2003 йилдан буён 28 апрель санаси дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) ташаббуси билан “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Ушбу кун меҳнат жамиятининг хавфсизлигини ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ходимларнинг меҳнат шароити ва ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган. Шу куннинг белгилашининг мақсади иш жойларида турли хил касалликлар ва травмаларни олдини олиш, ишчиларни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар ва стандартларни ривожлантиришдир.
Меҳнат муҳофазаси – ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва иш қобилиятини сақлаш тизимидир. У ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунининг тарихи 1989 йилда АҚШ ва Канадада касаба уюшмалари ва ишчилар томонидан иш жойида жароҳатланган ёки ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган “Ҳалок бўлган ишчиларни хотирлаш куни” ўтказилганидан бошланади. Байрам расман илк бор 2003 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан нишонланган. ХМТ бу кунни расман белгилаб, муаммонинг кўламига эътибор қаратишни, иш жойларида хавфсизлик ва соғлиқни муҳофаза қилишга оид муҳим ташаббусларни янада кучайтиришни мақсад қилган.
1948 йил 10 декабрда қабул қилинган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасида ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, меҳнатнинг адолатли ва қулай шароитига ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига, шунингдек ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Кишиларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларда меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги, иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқаролар учун мавжуд иш жойларини сақлаб қолаётган ва янги иш жойларини яратаётган иш берувчиларни рағбатлантириш, иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган.
Шу боис янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган ва Қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш профилактика тадбирларини қамраб олувчи меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ташкил қилинган.
Бу Қонун асослари мазмун жиҳатидан жуда кенг қамровли бўлиб, ўз таркибида жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси, меҳнат интизоми, аёллар ва болалар меҳнати, ижтимоий ҳимоя бошқа масалаларни мужассамлаштирган. Қонун мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналарида ва бошқа барча муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилайди. Шунингдек, мазкур Қонунга асосан иш берувчи томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда у маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги, корхоналарда меҳнатнинг соғлом ва хавфсиз шарт-шароитларини яратишга кўмаклашувчи солиқ сиёсатини юритиш, ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодисани ва ҳар бир касб касаллигини текшириб чиқиш ва ҳисобга олиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ишчи ходимларнинг манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш принципларига асосланади. Асосий мақсад фуқароларнинг ишлаб чиқариш шароитида соғлиғи ва меҳнатининг муҳофаза қилинишини таъминлашга қаратилган.
Барчамизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисда бўлиб ўтган йиғилишда жорий 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилган эдилар. Бу ҳам бежизга эмас, сабаби бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларнинг салбий оқибатларини яққол ҳис қилмоқда.
Иқлим ўзгариши сайёрамиз, одамлар ва иш дунёси саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Ушбу муаммо ёмонлашганда, бутун дунё бўйлаб ишчилар ҳаддан ташқари иссиқлик, ультрабинафша нурланиш, кескин об-ҳаво ҳодисалари, ҳавонинг ифлосланиши, вектор билан юқадиган касалликлар ва агрокимёвий моддалардан фойдаланиш каби хавф-хатарларга дучор бўлиш хавфи юқори. Кўпгина касалликлар, нафас олиш касалликлари ва руҳий касалликлардир.
Бутун дунё ҳамжамияти бугунги кунда мавжуд муаммолардан бири, яъни иш жойларида содир бўлаётган оқибати енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни, касб касалликларга чалинишни олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратмоқда.
Хавфсиз ва соғлом иш муҳити билан боғлиқ иш жойида асосий принциплар ва ҳуқуқларни тарғиб қилиш, ҳурмат қилиш ва амалга ошириш ҳам иқлим ўзгаришининг хавфли таъсирига қарши курашишни англатади. Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиғи масалаларини иқлим ўзгаришига қарши курашиш стратегиясига киритиш ва иқлим жиҳатларини меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик фаолиятига қўшиш жуда муҳимдир. Қонунчилик ўзгарувчан иқлим таҳдидлари туфайли қайта баҳолашни ёки янги стандартларни қабул қилишни талаб қилиши мумкин.
Ҳукуматлар ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик иқлим ўзгаришини юмшатиш ва унга мослашиш сиёсатини ишлаб чиқиш учун жуда муҳимдир. Ҳаракат қилиш вақти келди!
Ушбу 28 апрелда нишонланадиган Бутунжаҳон меҳнат хавфсизлиги ва саломатлиги куни бутун дунё бўйлаб ишдаги касалликлар ва жароҳатларнинг олдини олишга қаратилган. Ҳар биримиз иш жойдаги жароҳатлар ва бахтсиз ҳодисаларга қарши курашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Ҳукуматлар соғлом меҳнат шароитлари ва корхоналар фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган инфратузилма – қонунчилик ва хизматлар учун жавобгардир.
Бунга миллий сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек иш жойида меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш стандартларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича назорат тизимлари киради. Иш берувчилар меҳнат хавфсизлиги ва саломатлиги учун жавобгардир. Ишчи ходимлар хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари, ўз ҳуқуқларини билишлари ва профилактика чораларини амалга оширишда иштирок этишлари шарт.
Дилафруз Умарова
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 28.04.2025
- Кўришлар:
- Чоп этиш