1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Бутун дунёда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати дастлаб Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.
Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунннинг эртасигаёқ мустақил навқирон мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг ўзига хос намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Бу ҳақда фикр юритганда, жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ёзнинг илк куни болажонлар учун катта байрам ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш лозим. Бинобарин, 1949 йилда Парижда Хотин-қизлар халқаро демократик федерациясининг конгресси бўлиб ўтган. Ушбу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги чақириқ янграган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болаларнинг соғлиги ва тинч-хотиржам ҳаётини сақлаш долзарб муаммога айланган эди. Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. Бундан кўзланган мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга эътибор қаратишдир.
Жорий йилда дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам мазкур муҳим халқаро санага тааллуқли барча тадбирлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, онлайн ва офлайн тарзда ўтказилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, мазкур санага доир миллий ва халқаро ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва самаралари ҳақида мухтасар сўз юритишни лозим топдик. Зеро, ҳар қандай ота-она боласининг ҳуқуқлари тўла таъминланиб, жондек азиз фарзанди соғлом, зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган.
Конституциянинг 64-моддасига кўра: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”.
Бош Қомусимизнинг 65-моддасига биноан эса: “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
Миллий ҳуқуқий тизимда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оилавий муҳит ва жамиятга интеграциялашуви, уй-жойи, ижтимоий ҳимояси ҳамда таълим олиши билан боғлиқ ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари конвенциясидир. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномага қўшилган.
Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидаларига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди ва бошқа кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди.
Бугунги кун талаби Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш тизимини қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бола ҳуқуқларини тўла ҳажмда ҳимоя қилишга имкон бермайдиган бир қатор бўшлиқлар мавжуд.
Ўзбекистон Президенти, Парламенти ва Ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликдаги шундай бўшлиқлар изчил тўлдирилмоқда. Бу борада бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи махсус халқаро механизмлар ва хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Хусусан, 2019 йил 7 декабрда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди. Мазкур Қонун болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шу асосда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 майда қабул қилинган "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадига қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масалалари алоҳида ва доимий эътиборда турибди. Айниқса, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг “Ҳар бир боланинг барча ҳуқуқларига амал қилиниши керак” деган даъватига асосан мамлакатимизда сўнги йилларда бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш борасида муайян ижобий тажриба тўпланди. Жумладан, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди.
Янги парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилди. Аввало, 2020 йил 10 мартда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукуматнинг қўшма қарори билан Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий стратегияснинг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари асосида 2021 йил 12 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Ушбу Қонунга биноан, аввало, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги кўзда тутилади.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 3812-моддаси биринчи қисмига қўшимча киритилиб, Жиноят кодексининг 1281-моддаси бўйича тергов ички ишлар органига тегишлилиги белгиланди.
Жиноят кодекси 1482-моддасининг иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.
Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
51-моддаси иккинчи қисми чиқарилди.
Жиноят кодексининг 2161-моддаси вояга етмаган шахсни Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарликни белгиловчи иккинчи қисм билан тўлдирилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига тўла мувофиқ келади. Хусусан:
- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (25-модда);
- Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (8, 23, 24-моддалар);
- Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (10-модда) талабларига кўра, бола ҳуқуқлари кафолатланган ва ҳеч ким мажбурий ёки зўраки меҳнатга мажбур қилинмаслиги лозим.
Бундан ташқари, ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш орқали зиммасига олган мажбуриятларига мосдир. Бу ўринда, жумладан:
- Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция;
- Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протокол;
- Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция;
- Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция (182-сон Конвенция);
- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протокол (Палермо протоколи) ҳақида сўз бормоқда.
Кейинги йилларда таълим ва тарбия соҳасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, 2025 йилга бориб 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳаётга жорий этилмоқда.
Бунинг натижасида 2017 йилда мамлакатимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 27,7 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 60, 9 фоизга кўтарилди.
Юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тикланди. 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб, ўқувчиларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларида таълим жараёни онлайн ва анъанавий тарзда амалга оширилмоқда.
Пандемия шароитида ҳам болаларнинг барча ҳуқуқларини изчил рўёбга чиқаришга интилмоқдамиз. Жумладан, мамлакатимизда ҳар бир боланинг билим олишга оид ҳуқуқини таъминлашга жидий аҳамият берилмоқда.
Бунда 2020 йил 23 сентябрь куни "Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги таҳрири қабул қилингани муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги Қонун Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида таълим хизматларини ташкил этиш мақсадларига хизмат қилаяпти.
Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг 438 минг нафар битирувчига йўллаган табриги ҳар бир ёш учун уларнинг келуси ишларида дастуриламалдир. Зеро, табрикда “Янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз”, – дея ёшларга юксак ишонч билдирилган.
Мамлакат таълим тизимида яратилаётган янгидан-янги имкониятлар ҳақидаги айрим далил ва рақамларга тўхталамиз. Сўнгги 4 йилда юртимизда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 таси реконструкция қилинган ва замонавий жиҳозланган. Мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ давлат умумтаълим мактаби, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатаяпти. Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши ҳам ёшларимизни фан сирларини пухта эгаллашларида катта ўрин тутади.
Мамлакатимизда ҳозирги кунда 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум бор. Бу, ўз навбатида, битирувчиларни таълимнинг навбатдаги босқичи билан қамраб олишга хизмат қилмоқда.
Ёшларимиз бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда. Натижада битирувчи ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилда 9 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилда 25 фоизга етди. Бу кўрсаткични жорий йилда – 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш асосий вазифа сифатида белгилаб олингани жуда муҳимдир.
Айни чоғда, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари" ўқув курсларини жорий этиш вазифаси белгиланган. Ҳозирги вақтда Марказ томонидан шу соҳага тааллуқли ўқув курси дастури ва “Бола ҳуқуқлари” дарслиги тайёрланмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ворислар этиб тарбиялаш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим. Зеро, Нобель мукофоти соҳиби, атоқли инглиз адиби Бернард Шоу айтганидек, «Одам мамлакат ва инсоният учун қилиши мумкин бўлган энг катта хизмат – болаларини тарбиялашидир».
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, болани ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ноёб иқтидори юзага чиқишига кўмаклашиш каби соҳаларда ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Янада муҳими, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, етим ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида турибди.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 01.06.2021
- Кўришлар: 6287
- Чоп этиш