Ҳар қандай жиноят жамият учун хатарли. Айниқса ушбу иллатнинг ёшлар томонидан содир этилаётгани юрт равнақи ва осойишталигига дахлдор кишини ташвишга солмай қўймайди. Шу боис, келажак авлоднинг тақдири билан боғлиқ бундай муаммолар доимо долзарб аҳамият касб этади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман айни шу масалага бағишланди. Унда нуфузли халқаро ташкилотларининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда тегишли вазирлик, идора ва муассасалар вакиллари, мамлакатимиз ва хорижнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган таълим муассасалари экспертлари, илмий тадқиқотчилар ва курсантлар иштирок этди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати келажак авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юксак билим салоҳиятли, ташаббускор ҳамда шижоатли ёшларни камол топтиришга қаратилганини алоҳида эътироф этди.
– Соҳадаги ислоҳотлар самарасида Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси фаолияти йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ёшлар: 1+1”, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, “Ёшлар кичик саноат зоналари”, “Лойиҳалар фабрикаси”, “Ёшлар технопарклари”, “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси сингари лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Сўнгги йилларда ёшлар муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш орқали мамлакат ҳаётидаги фаоллигини оширишнинг самарали механизмлари яратилди, – деди Академия бошлиғи.
Илмий-амалий анжуманда ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятчиликнинг омиллари, уларга имкон бератган шарт-шароитлар, ушбу иллатни бартараф этиш йўллари, бу борада хориж мамлакатларининг тажрибаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар жиноятчилигига асосан носоғлом муҳитда вояга етган, ота-оналар назоратисиз қолган қатлам вакиллари қўл уришади. Уларнинг ўз вақтини бесамара ўтказиши, қаровсизлиги охир-оқибат турли салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда ушбу муаммонинг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани натижасида ёшлар жиноятчилиги билан боғлиқ кўрсаткичлар йилдан-йилга яхшиланмоқда.
– Статистик маълумотларга кўра, дунё мамлакатлари аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш доимо устувор аҳамият касб этган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бугун Ўзбекистон улкан янгиланишларни бошдан кечирмоқда ва бу жараёнда замонавий билим ва дунёқараш билан ҳаётга кириб келаётган ёш авлод майдонга чиқмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, эзгу ташаббуси ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилади.
Анжуман доирасида “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари”, “Ёшларга эътибор – давлат сиёсатининг устувор йўналиши”, “Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари”, “Ўзбекистон Республикасида ёшлар жиноятчилигининг олдини олишни такомиллаштириш”, “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари”, “О некоторых особенностях личности мошенника, совершившего преступление в отношении несовершеннолетнего”, “Инновации в сфере предупреждения преступлений против половой неприкосновенности несовершеннолетних” мавзуларида маърузалар тингланди, ёшлар жиноятчилигининг содир этилишига таъсир кўрсатаётган сабабларни ўрганиш ва олдини олишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Ёшлар муаммоларини ўрганиш амалиётини такомиллаштириш, уларни ўйлантираётган муаммоларни “маҳаллабай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизимида жойида ҳал қилиш, ёшлар жиноятчилигини назорат қилишнинг электрон модулини татбиқ этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига электрон ахборот платформа тизимини жорий қилиш, ёшларга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар анжуман иштирокчиларининг диққат-марказида бўлди.
Конференция якунлари бўйича “Ёшлар жиноятчилигининг сабаблари, шарт-шароитлари ва олдини олиш” номли илмий мақолалар тўплами чоп этилади.
- Қўшилди: 26.04.2021
- Кўришлар: 5004
- Чоп этиш