Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси

Бугунги кунда миграция ва мигрантлар барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқега эга.

Шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018 йилда Марокаш шаҳрида “Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисида Глобал шартнома”ни маъқуллади.

Ўзбекистонда мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Авваламбор, глобал фалокатга айланган пандемия шароитида бутун дунёда ишсизликнинг кескин ошиши, даромадларнинг қисқариши, мамлакатлараро ҳаракатнинг чекланиши туфайли шундай ҳам ночор ҳолатда бўлган миллионлаб инсонлар, хусусан, меҳнат мигрантлари янада оғир шароитларга тушиб қолганини афсус билан қайд этиш лозим, – деди А.Саидов. – Яшаш учун восита қидиришга уриниш шафқатсиз эксплуатацияга тушиб қолиш хавфини янада кучайтиради. Ноқонуний мигрантлар ва мавсумий ишчилар ўта хавфли иш шароитларига тўқнаш келмоқда. Бу эса уларнинг жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолиш хатарини оширади.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда жаҳонда меҳнат мигрантлари ва қочоқлар сони 272 миллион кишини ташкил қилади. Улардан 70 миллион киши ноқонуний мигрантлардир.
Пандемиянинг дастлабки босқичида кўрилган карантин чоралари туфайли уларнинг маълум бир қисми меҳнат қилиш учун борган мамлакатларида ижтимоий ҳимоясиз, истеъмол маҳсулотларисиз, турар жойсиз ва ўз Ватанига қайтиш имкониятисиз қолган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Ҳеч бир мамлакатнинг якка ўзи пандемияни ва унинг оқибатида келиб чиққан миграция инқирозини бартараф эта олмайди. Бу вазият энг ночор ҳолатда бўлган мигрантларга кучли зарба беради. Шунинг учун давлатлар миграция жараёнини тартибга соладиган чораларни ҳамкорликда кучайтиришлари керак”.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи замирида “COVID-19” пандемияси шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилиш, қашшоқликни юмшатиш масалаларида давлатларнинг ҳамкорлиги ва мажбуриятлари масаласи ўз ифодасини топгани бежиз эмас. Бундай халқаро ҳужжат мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

– Мамлакатимизда меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича қонунчилик қандай такомиллаштирилмоқда?

– 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да меҳнат миграциясини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Шу асосда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар изчил такомиллаштирилмоқда.

Бугунги кунда Миллий стратегия ижроси доирасида 2021 йилда «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва Меҳнат кодексининг янги таҳририни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисида»ги 97-сонли Конвенциясини Ўзбекистонда ратификация қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 4 июнь куни “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Конвенциянинг асосий мақсади ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштиришдан иборат.

Бу борада Президентимиз томонидан 2019 йил 20 августда “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармон, 2020 йил 14 сентябрда эса "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 23 августда “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни тасдиқлади. Бу соҳада бошқа яна бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

– Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимада?

– Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 августда қабул қилинган фармони билан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларга молиявий ёрдам бериш, тиббий хизмат кўрсатишнинг ишончли механизмлари яратилди. Шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вазифалар ижросини мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир раислигида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Республика комиссияси ташкил этилди.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2020 йил 14 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш белгиланди. Қарор асосида меҳнат қилгани хорижга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун янги механизм яратилган бўлиб, у қуйидаги уч асосий босқични ўз ичига олган:

Биринчидан, хорижга ишлашга бормоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш ишлари ташкил қилинмоқда. Бундай фуқароларни касбий ва тил бўйича тайёрлаш ишларини мамлакатимиздаги 14 та “Ишга марҳамат” иш билан банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказида, 30 та касбий тайёргарлик марказида, 136 та маҳаллада, 24 та коллеж ва 13 та техникумда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Иккинчидан, меҳнат мигрантларига хорижда ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил қилинди.

Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш мақсадида Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Самара ва Уфа шаҳарлари ҳамда Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида Ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича агентликлар ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош консулликлари ҳузурида Меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилди.

Айни вақтда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Россияда – 21 та, Қозоғистонда – 6 та, Туркияда – 3 та ва Жанубий Кореяда – 1 та юридик хизмат билан шартномалар тузилган.

Учинчидан, Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларининг жамиятга қайта мослашувига ёрдам кўрсатилмоқда. Бандликни қўллаб- қувватлаш марказларида айни масала билан шуғулланадиган инспекторлар фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатга қайтиб келган ва ижтимоий ночор бўлган меҳнат мигрантларига квоталанган иш ўринлари назарда тутилган. Уларнинг бандлигига кўмаклашиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси воситалари ҳисобидан субсидиялар ва грантлар шаклида молиявий ёрдам бериш хизмати жорий этилган.

– Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги белгиланган. Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз?

– Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Ўзбекистонда БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари ижроси доирасида мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим. Қолаверса, мамлакатимизда “Одам савдосини, айниқса аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда улар учун жазолаш тўғрисида”ги Палермо протоколи қабул қилинганининг 20 йиллиги кенг нишонлангани замирида ҳам айни шу эзгу мақсад мужассамдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:

ахборот-таҳлилий йўналишда – «Одам савдосига қарши курашиш ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тизим таҳлили» якунланди;

тадбирлар, жумладан, тренинглар йўналишида – жами 6 та қўшма тадбир ўтказилди. Бу тадбирлар доирасида 166 нафар мутахассиснинг касбий малакаси оширилди. Марказ ходимлари Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўтказилган тадбирларида тренер ва эксперт сифатида ҳам иштирок этган;

нашрлар йўналишида – «Меҳнат мигрантлари учун одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма», айни шу мавзуда қорақалпоқ тилида ҳам қўлланма тайёрланган;

ахборот-ресурс таъминоти йўналишида – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс марказида «Одам савдосига қарши курашиш» мавзуида алоҳида бўлинма ташкил этилган. Ҳозирги кунда “Мигрантлар ҳуқуқлари” бўйича ахборот марказини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига 25 номдаги 100 га яқин махсус адабиёт келтирилди. Ўз навбатида, Марказ беғараз равишда Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида ва Андижон вилояти Олтиинкўл туманида ташкил этилган «Маҳалла ахборот-ресурс маркази»га 500 дан ортиқ китоб ва журналлар тақдим этган;
хорижий тажрибани ўрганиш йўналишида –Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Халқаро миграция ташкилоти томонидан ташкил этиладиган хорижий ўқув-танишув сафарларида иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Марказ вакили Корея Республикаси ва Филиппин давлатларига 2017 йили амалга оширилган сафарда иштирок этди. Кейинги йилларда Марказ вакиллари Марказий Осиё мамлакатларида ўтказилган минтақавий тадбирларда ҳам қатнашдилар.

Ўзаро фаолиятимизнинг яна бир муҳим қирраси: Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида ночор мигрантларга ёрдам бериш; хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция ғояларини рўёбга чиқариш; мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий шерикчиликни ривожлантиришга доир қатор тавсиялар тайёрланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2020 йилда ўтказган «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзусида республика танловида 80 дан ортиқ иштирокчи ўз ижодий ишлари билан фаол қатнашди. Мазкур танловда халқаро ҳамкоримиз бўлмиш Халқаро миграция ташкилотининг минтақавий ваколатхонаси миграция масалалари бўйича алоҳида номинация ғолибларини муносиб тақдирлашда ташаббус кўрсатганини қадрлаймиз.

– Ўзбекистон билан Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигининг истиқболлари қандай?

– Бу масала Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”да ўз аксини топганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Айни вақтда Давлат дастури ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Чора-тадбирлар режасида, жумладан:

• 2030 йилгача бўлган давр учун, меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилишда кафолатланган тенглик мезонларига эришишни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг миграция соҳасидаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш;
• ташқи меҳнат миграцияси соҳасига Миграцияни бошқариш кўрсаткичлари тизимини (Migration Governance Indicators) татбиқ этиш;
• Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг сифатини яхшилаш;
• чет эллардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий кўникмасини ошириш бўйича курслар ўтказиш;
• хорижий давлатлардан фуқароларимизни қайтариш жараёнини ташкил этиш;
• оғир аҳволга тушиб, Ватанга қайтиб келаётган мигрантларнинг реинтеграцияси бўйича ёрдам кўрсатиш;
• мигрантлар ҳуқуқи бўйича халқаро шартномалар мазмунини давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли вакилларига етказиш;
• меҳнат миграциясини самарали бошқариш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари малакасини ошириш учун тренинглар ўтказиш;
• мигрантлар ҳуқуқи бўйича халқаро шартномаларнинг давлат тилига таржимасини амалга ошириш, Ўзбекистон қўшилган миграцияга доир халқаро шартномалар матни тўплами ва қўлланмасини чоп этиш;
• “Миграция ҳуқуқи” дарслигини тайёрлаш ва нашр қилиш каби тадбирлар назарда тутилган.

– Марказ томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасида қандай мулоқотлар олиб борилмоқда?

– Бунда, жумладан, 2021 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Зейнал Гаджиев билан учрашуви бўлиб ўтганини қайд этиш мумкин.

Учрашувда одам савдосига қарши кураш соҳасида Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек одам савдоси қурбонларини реабилитация қилишда ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ташаббуслари доирасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан атрофлича фикрлар алмашилди.

Шу йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда “COVID-19 пандемиясининг мигрантлар ҳаракати ва ҳимоясига таъсири” мавзусида халқаро тадбир ўтказди. Тадбирда ХМТ экспертлари билан бугунги кунда Ўзбекистонда жорий этилаётган Миграция индикаторларини бошқариш (MGI) тизимини ташқи меҳнат миграцияси соҳасига татбиқ этишга доир масалалар ҳам муҳокама этилди.

Жорий йилнинг 28 апрелида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда “Мигрантлар ва оила аъзоларининг пул маблағларини кўчириш ва банк маҳсулотларига доир сиёсат соҳасидаги эҳтиёжлари” мавзуида онлайн учрашув ўтказилди.

– Акмал Холматович, 17-21 май кунлари сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон делегацияси Россияга ташриф буюриб, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳолатини ўрганиб қайтганидан хабардормиз. Ушбу сафар натижалари ҳақида мухтасар нима дея оласиз?

– Ташриф давомида Россия Федерацияси Президенти маслаҳатчиси, Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кенгаши раиси В.Фадеев, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Т. Маскалькова, Россия Давлат думасининг Қўмита раиси В.Шаманов ва бошқалар билан учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон – Россия Форуми ўтказилди. Форум ишида Давлат думаси депутатлари, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кенгаши вакиллари, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари, олимлар, юристлар, адвокатлик фирмалари вакиллари иштирок этди.

Офлайн ва онлайн шаклларда ташкил этилган Форумда, шунингдек Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Бош консули, Халқаро миграция ташкилотининг Тошкентдаги вакили, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) қатнашди.

Форум давомида меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати, хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни ташкил қилиш, меҳнат мигрантларининг Россияда тартибли истиқомат қилиши бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон фуқаролари билан қуйидаги учрашувлар ўтказилди:
• 17 май куни Москва шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида сақланаётган 17 нафар Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатга қайтиши масаласи муҳокама қилинди;
• 18 май куни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида фуқаролар қабули ташкил этилиб, 20 дан ортиқ меҳнат мигранти ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди;
• 19 май куни Санкт-Петербург шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида сақланаётган 152 нафар фуқаромизнинг Ўзбекистонга қайтиши масаласи ўрганилди.

Суҳбат ва муҳокамалар вақтида Ўзбекистонга қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш, банк кредитлари ва жарималар бўйича қарздорликни қоплаш, жарроҳлик амалиётларини ўтказишда моддий ёрдам бериш, шахсни тасдиқловчи ва меҳнат қилиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш, Ўзбекистон фуқароларининг Россиядан чиқиши учун суд томонидан ҳужжатларни таржима қилиш муддатини қисқартириш, уларнинг Ватанга қайтишдан олдин ПЦР-тестлар топширишлари учун молиявий воситаларнинг мавжуд эмаслиги каби масалалар кўриб чиқилди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech