ЕХҲТ ДИИҲБнинг Инсонийлик мезонлари бўйича йиғилиши бўлди

26-27 апрель кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг (ДИИҲБ) Инсонийлик мезонлари бўйича иккинчи қўшимча йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир “Демократик қонун ижодкорлиги: томонлар иштирокини таъминлаш” мавзусида ташкил этилди.

Ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад – ЕХҲТга аъзо давлатлар, Ташкилот институтлари, халқаро тузилмалар, фуқаролик жамияти ва бошқа томонлар иштирокида очиқ, шаффоф ҳамда инклюзив конун ижодкорлиги, коррупцияга карши кураш, қонунчиликда гендер тенглик, қарорлар қабул қилишда рақамлаштириш, қонунларнинг инсон ҳуқуқларига мос келиши масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Тадбир ташкилотчилари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раисининг Швециядаги офиси ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳисобланади.

Йиғилишда ЕХҲТга аъзо 57 та давлатнинг парламентлари вакиллари, ҳамкор халқаро ташкилотлар, аъзо давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари, ЕХҲТнинг давлатлардаги ваколатхоналари масъуллари ҳамда халқаро экспертлардан иборат 200 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбир икки кунлик сессия доирасида бўлиб ўтди.

Йиғилишнинг очилишида Швеция ташқи ишлар вазирлиги масъули, Демократия ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари бўйича махсус элчи Анника Бен Хоним, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Маттео Мекаччи ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти Симона Граната-Менгхини сўзга чиқди.

ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи нутқида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши, жамиятда муросасизлик, камситиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва бошқа масалалар билан боғлиқ мавжуд муаммолар ҳақида маълумот берди.

ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти Симона Граната-Менгхини таъкидлаганидек, "Қонун устуворлиги демократияни қўллаб-қувватлайди, давлат ҳокимиятига эга бўлганларнинг масъулиятини белгилайди ва у инсон ҳуқуқларини ҳурмат ҳамда завқ билан таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак”.

Бугунги кунда қонунчилик одамларнинг кундалик ҳаёти, ҳуқуқлари ва турмуш шароитига чуқур таъсир кўрсатаётгани учун қонунчиликни ишлаб чиқиш жараёнини такомиллаштириш жуда муҳимдир. Қонунлар тайёрланадиган, муҳокама этиладиган ва қабул қилинадиган барча тизимлар, шунингдек уларнинг мазмун-моҳияти қонун устуворлигига мос келиши керак.

Сессиянинг биринчи кунида “Очиқ ва инклюзив қонун ижодкорлиги” мавзуси доирасида Франция Давлат кенгашининг маслаҳатчиси Ив Дутрио, ЕХҲТ амалдаги Раисининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус вакили Анита Рамасатри ҳамда ЕХҲТга аъзо давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари ваиллари ва кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари сўзга чиқдилар.

Тадбирнинг очиқ ва эркин ўтаётганидан мамнун бўлган ЕХҲТга аъзо давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари ваиллари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мамлакатларида қонун ижодкорлиги ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд муаммолар тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига маълумот бердилар.

Йиғилишнинг иккинчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон парламенти: қонунчилик фаолиятидаги янги тенденциялар” мавзусидаги нутқи билан бошланди.

Акмал Саидов ўз нутқида йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Парламентида сўнгги йилларда амалга оширилган янгича ёндашувлар ва ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, пандемия шароитида қонун ижодкорлиги, унда парламент назоратини кенгайтириш ҳамда қонун ижодкорлигида жамиятнинг ўрни ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги ўзгаришлар ва стандартлар ҳақида сўз юритди.

Ушбу мавзу доирасида Украина парламенти аъзоси Виктория Подгорна, Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилотининг тадқиқот ва таълим бўйича директори Илариа Боттиглеро ўзларининг ўз тажриба ва амалиётлари ҳақида сўзлаб беришди.

ЕХҲТ ДИИҲБ Қонунчиликни таъминлаш бўлими бошлиғи Константин Вардзелашвилининг модераторлигида “Қонун ижодкорлигидаги имкониятлар ва сўнгги муаммолар” мавзусида муҳокамалар ўтказилди. Ушбу мулоқотлар асносида ЕХҲТга аъзо давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва расмий вакиллар ўртасида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишнинг 3-сессиясида “Жамият иштироки ва рақамли макон” мавзуси доирасида муҳокамалар бўлди. Унда Латвия Парламенти аъзоси Иниса Воика, Парламентлараро Иттифоқнинг катта илмий ҳодими Анди Уилимсон, “Transparency International Georgia” Ижрочи директори Эка Гигаури бугунги технологиялар тараққий этган ривожланган дунёда қонун ижодкорлиги ва коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг иштироки ва рақамли маконни ташкил этиш борасидаги илғор тажриба, жаҳонниг энг мақбул стандартлари ва кўникмалари тўғрисида зарур маълумотларни тақдим этишди.

Сессия якунида ЕХҲТ ДИИҲБ Директорининг биринчи ўринбосари Катаржина Гардапхадзе, ЕХҲТ Раисининг Доимий вакили ўринбосари Тобеас Лоренсон икки кунлик йиғилишда қизғин муҳокама этилган мавзулар, кўтарилган муаммолар ечими бўйича берилган таклифлар юзасидан тез орада ЕХҲТнинг тавсиялари ва фойдали кўрсатмалари ишлаб чиқилишини таъкидлади. Ушбу тавсиялар тадбирнинг норасмий иштирокчиларига ҳам етказилиши қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech