Ҳар бир тил яшашга ҳақлидир

2000 йилдан бошлаб ҳар йили 21 февраль санаси бутун дунёда Халқаро она тили куни сифатида нишонланади. 1999 йил 17 ноябрда ЮНЕСКО халқаро конференциясида Бангладеш Халқ Республикаси ташаббуси билан жорий этилган, кейинчалик БМТ Бош Ассамблеясининг 56-сессиясида “Кўп тиллилик” резолюцияси билан мустаҳкамланган ушбу халқаро байрам нишонланишининг ўз тарихи бор.

1947 йилда инглизлар мустамлакасидан халос бўлган Ҳиндистон ҳудудида икки йирик давлат – Ҳиндистон ва Покистон ташкил топди. Бир неча асрдан бери бенгал тилида сўзлашувчи халқлар яшайдиган ҳудуднинг ғарбий қисми Ҳиндистон, шарқий қисми Покистон таркибига киритилди. Мана шундай шароитда 1952 йилнинг 21 февраль санасида бир гуруҳ талабалар Дакка шаҳрида (ҳозирги Бангладеш пойтахти) бенгал тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб намойиш ўтказишади.

Афсуски, намойишчилар полиция томонидан ўққа тутилади. Ўз она тилига давлат тили мақоми берилиши, шу орқали унинг яшаб қолиши, унутилмаслиги, қадди тикланиши учун курашган кўплаб талаба-ёшлар қурбон бўлади. Аммо уларнинг орзуси армонга айланмади.

Кўп ўтмай Бангладеш давлат мустақиллигини қўлга киритади ва бенгал тилига давлат тили мақоми берилади. Ана шу талабаларнинг жасорати ва порлоқ хотираси ҳурмати учун 21 февраль – Халқаро она тили куни сифатида бутун дунёда нишонланиши йўлга қўйилган.

БМТнинг “Кўп тиллилик” резолюциясида шундай дейилади: “БМТ глобал миқёсда лингвистик ва маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва асраш воситаси сифатида кўптиллиликни тан олади”.

 Дарҳақиқат, тил нафақат сўзлашув воситаси, балки халқ маданияти ва тарихини кўрсатувчи кўзгу ҳамдир. Ҳар бир тилда бошқа тилда такрорланмайдиган ўзига хос жозиба бўлади. Бу ўша тил яратувчиси бўлган халқларнинг тарихан шаклланган маданий қадриятлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода ҳар бир тил, демакки ҳар бир маданият ва тарих яшашга ҳақли.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра ҳозирги кунда дунёда 6 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация, шунингдек, глобаллашув туфайли маданиятидан йироқлашаётган кам сонли халқлар ҳиссасига тўғри келади.

Йўқолиб кетиш арафасидаги тиллардан фойдаланадиган аҳоли сони ниҳоятда кам. Масалан, 357 тилда атиги 50 киши сўзлашса, 46 тилдан фақат биттадан одам фойдаланар экан. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллион киши сўзлашиши керак. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 та.

ЮНЕСКО томонидан нашр этилган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасидаги жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50, Тинч океани минтақасидаги 200 тил "хавф остида" экани қайд этилган. Африкадаги 1 400 тилдан 900 га яқини бутунлай йўқолиб кетиши мумкин.

Албатта, ўз она тилини сақлаб қолиш аввало ўша халқнинг, инсонларнинг хоҳиш-иродасига, қолаверса ҳар бир давлатда миллий бағрикенглик тамойилларига амал қилинишига боғлиқ.

Мамлакатимизда она тилимиз – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, унинг нуфузини мустаҳкамлаш бўйича ҳуқуқий, илмий ва маънавий асослар яратилган. Шу билан бир қаторда, юртимизда истиқомат қилаётган бошқа халқларнинг урф-одатлари, дини, қадриятларию тили ҳам ҳурмат қилиниши кафолатланган.

Конституциямизнинг 4-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим етти: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб борилади. Биргина қирғиз тилида таълим берадиган 56 та умумий-ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда етти мингдан ортиқ ўқувчи ўз она тилларида таълим олиш имконига эга.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бўлганидек дунёнинг бошқа давлатларида ҳам миллий бағрикенглик тамойилига риоя этилиши, барча тиллар бирдек ҳурмат қилиниши лозим. Шундагина ҳар бир халқнинг она тилини – инсоният тарихининг маданий хилма-хиллигини асраб қолиш мумкин.

 

Назира Рахматиллаева,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали мутахассиси

 * фото интернетдан олинди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech