Сўз – анжуман иштирокчиларига
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган "Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш" мавзусидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида мавзуга оид долзарб, пандемия даврида Ўзбекистоннинг ёшлар бўйича сиёсати, жаҳон миқёсида ёшлар манфаатларини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилмоқда. Анжуман иштирокчиларининг айримлари фикрини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мартин Чунгонг, Парламентлараро иттифоқ бош котиби:
– Бундай долзарб мавзудаги анжуманда иштирок этиш мен учун катта шараф. Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев, Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашганимда Ўзбекистонда ёшларга оид амалий ташаббуслар фаол ўртага ташланаётгани, бу борада жиддий қадамлар қўйилганига гувоҳ бўлдим.
Бугун парламент ёшлар ҳаётини яхшилашга фаол ҳисса қўшмоқда. Таълим орқали ёшларнинг сиёсатда, турли стратегияларни ишлаб чиқишдаги иштироки тобора ортмоқда. Ушбу конференция ёшларга дахлдор муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ ҳужжатларни яратишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Муҳаммад Ризо Мажидий, Осиё парламент ассамблеяси бош котиби:
– Ўзбекистон раҳбарияти, ҳукумати ва парламенти томонидан ёшлар манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар чиндан ҳам эътибор ва эътирофга лойиқдир. Бизнинг ассоциациямиз ёшларни парламент фаолиятига жалб этишга доир масалаларга қаратилган.
Ёшлар моҳиятан адолатли, яхши ҳаёт яратишни истайди. Шу боис уларни сиёсий жараёнлар, сайловлардаги иштирокини янада фаоллаштириш муҳимдир. Бугун дунёдаги пандемия жараёни ёшларга ҳам ўз таъсирнини ўтказди. Мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш, бунда уларнинг ҳам бевосита иштирокини таъминлаш аҳамиятлидир.
Маргарета Седерфельт, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси президенти:
– Мен ҳамиша Ўзбекистонга боргим келади. Лекин ҳозирги мураккаб пандемия шароитида бунинг сира иложи йўқ. 2019 йили Ўзбекистондаги парламент сайловида кузатувчи бўлиб қатнашгандим. Насиб этса, Президент сайловида ҳам кузатувчи сифатида иштирок этишни истайман. Ўзбекистоннинг ёшларга оид илғор ташаббус ва интилишлари эътиборга молик. Пандемия даврида йўқотишлар, муаммолар кўп бўлди. Унинг оқибатлари ўта кучли.
Наинки ёшларнинг таълим олиши, балки спорт-соғломлаштириш, маърифий-кўнгилочар йўналишдаги кўплаб йирик тадбирлар қолдирилди. Дунё ёшларининг бундай хатар билан рўбарў келиши биз катталарни огоҳликка даъват этмоғи керак. Юзага келган хатар оқибатларини юмшатишда, ёшларга оид муаммоларни ҳал этишда жуда эҳтиёткорона ёндошиш талаб этилади. Ёшларнинг мақсад ва орзуларини рўёбга чиқаришда Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётгани яққол намоён бўлмоқда.
Ольга Кулаева, Халқаро Меҳнат ташкилотининг адолатли меҳнат масалалари бўйича техник кўмак гуруҳи ва Марказий Осиё ҳамда Шарқий Европа давлатлари бюроси директори:
– Ёшлик - имкониятлар даври. Лекин ҳозирги мураккаб пандемия даврида барча орзу-истаклар ҳам юзага чиқавермайди. Дунё ёшлари учун сифатли таълим, меҳнат бозори, бир ишдан бошқасига ўтиш каби жабҳаларда кўплаб муаммолар юзага келди. Ўзбекистон уларни изчил ва босқичма-босқич ҳал этиш йўлидан бормоқда.
Бу диёр қадим тарихга, кўп асрлик маданиятга эга. Лекин Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – ёшлар. Бугун мамлакатда жиддий ислоҳотлар, салмоқли ўзгаришлар юз бермоқда. Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат барҳам топди. Биз бандлик, касбий ориентация бўйича амалий ишларни қўллаб-қувватлаймиз.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди
- Қўшилди: 13.08.2021
- Кўришлар: 3821
- Чоп этиш