)”, “Қийноқлар бўйича тиббий-ҳуқуқий хужжатлар – Истанбул баённомаси” мавзуларида туркум семинар-тренинглар ташкил этилди.
2021 йил 10-11 декабрь кунлари Тошкентда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида ташкил этилган халқаро конференция доирасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштироки ҳамда фидокорона меҳнати учун бир қатор профессор-ўқитувчиларга ташаккурномалар тақдим этдик.
Миллий марказ томонидан турли йўналиш ва босқичлардаги таълим муассасалари учун «Инсон ҳуқуқлари» фани бўйича ўқув дастурлари тайёрланган. 2020 йилда илк бор ташкил этилган «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзусидаги танловда 12 номинация бўйича қатнашган 80 нафар иштирокчи орасидан ғолиблар тақдирланди.
Ўз навбатида, 2021 йилда ҳам “КОВИД-19 пандемиясида инсон ҳуқуқлари таълими” мавзусидаги танлов 10 ноябрь куни эълон қилинган бўлиб, бир ой давом этди. Танловнинг 4 та номинацияси бўйича жами 60 та ҳужжат келиб тушди.
Жорий йилдаги танлов ғолиблари “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида ташкил этилган халқаро конференция доирасида тақдирланди. Танлов ҳомийлари орасида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси бор.
Мавжуд амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим соҳасида давлатлар томонидан тўпланган ижобий тажрибани таҳлил қилиш ва умумлаштириш, пандемия ва унинг оқибатлари натижасида келиб чиққан муаммоларни, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш ва бу борада янги ёндашувларни, янги услуб ва амалиётни ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Шу сабабли Миллий марказ ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференция доирасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси тақдим этилгани ҳамда Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокама қилингани айни муддаодир. Бу борада миллий, хорижий ва халқаро экспертлар билдирган амалий таклифлар, қимматли фикр-мулоҳазалар ушбу лойиҳалар матнини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 13.12.2021
- Кўришлар: 3237
- Чоп этиш