Янги Ўзбекистоннинг оналари ва хотин-қизлари эъзозда

Пойтахтимизда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган опа-сингилларимизни мукофотлаш тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган мазкур тантанали тадбир Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Унда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вазирлик-идора, илм-фан, санъат ва маданият, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда фаол бўлган хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда аёл-қизларни эъзозлаш, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, муаммоларини ҳал этиш, кучли ижтимоий ҳимоялаш масаласи янгича маъно-мазмун касб этганини таъкидлади.

Айтиш керакки, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарори билан таъсис этилган.

Тадбирда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги дадил одимлари халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 32,6 фоизи аёллардан иборат.

Бу эса мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий майдонида хотин-қизларга бўлган ишонч ва имкониятларнинг улкан ифодасидир. Ўз навбатида, мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларнинг янгиланиши ва тартибга солишнинг ўзига хос кўрсаткичи сифатида қабул қилинмоқда.

Депутатлар орасида аёллар ва ёшларнинг улуши тарихий муҳим аҳамиятга эга бўлиб, 57 нафарини аёллар ташкил этгани минтақа учун энг юқори кўрсаткич бўлди. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича олиб бораётган ишларини ҳақиқий янгиланиш ва жаҳон миқёсида тан олишнинг ифодасидир.

Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда (IPU Parline) Ўзбекистон парламентларидаги хотин-қизлар салмоғи бўйича жаҳондаги 193 та давлат орасида 49 ўриндан 34 ўринга кўтарилиши, давлатимизнинг демократия ва гендер тенглик соҳасидаги катта ютуқларидан далолат беради.

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони Низом талабларига мувофиқ, вазирлик, идоралардан ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан мазкур кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар ҳужжатлари тақдим этилиб, Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Республика комиссияси томонидан 68 та вазирлик ва идоралардан 182 нафар, ҳудудий Бошқармалар томонидан тақдим этилган 708 нафар, жами 918 нафар номзоднинг ҳужжатлари ўрганилди.

Жорий йилда янги ёндашув асосида биринчи марта Ватанимиз ва унинг сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган 10 нафар ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, Олимпиада ва Паралимпия спорт мусобақалари чемпионларининг 18 нафар оналари ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Ўрганиш хулосаларига кўра, ҳудудлардан, туманлар ва шаҳарлардан, вазирлик ва идоралардан, Республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларидан номзодларнинг ҳужжатлари сараланди.

Тақдирлаш учун тавсия этилган номзодларнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт, тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар, ҳуқуқ-тартибот, маҳалла тизимида, олималар, иқтисодиёт ва ишлаб-чиқаришнинг турли соҳаларида, транспорт ва коммунал соҳа, жамоат ташкилотлари вакиллари экани, шунингдек, меҳнат фахрийлари ва бошқа тизимдаги аёлларни ташкил этиши эътиборлидир.

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган барча аёлларга кўкрак нишони ва гувоҳномаси, шунингдек, ҳар бир тақдирланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробари (1,5 млн. сўмдан) миқдорида пул мукофотлари берилди.

Бугунги кунга қадар 1 минг 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган. Эндиликда эса уларнинг сафи 1 минг 800 нафардан ошди. Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар истиқболда оилаларда маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мустаҳкамликни, пировардида юртимиз тараққиётининг асосини ташкил этади.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech