Таниқли ҳуқуқшунос олим Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” [1] номли китоби «Тасвир нашриёт уйи» ва “KolorPak” нашриётида ўзбек, рус ва инглиз тилларида кўп минг нусхада чоп этилгани 2021 йили мамлакатимиз маънавий ҳаётида юз берган муҳим воқеалардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 9 май куни Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомини тилга олиш ўринлидир. Бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилган” [2].
Ушбу салмоқли китоб 6 фаслдан иборат бўлиб, унда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага Ўзбекистон ва жафокаш халқимиз қўшган беқиёс ҳисса, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг жангларда жасорат кўрсатган фахрийлар ва фронт ортида матонат билан меҳнат қилган кекса нуронийларимизга улкан ғамхўрлиги ва алоҳида эътибори ҳақида батафсил сўз юритилган.
Аввало шуни айтиш керакки, биз муносабат билдираётган тарихий асарда Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори Турсунбой Файзуллаев ҳам асосли таъкидлаганидек, “Юртимизда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ташкил қилиш ғоясининг нафақат ташаббускори, балки ушбу мажмуанинг мазмун-моҳияти, халқимиз ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бугунги дориломон ва осойишта кунларнинг қадрига етиш руҳида тарбияловчи масканга айлантиришда муҳтарам Президентимиз раҳнамо экани адолатли тарзда кўрсатиб берилган” [3].
Ҳақиқатан ҳам, “Ғалаба боғи” концепциясининг бош ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: «Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўп миллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак», деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган.
Китоб муаллифи таъбири билан айтганда, “Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ушбу бетакрор мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида Ўзбекистон халқининг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган чинакам жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади мужассам” [4].
Муаллифнинг янги барпо этилган «Ғалаба боғи» мажмуасига доир фалсафий-ахлоқий ёндашувлари босқичма-босқич ўса бориб, Иккинчи жаҳон урушининг вайронкор кўлами, инсониятнинг унутилмас фожиаси, тинчлик ва мусаффо осмоннинг қадрига етиш каби умумбашарий ва глобал таҳлил силсиласига кўчади.
Китобда келтирилган рақамлар ва фактлар, албатта, жуда муҳим ва янги экани билан аҳамиятлидир. Унда юртимиздан 1 миллион 951 минг киши урушда қатнашгани, 538 минг нафари ҳалок бўлгани, 158 минг киши бедарак йўқолгани ҳақидаги янги аниқланган маълумотлар бу қонли урушда Ўзбекистоннинг иштироки нечоғлиқ кўламдор бўлганини ҳақли равишда тасдиқлайди.
Муаллиф ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи янги маълумотларнинг моҳияти ва аҳамиятини янада чуқур англаш учун уларни имкон қадар батафсил таҳлил ва талқин қилишга ҳаракат қилгани диққатни тортади. Шу мақсадда мавжуд далиллар, шартли равишда, 3 та гуруҳга таснифланиб ўрганилгани жуда муҳим.
Академик Акмал Саидов янги ва эски далилларни қиёсан таснифлаган. Қуйида учта гуруҳнинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталамиз.
Биринчи гуруҳ – 2019 йил 9 майгача фойдаланиб келинган далиллардан фарқ қиладиган янги маълумот ва фактлар. Ушбу гуруҳга кирувчи далилларни таҳлил қилиш учун, дастлаб, бевосита инсон омили билан боғлиқ рақамлар жадвал маълумотлари асосида қиёсланган.
Жадвалдаги қиёсий таҳлил натижасида аниқланган маълумотлардан кўринадики, биринчидан, Ўзбекистондан урушда иштирок этганларнинг сони шу пайтгача биз ўрганиб қолган ва доимий такрорлаб келадиган маълумотлардагидан 517 минг 430 нафар кўп.
Иккинчидан, жанггоҳларда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг сони аввалги рақамлардан 142 минг 641 нафарга кўпайган бўлса, аксинча, бедарак йўқолганлар сони 105 минг 19 нафарга камайгани аниқланган. Бу ижобий ҳол бўлиб, урушдан кейинги даврда юз мингдан зиёд юртдошимизнинг дараги топилганидан, уларнинг муқаддас номлари қайта тикланганидан далолат беради.
Учинчидан, республикада жамланиб, тўлиқ жиҳозланган миллий бўлинма ва бригадалар сони эса, янги маълумотларда 35 тага ортган. Бу бежиз эмас. Чунки, дастлаб, Ўзбекистонда: 389, 12, 162 ва 69-ўқчи дивизиялар, 21 ва 44-кавалерия дивизиялари, 128-гвардиячи Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси ва бошқа ҳарбий қисмлар тузилган.
Тўртинчидан, Ўзбекистонга эвакуация қилинган одамлар сони – эски рақамларга нисбатан 500 минг нафарга, кўчириб келинган болалар сони эса 50 минг нафарга кўп экани аниқланган. Дарвоқе, уруш даврида юртимизга эвакуация қилинган саноат корхоналари сони ҳам 47 тага ортган.
Бешинчидан, 1943-1945 йилларда юртимизга депортация қилинганлар сони шу пайтгача билганимиздан 397 925 нафар кўп экан.
Ўз навбатида, муаллиф фақат инсон омилига оид рақамлар билан чекланиб қолмасдан, балки уруш йилларида Ўзбекистон саноати томонидан фронтга етказиб берилган ҳарбий товарлар сонини китобдаги 2-жадвал маълумотлари асосида қиёслаган. Бунда: шу пайтга қадар – Ўзбекистон фронтга етказиб берган самолётлар сони 303 тага, миналар – 800 мингтага, парашютлар – 90 мингтага камайтириб кўрсатилгани аён бўлган.
Қолаверса, фронт учун юртимиздан юборилган кабеллар ўлчами борасида янги аниқланган қўшимча миқдорнинг ўзи ҳам (120 минг км.) аввалги кўрсаткичдан (100 минг км.) 20 минг километрга кўп экан. Аслида, бу кўрсаткичлар халқимизнинг фронт ортидаги заҳматли меҳнатлари юзага чиққанидан далолат.
Ўзбекистондан фронтга етказилган авиабомбалар сони эса, илгари 2 миллион донадан ортиқ деб ҳисобланган. Янги маълумот бўйича бу кўрсаткич – 718 798 та, яъни эски миқдордагидан 1 миллион 281 минг 502 та кам деб кўрсатилган.
Бунинг сабаби, академик Акмал Саидовнинг фикрича, биринчидан, шу вақтга қадар авиабомба билан унинг анжом-аслаҳалари аралаш ҳолда қўшиб ҳисоблангани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, авиабомбаларни ишлаб чиқариш учун кетадиган маблағлар халқимиз томонидан тилла буюмлару зеб-зийнатлар ҳисобига йиғилганига бориб тақалади. Чунки, янги маълумотларга мувофиқ, фронтга юқорида қайд этилган миқдордаги авиабомбалардан ташқари, мина, снаряд ва авиабомбаларнинг 5 миллион 100 минг дона анжом-аслаҳалари етказиб берилган. Бу рақамлар айни вақтга қадар маълум эмас эди [5].
Иккинчи гуруҳ – 2020 йил 9 майгача маълум бўлмаган янги далиллар. Бу ўринда ҳам Акмал Саидов, энг аввало, инсон омилига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган янги ва эски далилларни китобга киритилган 3-жадвалдаги маълумотлар орқали қиёслаган.
Жадвалдаги энг аҳамиятли рақамлар ҳақида фикр юритганда, биринчидан, шу вақтгача душманга асир тушган ўзбекистонлик аскарлар 150 минг нафардан иборат бўлгани ва уларнинг 50 минг нафари концентрацион лагерлардан омон чиқмаганига алоҳида эътибор қаратиш лозим, дейди муаллиф.
Иккинчидан, Ўзбекистондаги госпиталларга фронтдан 485 минг нафар ярадор ва беморлар келиб тушган. Табиийки, уларни даволаш ва парваришлаш шифокорларимизнинг зиммасида бўлгани ҳолда, боқиш ва оёққа турғазиш вазифаси жафокаш халқимизнинг елкасига тушган.
Ўз навбатида, касаллиги ва олган жароҳати туфайли 47 минг 46 нафар ногирон ишга яроқсиз деб госпиталлардан чиқарилганига доир аниқ ва қимматли маълумотларга илк бора эга бўлдик. Бу уруш ногиронларининг яшаши ва даволаниши қандай кечгани ҳақидаги маълумотларни ҳам атрофлича ўрганишни тақозо этади.
Учинчидан, Ўзбекистонга қарийб ярим миллион нафар ярадор фронтдан келтирилган ўша йилларда донорлар томонидан қон топширилишига нисбатан эҳтиёжнинг кучли бўлгани турган гап.
Шу жиҳатдан, юртимизда 18 минг 482 нафар донор мавжуд бўлгани, улар томонидан топширилган қон сиғими эса 13 минг литрдан ортиқни ташкил этгани ҳақидаги янги маълумотлар ҳам ғоят аҳамиятлидир [5].
Ўз навбатида, муаллиф жанговар таълим ва ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасига тааллуқли маълумотларни қиёслаш учун китобхоннинг эътиборини 4-жадвалга қаратади. Мазкур жадвалдаги янги рақамлардан қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
Биринчидан, уруш йилларида Ўзбекистонга нафақат завод ва фабрикалар, балки 34 та олий ўқув юрти ҳам кўчириб келтирилган. Жумладан, 9 та ҳарбий академия, 2 та ҳарбий олий ўқув юрти, 1 та ҳарбий факультет, 10 та ҳарбий билим юрти, 3 тадан ҳарбий-мусиқа тарбияланувчилари мактаби, ҳарбий илмий тадқиқот институти ва муассасалари, шунингдек, Кременчук ўқчи-бомбардимончилар мактаби ҳамда Рязань олий авиация штурманлари мактаби ҳам шулар қаторига киради.
Иккинчидан, урушда қатнашган ўзбекистонлик ҳарбий кадрлар орасида 10 дан ортиқ ҳарбий мутахассислик бўйича таълим олган жангчи ва офицерлар бўлган. Хусусан, юртимизнинг ҳарбий кадрлар тайёрлаш курсларида таҳсил олган 27 мингдан ортиқ пулемётчи, 3 минг 340 нафар мерган, 12 минг 900 нафар миномётчи, 22 мингдан ортиқ ўқчи, 3 минг 78 нафар тиббиёт ҳамшираси, 224 мингдан зиёд «Ворошиловчи мерган»лар, 455 нафар отлиқ жангчи, 3 минг 78 нафар ҳайдовчи ва мотоциклчи, 10 минг 500 нафар велосипед ҳайдовчиси ҳамда 5 мингдан ортиқ телеграфчи орзиқиб кутилган ғалабани яқинлаштиришга муносиб улуш қўшган.
Уруш йилларида Ўзбекистон саноати томонидан фронтга етказиб берилган ҳарбий товарларнинг қайсилари ҳақида шу вақтга қадар аниқ маълумотга эга эмасдик? Бу саволга жавоб топиш учун академик Акмал Саидов 5-жадвал билан танишиб чиқишни тавсия этади.
Учинчи гуруҳ – қайта ўрганишлар асосида ўз тасдиғини топган рақамлар. Муаллиф мазкур гуруҳнинг ўзига хос жиҳатларидан бири – унга мансуб маълумотларнинг жуда кам эканига эътиборни қаратар экан, ўз навбатида, бу ҳолат уруш ҳақида шу вақтгача билган далилларимизнинг аксарияти, эндиликда, эскирганидан далолат беришини қайд этган Бу гуруҳдаги маълумотлар 6-жадвалда келтирилган ва улар тегишлича қиёсий таҳлил қилинган.
Биринчидан, Шомаҳмудовлар оиласининг уруш даврида эвакуация қилинган 14 нафар болани ўз қучоғига олганига оид рақам ўз тасдиғини топган. Бу ҳақда фикр юритар экан, муаллиф ушбу юртдошларимизнинг саховати ва бағрикенглиги узоқ йиллар давомида кенг тарғиб қилингани ҳолда, худди шундай ўзбекона фазилатни намоён этган бошқа оилалар ҳақида ҳеч нарса дейилмаганини танқид қилади.
Афсуски, кейинчалик, ҳатто, Шомаҳмудовлар оиласи инсонийлигининг ҳам унутилишига оз қолган эди. Ҳолбуки, халқимизга хос ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилганди. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шомаҳмудовларга ўрнатилган ҳайкалнинг ўз ўрнига қайтарилгани тарихий адолатни тиклаш йўлида муҳим қадам бўлганини А.Саидов алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.
Иккинчидан, юртимиздан фронтга етказиб берилган зирҳли поездлар сони (5 та) ўзгаришсиз қолган бўлса-да, янги маълумотларда ушбу натижани янада бойитадиган муҳим рақамлар аниқланди, дейди муаллиф. Бу ўринда Ўзбекистон фронтга, шунингдек, 100 та ҳарбий-санитария поезди ва қайта таъмирланган 12 та паровоз ҳам етказиб бергани ҳақида сўз бормоқда.
Муаллифнинг қайд этишича, эндиликда, эскирган далил ва рақамлардаги ноаниқликларнинг кўпчилиги Ўзбекистон фронтга жўнатган маҳсулотлар тури ва миқдори билан боғлиқ. Мисол учун, 2019 йил 9 майгача бўлган рақамларда фронтга етказилган дон 300 тонна деб кўрсатилган бўлса, 2020 йил 9 майгача аниқланган рақамларга кўра, ушбу кўрсаткич салкам 17 минг баробар кўп – 5 миллион 97 минг тоннани ташкил этгани маълум бўлди, деб ёзади А.Саидов.
Шунингдек, 2019 йил 9 майгача бўлган рақамларда фронтга 2 мингта трактор ва автомобиллар, 8 минг 300 бош қорамол, 170 минг бош қўй ва эчкилар етказилгани қайд этилганига эътибор қаратилган.
Аммо 2020 йил 9 майгача аниқланган маълумотлар, муаллифнинг фикрича, ушбу рақамларнинг ҳали охиригача ўрганилмаганини кўрсатмоқда.
Китобда таъкидланганидек, 2020 йил 9 майгача аниқланган рақамлар Ўзбекистон аҳолиси ўша даврда давлатга деярли 40 номдаги маҳсулотларни жуда кўплаб миқдорда етказиб берганини тасдиқлайди. Булар орасида пахта ва пахта толаси, ипак матолари, ун, нон ва нон маҳсулотлари, ёрма, шакар, чой, туз, ўсимлик ёғи, гўшт, колбаса ва сут маҳсулотлари, консервалар, пишлоқ, тухум, полиз экинлари ва сабзавотлар, картошка ва қанд лавлаги, гугурт ва совун, бош кийим ва пахталик фуфайкалар, ички ва устки кийимлар, чарм пойабзал ва калишлар, пийма ва этиклар бор.
Ана шу маҳсулотлар қаторида 5 миллион 84 минг бош йирик шохли мол, 23 миллион 100 минг бош қўй ва эчкилар, 285 минг 600 та чўчқа, 1 миллион 57 мингта от, 1 миллион 34 мингта эшак ва 183 мингта туя давлатга етказиб берилгани қайд этилган. Шу нуқтаи назардан, Акмал Саидов эътибор қаратганидек, давлат мазкур ўта зарур маҳсулотларнинг аксарият қисмини фронтга юборган бўлиши табиий ҳолдир.
Ўзбекистон фронтга жўнатган маҳсулотлар ҳақида янада яққол тасаввур ҳосил қилиш учун муаллиф китобхон эътиборига 7-жадвални ҳавола этади. Бу жадвалга кўра: Ўзбекистон фронтга 7 миллион 518 минг 800 тадан ортиқ гимнастёрка, 2 миллион 636 минг 700 та пахтали нимча, 2 миллион 861 минг 500 та этик ва бошқа пойабзаллар, шунингдек, 500 мингта хуржун юборган.
Афсуски, эл-юртимиз ҳисобидан, асосан, аёллар ва болалар меҳнати эвазига яратилган бу моддий бойликлар ҳақида 2020 йилнинг 9 майига қадар ҳеч ким ҳеч нарса билмаган. Аслида ҳам, А.Саидовнинг китобида келтирилган рақамларнинг аксариятини биз шу вақтга қадар билмаганмиз, айримларининг эса ҳақиқий ҳолатидан камроқ миқдорини қўллаб келган эканмиз. Шу маънода, кўрсаткичлар ўртасидаги фарқлар китобда жадвал кўринишида акс эттирилгани жуда маъқул ва тушуниш учун осон бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур китоб сўнгги йилларда айрим мамлакатларда чоп этилаётган кўплаб ҳарбий мавзудаги бадиий ва ҳужжатли асарларда, фильмлар ва мақолаларда, бошқа оммабоп материалларда фашистлар устидан қозонилган Буюк ғалабага, асосан, битта буюк давлатнинг ҳиссаси ва ҳал қилувчи ўрин тутгани ҳақидаги тор геосиёсий манфаатлардан келиб чиқиб билдирилаётган иддаоларга ҳам муносиб жавобдир.
Истиқлол йилларида, баъзи сабабларга кўра, тарихий хотира ва маънавият соҳасидаги айрим ҳаракатлар, номлари кўп йиллар қаҳрамонлик тимсоли бўлган шахсларнинг кутилмаганда тилга олинмай қўйилгани каби хатолар натижасида аҳолининг ҳақли эътирозларига сўнгги йилларда адолатли ечимлар топилгани муаллиф томонидан асосли тарзда батафсил баён этилган.
Хусусан, бағрикенг ва олижаноб Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг оиласига қўйилган ҳайкалнинг аввалги жойига қайтарилиши, турли тамғалар ёпиштирилган генерал Собир Раҳимов номининг тикланиши ва бошқа кўплаб ибратли фактлар, том маънода, тарихий адолатнинг рўй-рост бўй ростлаганига ёрқин мисоллардир.
Акмал Саидов дунёда меъморий ечими бўйича тенги ва муқобили йўқ бўлган кўркам «Ғалаба боғи» ғояси ва фалсафаси, рамзлар ифодаси ва мазмунини атрофлича очиб берар экан, «Шон-шараф» музейидан тортиб, бу ердаги ҳар бир ёдгорлик ва қурилган иншоотларнинг расмларигача юқори сифатда, замонавий дизайнерлик услубида берилиши мавзунинг тугал-чуқур очилиши ва асарнинг янада қизиқарли бўлишига хизмат қилган, деб ёзади.
Эътиборли томони, китобда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Европадаги реал вазият ва ғалабага эришишда ўзбек миллатининг иштироки ҳақида янгидан-янги тарихий далиллар ва мутлақо янгича қарашлар ўз аксини топган.
Ўзбекистон заминига келтирилган юз минглаб етим болалар, бева қолган аёллар, олиму зиёлиларга ватандошларимиз хонадонлари, халқимизнинг дил тафти иссиқ қўналға, ишончли бошпана бўлди. Урушнинг 800 кунини Тошкентда ўтказган бетакрор ижодкор Анна Ахматова олижаноб инсонларимизга чуқур ҳурмат ила шундай ёзади:
...Ёш ва дилбар қора сочли оналар,
Ширин кулчалар тутган болалар,
Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!
Саккиз юз куним – мўъжизавий сас,
Шу мовийранг чексиз осмон остида,
Шу ложувард тубсиз уммон остида
Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,
Эй, оташин боғ...[6]
Китобда собиқ Иттифоқ таркибидаги: Украина, Беларусь, Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари, Европанинг Финляндия, Польша, Чехословакия, Австрия, Венгрия, Болгария, Руминия, Югославия, Германия, Франция, Италия каби мамлакатларидаги озодлик ҳаракатларида фашистларга қарши мардонавор курашган ота-боболаримизнинг беқиёс жасорати, ёвқурлиги, ҳар қандай мураккаб вазиятларга қарамасдан Ватанига садоқати тараннум этилади.
Шунингдек, ўзбекистонликларнинг Шарқий ва Марказий Европани озод этишдаги қаҳрамонлиги ҳақида улкан ижобий таассуротлар берилиб, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик туйғулари жўш урдирилади. Бу қаҳрамон аждодларимизга нисбатан қалбларимизда чуқур ҳурмат-эҳтиром уйғотади.
Кўпчилик юртдошларимиз шу вақтга қадар ўзбекистонлик генераллар Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейин ҳам атиги бир-икки нафар бўлса керак, деб ўйлаб юргани тайин. Чунки бу ҳақдаги аниқ маълумотлар ҳар доим ҳам учрайвермайди.
Шу жиҳатдан, китобда юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб генераллар ҳақида тўлиқ ва қизиқарли маълумотлар берилгани ўқувчини ҳайратга солади.
Акмал Саидовнинг урушнинг энг олдинги чизиқларида ва фронт ортидаги залворли ҳаётда, ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим, диний ва маданий, қурилиш-бунёдкорлик соҳаларида хотин-қизларимизнинг, ўсмир болалар ва кексаларимизнинг иштирокини уларнинг машаққат-изтироблари, беминнат меҳнати призмасидан ўтказиб ёритиши, албатта, ўзига хос янгиликдир.
Асарнинг беш фарзандини урушга йўллаб, барчасидан ажралиб қолган Зулфия Зокировага бағишланган қисми, айниқса, таъсирли чиққан. Афсонавий норасмий разведкачи Баҳром Иброҳимов ҳақидаги қизиқарли далиллар, юртдошимизнинг мураккаб ҳаёт йўли ва метин иродаси, унинг аниқ саъй-ҳаракатлари туфайли Гитлернинг “Учинчи фронт”ни очиш режаси чиппакка чиққани ҳақидаги тарихий далиллар эса, асарнинг аҳамиятини янада оширган.
Бундан ташқари, китобда япон милитаристларига қарши Узоқ Шарқ ва Хитой ҳудудларида олиб борилган ҳарбий амалиётларда ўзбекистонлик аскарларнинг шонли ғалабаси аниқ фактлар билан очиб берилган.
Хотира бўлмаса миллат ҳам, давлат ҳам бўлмайди. Зеро, ҳар бир давлат ўзининг кучли миллий ғояси, унутилмас тарихи, шонли ўтмиши ва тинчликка ҳисса қўшаётган шахслари билан барқарорлик ва тараққиёт сари дадил одимлайди.
Асарда ёвуз ғоя – фашизм балоси кескин танқид қилинади, аччиқ тарихий сабоқлар чиқарилади, миллатлар бирдамлиги, халқлар ҳамжиҳатлиги ва аҳиллиги бебаҳо неъмат, дея улуғланади.
Муаллиф ўз мулоҳазалари орқали сўнгги йилларда Европанинг у ер бу ерида қайта бош кўтараётган, «тарихий ҳақиқатни қайтадан тафтиш қилиш» ёрлиғида чинни ёлғон деб аташ сиёсий тус олаётган шароитда ўсиб келаётган ёш авлодни огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмасликка чорлайди.
Муаллиф асарни икки йил давомида қоралар экан, уруш даҳшати ичида яшаган, мотам ва андуҳдан пешонасини ажин босган, дахлдорлик ҳиссини ҳар кун ўз вужудидан ўтказган, ватанпарварлик билан умргузаронлик қилаётган, юртнинг шон-шавкати учун қўрқмай, кўксини ўққа тутган юзлаб шахслар ҳақида ибратли ва равон тилда ёзилган мақолаларга ўрин ажратган.
Китоб ноширлик жиҳатидан ниҳоятда замонавий ва ўзига хос услубда тайёрланган бўлиб, ҳар саҳифа четида алоҳида рукн шаклида Президентимизнинг ибратли фикрлари ва иқтибослари, мавзуга оид турфа шоирларимизнинг таъсирчан шеърларининг берилиши, рангли суратлар, хариталар, жадваллар, архив материаллари бериб борилгани ўқувчини асло зериктирмайди. Муаллиф ҳар бир фактни пухта ўрганар экан, юзлаб манбаларга мурожаат қилади.
Қолаверса, ҳар бир тарихий шахс ҳақида гап кетганда, ҳавола шаклида унинг таржимаи ҳолининг алоҳида берилиши ҳам маълумотдорликни оширишга хизмат қилади.
Китобни барча юртдошларимиз, тарих фанидан дарс берадиган ўқитувчилар, олимлар, ўқувчи ва талабалар учун ниҳоятда қимматли қўлланма, ноёб билимлар хазинаси бўлган, дейиш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, “Ғалаба боғи фалсафаси” асари уруш қаҳрамонларимиз хотирасига қўйилган муҳташам маънавий ёдгорлик, мукаммал фундаментал ва қомусий нашрдир.
Манба ва адабиётлар
- Саидов А. Ғалаба боғи фалсафаси: публицистика. – Т.: “Тасвир”, 2021. – 348 б. – 29 б.; – 38-39-б.; – 252-б.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи //https://president.uz/uz/lists/view/4335
- Файзуллаев Т. Эзгуликка йўғрилган китоб // “Куч – адолатда” газетаси, 2021 йил 28 май.
Халқимиз жасорати ва матонатига бағишланган қомусий нашрнинг ижтимоий-маънавий аҳамиятига доир
Лазиз Раҳматов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил изланувчиси
Аннотация: мақолада муаллиф Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли қомусий китоби чуқур таҳлил қилинган. Асарнинг мазмун-моҳияти, маънавий ҳаётдаги беқиёс аҳамияти, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ватандошларимизнинг қаҳрамонликлари, уларга сўнгги беш йилда кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик хусусида атрофлича сўз юритилган. Ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи янги маълумотларнинг аҳамияти очиб берилган.
Калит сўзлар: Иккинчи жаҳон уруши, Ғалаба боғи, маънавий ҳаёт, фахрийлар, фронт орти, вайронкорлик, жанггоҳ, дивизия, концентрацион лагерь, жанговар таълим, эвакуация қилиш, геосиёсий манфаатлар, миллатлар бирдамлиги, халқлар ҳамжиҳатлиги.
Морально-духовное значение энциклопедической публикации о героизме и стойкости нашего народа
Лазиз Рахматов,
независимый соискатель Университета мировой экономики и дипломатии
Аннотация: в статье автор всесторонне анализирует энциклопедическую книгу Акмаля Саидова «Философия парка Победы». Подробно раскрываются суть и значение публикации, её огромная роль в духовной жизни людей, мужество и отвага наших соотечественников, участвовавших во Второй мировой войне, а также оказываемое им со стороны государства особое внимание и забота.
В целях глубокого осмысления значения новых данных о бесценном вкладе узбекского народа в достижении Победы в этой кровавой войне проведено детальное изучение публикации.
Ключевые слова: вторая мировая война, парк Победы, духовная жизнь, ветераны, тыл, разруха, поле битвы, дивизия, концентрационная лагерь, боевое обучение, эвакуация, геостратегические интересы, единство наций, сплочённость народов.
On the socio-spiritual significance of the encyclopedia dedicated to the courage and perseverance of our people
Laziz Rahmatov,
independent researcher World Economy and Diplomacy University
Abstract: the article provides an in-depth analysis of the encyclopedic book “The philosophy of the Victory Park” by the author, Akmal Saidov. The content and essence of the book, its unique importance in the spiritual life, heroism of our compatriots who fought in the World War II, profound attention and care that they enjoy over the past five years are thoroughly analyzed in the article. As much detail as possible will be analyzed and interprered on order to better understand the importance of the new information that reflects the contribution of the Uzbek people to the Victory in WWII.
Keywords: World War II, Victory Park, Spiritual Life, Veterans, Frontline, Destruction, War, Division, Concentration Camp, Combat Education, Evacuation, Geopolitical Interests, Solidarity of Peoples and Nations.
«Жамият ва бошқарув» журналининг 2021 йил 3-сонидан олинди.
Лазиз РАҲМАТОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил изланувчиси
- Қўшилди: 02.11.2021
- Кўришлар: 4003
- Чоп этиш