Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасининг “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри” номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битган.
Навоий бобомизнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари ҳам реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир. Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадрлаш ҳамда улуғлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги сўзларини тинглар эканман, хаёлимдан шу ўйлар ўтди.
Давлат раҳбари, жумладан: "Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор", деб таъкидлади.
Шу муносабат билан мазкур йиғилишда муҳокама қилинган юртимиз хотин-қизларига дахлдор кўплаб масалаларнинг фақат биттасига тўхталишга жазм этдик. Бу ҳам бўлса, аёллар ва қизларнинг илм-фан, техника-технология соҳаларида муносиб жой эгаллаши муаммосидир.
Янги Ўзбекистон шароитида хотин-қизларни илмий тадқиқот ва инновациялар фаолиятига кенг жалб қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, бир томондан, юртимиз аёллари ва қизларининг илм-фандаги фаоллигини халқаро миқёсда кучайтириш, иккинчи томондан, таълим ва илм-фан соҳаларида гендер тенгликка эришиш ниҳоятда зарур.
Чунки, аслида ҳам, аёл билимли бўлса, тарбия қилган фарзандлари зукко, салоҳиятли бўлади. Янада муҳими, аёл илмли бўлса, миллат илмли бўлади.
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми – 17 миллиони хотин-қизлардир. Шу маънода, қизларнинг сифатли таълим олиши, касб эгаллаб, ишли бўлиши учун катта имкониятлар яратилгани натижасида бугунги кунда талабаларнинг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани диққатга сазовор.
Бунда ўтган йилдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани бу фикримизни тасдиқлайди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати маълумотларига қараганда, вазирлик томонидан 2020 йили эълон қилинган «Олима аёллар» ташаббускор илмий лойиҳалар танлови ҳам айнан хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур танлов натижаларига кўра ҳозирги кунда жами 8 млрд. 467.5 миллион сўмлик 16 та лойиҳа молиялаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз илмий-таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган фан докторларининг 700 нафардан ортиғи ва академикларнинг 6 нафари аёллардир. Олималаримизнинг, айниқса, кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги интеллектуал меҳнати самаралари нафақат юртимизда, балки хорижий илмий марказлар томонидан ҳам юксак баҳоланиб келмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги илмий институтларда қарийб 3 минг нафар хотин-қизлар тадқиқотлар олиб бормоқда.
Бу рақамлар юртимизда яшайдиган хотин-қизларнинг жами сонига нисбатан неча фоизни ташкил этади? Агар қиёсан ҳисоблаб кўрилса, албатта, ҳосил бўладиган салмоқдан ҳозирча кўнгил тўлмайди. Айни пайтда бу борадаги аҳвол бутун дунё миқёсида ҳам мақтагулик эмас.
ЮНЕСКОнинг илм-фан тўғрисидаги янги маърузасида қайд этилишича, ҳозирги вақтда дунё миқёсида техника факультетлари битирувчиларининг атиги 28 фоизини ҳамда компьютер ва информатика фанлари бўйича факультетлар битирувчиларининг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Яъни, аёллар илм-фанда ва технологиялар соҳасида ҳалигача етарли даражадаги мавқени эгалламаган.
Ушбу маърузанинг асосий мавзуларидан бири илм-фан соҳасидаги гендер тенглик масаласига бағишланган бўлиб, хусусан, унда "рақамли инқилоб" самараларидан аёллар ва эркаклар тенг фойдаланиши зарурлиги таъкидланган. ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле таъбири билан айтганда, "Ҳатто ҳозирги кунда ҳам, ХХI асрда яшаётганимизга қарамай, илм-фан билан боғлиқ соҳаларда хотин-қизларнинг четда қолаётгани кузатилмоқда".
Хотин-қизлар илм-фан, техника, муҳандислик ва математика соҳаларида ўзлари учун муносиб ўрин борлигини, улар илмий тараққиёт жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқига эгалигини англаб етишлари керак. Аммо, ҳозирча бутун жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади.
Хусусан, Австралияда техника университетлари битирувчиларининг 23,2 фозигина хотин-қизлардан иборат. Бу кўрсаткич Канадада – 19,7 фоиз, Францияда – 26,1 фоиз, Японияда – 14 фоиз, Корея Республикасида – 20,1 фоиз, Швейцарияда – 16,1 фоиз ва АҚШда – 20,4 фоизни ташкил этади, холос.
ЮНЕСКО маърузасида араб давлатларида аниқ фанлар бўйича хотин-қизларнинг таълим олиши соҳасидаги ҳолат анча яхши эканига эътибор қаратилган. Масалан, Жазоирда техника олий ўқув юртлари ва факультетлари битирувчиларининг 48,5 фоизи хотин-қизлардир. Бу борадаги кўрсаткич Марокашда – 42,2 фоиз, Ўмонда – 43,2 фоиз, Сурияда – 43,9 фоиз ва Тунисда – 44,2 фоиздан иборат экани ҳам диққатга лойиқ.
Лотин Америкаси минтақасида эса муҳандислик билан боғлиқ ихтисосликларни танлаган талаба қизлар кўпчиликни ташкил этади. Лекин йирик технология компанияларидаги раҳбарлар таркибида ҳали ҳам эркаклар миқдори кўп.
Хотин-қизлар технологияга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.
Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда.
Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганидир.
ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.
Шу нуқтаи назардан, кейинги йилларда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида илм-фан соҳасида хотин-қизлар улушини кўпайтиришга қаратилган бир қанча қонунлар, давлат дастурлари ва амалий механизмлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга кенг татбиқ этилаётгани жуда муҳим.
Айни чоғда, юртимиз ва хорижий мамлакатлардаги машҳур олималарнинг таълим, илм-фан соҳаларидаги ибратли тажриба ҳамда ютуқлари билан танишиш, илмий анъаналари борасида фикр алмашиш, хотин-қизларимизнинг салоҳиятини илмий-инновацион фаолиятга рағбатлантириш ва кенг жалб қилиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида гендер тенглик сиёсатига доир янги ташаббусларни илгари сургани бежиз эмас. Дарвоқе, Юртбошимиз хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун Ўзбекистонда алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифини ҳам билдирди.
Маълумки, 2013 йил 20 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг "Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар тўғрисида"ги резолюцияси қабул қилинган. Резолюцияда ушбу соҳадаги гендер тенгликни таъминлаш кафолати сифатида исталган ёшдаги аёл ва қиз фан, техника ва инновация ютуқлари ривожидан тенг ҳамда тўлақонли фойдаланиш имкониятига эга экани эътироф этилган.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган 70/212-резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу халқаро сана яқинда жаҳон жамоатчилиги томонидан олтинчи марта нишонланди.
Шу муносабат билан жорий йилда ҳам ҳар бир қитъадан биттадан вакил, жами беш нафар янги совриндорга Л'Ореал-ЮНЕСКО Дастурининг "Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларга" мукофоти топширилди. ЮНЕСКО 23 йилдан буён изчил эълон қилиб келаётган бундай совриндор хотин-қизлар рўйхатини ҳозирча фақат хорижий мамлакатлар олималари банд этиб турибди.
Мухтасар айтганда, илм билан шуғулланиш хотин-қизлар зиммасига икки карра кўпроқ масъулият юклаши, бу жараёнда улардан жуда катта меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилиниши бор гап. Шунга қарамай, ХХI аср илм-фани ривожида юртимиз хотин-қизлари муносиб ўрин эгаллашларига ишонамиз.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 04.03.2021
- Кўришлар: 5238
- Чоп этиш