БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш куни кеча Нью-Йоркда журналистларга интервью берди. Мулозимнинг фикрича, Исроил – Эрон можароси нашрларда асосий мавзуга айланган бир пайт фаластинликлар чекаётган азоб-уқубат иккинчи даражага тушиб қолмаслиги керак.
– Ўт очишни тўхтатиш келишуви барчамизга умид беради ва бу ҳозир ҳар қачонгидан ҳам керак, – деди у. – Исроил ҳарбий амалиёти даҳшатли миқёсдаги гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Фалокатли вазият узоқ ва шафқатсиз можаронинг энг юқори нуқтасига етди. Фаластинлик оилалар кўп бор уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва ҳозир маҳаллий аҳоли Ғазо секторининг бешдан бир қисмидан ҳам кам жойда жамланган. Ҳатто, кичик ер майдонлари ҳам хавф остида. Бомба чодирлар, оилалар, бошқа борадиган жойи йўқлар устига тушмоқда. Одамлар ўзи ва яқинлари учун озиқ-овқат топишга ҳаракат қилиб ҳалок бўляпти. Инсон озиқ-овқат топиш учун ўлимга маҳкум бўлмаслиги керак. Мен аниқ айтмоқчиман: Исроилда босқинчи давлат сифатида инсонпарварлик ёрдамини мувофиқлаштириш ва етказиб беришни таъминлаш мажбурияти бор. Уч ойдан ошдики, Ғазога бошпана қуриш учун материал ва асосий хизмат фаолияти учун зарур ёнилғи киритилмаяпти. Шифокорлар имконсиз танловга мажбур – дорининг охирги миқдорини, сўнгги вентиляторни ким олади? Гуманитар хизматчиларнинг ўзлари ҳам очликдан азият чекмоқда. Бу одатий ҳолга айланиши мумкин эмас. Ёрдам олиш учун тинч аҳолини ҳарбийлаштирилган ҳудудларга олиб чиқиш саъй-ҳаракати ҳалокатли. Ғазода тезроқ ўт очишни тўхтатиш вақти келди. Барча гаровга олинганлар зудлик билан ва сўзсиз озод қилиниши, тўлиқ, хавфсиз ва барқарор гуманитар ёрдам олиши керак.
БМТ раҳбари инсонпарварлик ёрдами муаммосини мавжуд ечимлар орқали ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади:
– Ғилдиракни қайта ихтиро қилиш ва хавфли жадвалга мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ. Ечим бор – инсонпарварлик, холислик, бетарафлик ва мустақиллик каби инсонпарварлик тамойилларига асосланган батафсил режа тузилган. Бизда захира ва тажриба ҳам мавжуд. Режамиз одамлар ишончи, хайрия ташкилоти аъзолари эҳтиёжига қаратилган. Ҳукуматларга айтаман: амалиёт халқаро гуманитар ҳуқуқ асосида олиб борилишини таъминланг. Таъсир кучи эгалари, бу имкониятингиздан фойдаланинг. Барча аъзо давлатлар жамоамизнинг 80 йиллиги муносабати билан яқиндагина ўзлари яна бир бор қабул қилган БМТ Низомини ҳурмат қилиши шарт.
Гутерриш сўзи охирида хулоса сифатида дунё етакчиларига шундай мурожаат қилди:
– Келинг, ҳаётни сақлаб қоладиган воситаларни олиб чиқайлик. Ҳар бир инсон қаерда бўлса, уларга етиб борайлик. Ва бу муаммонинг якуний ечими сиёсий эканлигини тан олайлик. Умидни тиклашнинг ягона барқарор йўли икки давлатли ечимдир. Дипломатия ва инсон қадр-қиммати ҳамма учун устун бўлиши керак.
С.Раҳимов,ЎзА
- Қўшилди: 02.07.2025
- Кўришлар: 192
- Чоп этиш