Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи мамлакатимиз аҳолиси ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Коронавирус пандемияси муносабати билан Кенгашнинг ушбу йиғилиши видеоанжуман шаклида ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари кенгаши дунёдаги инсон ҳуқуқлари масалаларига ечим топадиган глобал марказга айланган бўлиб, унинг кун тартибидан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олган. Айтиш керакки, Ўзбекистон илк бор 2021-2023 йиллар даврига мазкур Кенгаш аъзоси этиб сайлангани мамлакатимизда сўнги тўрт йилда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамияти томонидан муҳим эътирофи бўлди.
Давлатимиз раҳбари нутқи Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Юқори даражадаги сегменти доирасида давлат раҳбарлари орасида биринчи бўлиб тингланди. Шунингдек, ушбу нутқ илк маротаба инсон ҳуқуқлари бўйича дунё пойтахти бўлмиш Женева шаҳрида ўзбек тилида янгради. Ушбу нутқни “Инсон ҳуқуқлари бўйича маъруза” деб ҳам таърифлаш мумкин. Бунга бир неча асослар мавжуд.
Биринчидан, нутқда БМТ Бош котиби А.Гутерриш томонидан эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусида эътироф этилган ташаббус ва йўналишлар қамраб олинди.
Иккинчидан, Президентимиз томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 7 та устувор йўналиш белгиланиб, 18 та аниқ ташаббус билдирилди.
Учинчидан, билдирилган таклиф ва ташаббуслар биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларига қаратилган, яъни аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Тўртинчидан, нутқда парламент, ҳуқумат, суд ҳокимияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдида турган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим вазифалар, жумладан одил судлов ва инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича истиқболдаги ишлар яна бир аниқлаштирилди.
Бешинчидан, нутқда илгари сурилган ташаббуслар бевосита Ўзбекистон ва БМТ доирасидаги икки томонлама ҳал этиладиган масалалар билан биргаликда, минтақавий ва глобал даражада кенг халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилиши талаб этилади.
Олтинчидан, Президентимиз нутқида барча таклиф ва ташаббуслар БМТ доирасида амалга оширилаётган муҳим воқеалар ва тадбирлар билан бевосита боғлиқ ҳолда тақдим этилди. Жумладан, "ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик" тамойили, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича таклиф, Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллиги доирасида янги ташаббуслар илгари сурилди.
Еттинчидан, ушбу нутқда белгилаб берилган янги вазифалар Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқи ҳамда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасидаги вазифалар билан ҳамохангдир.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари мамлакатимиз томонидан 2019 йилдаги сайлов жараёнида эълон қилинган “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар” бевосита амалиётга татбиқ этилаётганидан далолатдир. Бинобарин, Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалага оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам ўз аксини топганди.
Давлатимиз раҳбари Женевадаги чиқишида халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари ҳакида батафсил баёнот берди.
Ушбу мажбуриятлар 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириши таъкидланди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизга эътибор қаратилди.
Шуни аълоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар" доирасидаги вазифаларни бажаришга аллақачон киришилган. Эндиликда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш, шунингдек ушбу соҳада ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон томонидан муносиб ҳисса қўшиш таклифларининг амалгна оширилиши бу борадаги фаолиятимизни янги босқичга кўтаради.
Президентимиз бу йил БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги кенг нишонланишини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Бугунги кунда БМТга аъзо 20 дан ортиқ давлатда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган. Бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласига эътибор изчил кучайиб бораётганини кўрсатади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий ҳаракатлар дастури парламент томонидан тасдиқланган. Бу борада ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”даги тадбирлар тизимли равишда бажарилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув курсларини, шунингдек “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналишини (консорциум) жорий қилиш борасидаги амалий ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида «Инсон ҳуқуқлари бўйича фан доктори (DSc)» ва «Инсон ҳуқуқлари бўйича фалсафа доктори (PhD)» илмий даражаларини олиш учун илмий кенгаш очилди. Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан халқаро ва миллий ҳамкорлар билан биргаликда “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилиб, 500 дан ортиқ судья ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбар ходимлари ўқитилди. Ўқув жараёнига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти етакчи экспертлари жалб қилиниб, қарийб 40 та онлайн вебинар ташкил қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъбири билан айтганда, “Инсон ҳуқуқлари бизнинг умидимиз, улар зиддиятларни ҳал қилишда ва мустаҳкам тинчликни ўрнатишда ёрдам беради. Инсон ҳуқуқлари ҳамма учун қадр-қиммат ва имконият дунёсини барпо этиш учун асос бўлиб, улар ҳар куни синовдан ўтказилади”.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида илгари сурилган янги ташаббуслар барчамизга масъулиятли вазифаларни юкламоқда.
Мирзатилло Тиллабаев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
директорининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 01.03.2021
- Кўришлар: 5781
- Чоп этиш