Болалар таълим-тарбиясига оид мажбуриятлар бажарилмаганда Миллий гвардия ходими жазо қўллай оладими?

Мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача  бўлган болалар ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топиши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.

2025 йил 7 февралда кучга кирган “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам шу мақсадга қаратилган. 

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мазкур қонуннинг аҳамияти ва ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида гапириб берди: 

– Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”.

Бу сўзлар нафақат йиллар, балки асрлар ўтса ҳам ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди. Ҳақиқатан ҳам бола қандай тарбия кўрса, таълим олса, улғайганда бунинг натижаси унинг ҳаётида тўлиқ акс этади. 

Болалар нафақат ўзи улғаяётган оиланинг, балки юртнинг келажагидир. Шунинг учун бу борада барча чоралар, замон тақозо қилаётган омиллардан фойдаланиш даркор. Зотан, давлат барқарорлиги ёшларга тўғри тарбия бериш ва уларнинг ахлоқий ва ижтимоий хулқ-атворини шакллантиришга бевосита боғлиқ. 

Дунёда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, ёшлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётгани ҳам   бундай ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олишга қаратилган ишларни кучайтиришдек долзарб вазифани қўймоқда. 

Айниқса, уюшмаган ёшлар томонидан содир этилган ғайриқонуний қилмишларнинг оқибатларига қарши курашиш эмас, балки мазкур ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасини самарали таъминлаш сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифасидир. 

Президентимизнинг 2024 йил 5 февралдаги қарори билан Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилгани ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг узвий давомидир. 

Мазкур қарорга мувофиқ, Миллий гвардия ташкилий тузилмасида Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, болалар билан ишлаш бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари жорий этилди. 

Ушбу бўлинмаларга мактабларда ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш, ўқувчилар ўртасида назоратсизликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш вазифаси юкланди. 

Шу билан бирга, улар ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларда қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини қарор топтиришга қаратилган ишларни олиб бориши зарур. 

Муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаши, шунингдек, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давоматини яхшилаши, энг асосийси, “хавфсиз мактаб” концепцияси мисолида мактабларда хавфсизликни таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар кўриши керак. 

Айни пайтда бу каби ишлар тизимли йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, янги ташкил этилган лавозимларда хизмат қилувчи шахсларга, шу жумладан, болалар билан ишлаш бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологларга ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини бериш зарурати юзага келди. 

Таъкидлаш жоизки, Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган 44 минг 450  ҳуқуқбузарликни аниқлаган. 

Бу ҳолатлар бўйича ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.

Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келади.  

Шунга қарамасдан, амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Мисол учун, жорий йил бошида мактаблардаги ўқувчиларнинг дарсларда иштирок этиш давоматлари 50 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 95 - 99 фоизни ташкил этмоқда.

Бироқ, инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўллаши инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу боис, Миллий гвардия томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида хизмат қилувчи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шунингдек, мактабларда психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларини самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилди. 

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248 ва 248-1-моддаларига Миллий гвардия органларига, шу жумладан, Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари ва катта инспектор-психологларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик), 561-моддасида (Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш), 187-моддасининг биринчи қисмида (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ва 188-моддасида (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлар берилди. Мазкур ваколатлар ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларидан чиқариб ташланди.

Қонун Миллий гвардия органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш бўйича фаолиятини кучайтиради. Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширади. 

Норгул Абдураимова,

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech