Ўзбекистон делегацияси ИҲТ Комиссиясининг 21-сессиясида иштирок этмоқда

21 май куни Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 21-сессияси бошланди. Сессияда “Тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқлари: ИҲТ мамлакатлари учун норматив-ҳуқуқий база ва йўриқномалар” мавзуида муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

 Тадбирдан кўзланган мақсад ИҲТ мамлакатлари доирасида бизнес тузилмалари томонидан инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш, шунингдек, БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи тамойилларини самарали амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Муҳокамаларда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, Марокаш ва Озарбайжон Омбудсманлари, ИҲТга аъзо мамлакатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, адлия ва ташқи ишлар вазирликлари, Саудия Aрабистони давлат органлари ва бизнес тузилмалари вакиллари, шунингдек, БМТТД, ИҲТ, Халқаро ислом фиқҳ академияси халқаро экспертлари қатнашмоқда.

 Сессия ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва Ўзбекистоннинг Aр-Риёддаги элчихонаси биринчи котиби С.Набиевдан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

Очилиш маросимида ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таҳа ҳамда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси элчи Муҳаммад Сулаймон Лавал сўзга чиқиб, миллий ва халқаро бошқарув тизимида трансмиллий корпорациялар ва бизнес тузилмаларининг ортиб бораётган ролини ҳисобга олган ҳолда, сессия давомида ижтимоий, сиёсий, экологик, ҳуқуқий ва бошқа турли соҳаларга тааллуқли мавзуларнинг муҳокама этилиши муҳимлигини таъкидладилар.

 Тадбиркорлик фаолияти бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар ҳаётида ўз аксини топаётгани қайд этилди. Ҳатто кичик корхоналарда ҳам қитъаларни қамраб оладиган қиймат занжирлари мавжуд. Тадбиркорлик фаолияти нафақат мижозлар, ходимлар ва таъминот занжири пудратчиларига, балки бутун жамоаларга ва атроф-муҳитга таъсир қилади.

Бу масалалар кўпинча мураккаб ва бир-бирига зид бўлиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим бўлган масалаларни яхлит муҳокама қилишни талаб этади. Исломнинг асосий тамойиллари муваффақиятли ва барқарор иқтисодий фаолият учун юқори ахлоқий меъёрларни сақлашни тақозо этади.

Сессия учта шўъбада ўз ишини давом эттирди. Шўъба йиғилишларида “Бизнесда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг исломий ва институциявий асослари”; “Бизнесда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлар ва стратегиялар”; Инсон ҳуқуқлари нормаларига риоя қилиш ва уни такомиллаштиришда тадбиркорлик тузилмаларининг роли” мавзулари кўриб чиқилмоқда.

 Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан тадбиркорлик фаолияти жабҳасида инсон ҳуқуқларига риоя этилишига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2011 йилда қабул қилинган БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи тамойилларида давлатлар ва бизнес тузилмалари, корпорациялар учун тадбиркорлик фаолияти натижасида юзага келадиган инсон ҳуқуқларига оид салбий оқибатларнинг олдини олиш, юмшатиш ва бартараф этиш муҳимлиги назарда тутилган.

Айни пайтда ер юзидаги кўпгина долзарб муаммолар иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар, ўсиб бораётган тенгсизлик ва қашшоқлик, коррупция ва ноқонуний миграциянинг сабаб ва оқибатларидир. Ўз навбатида, коронавирус пандемиясининг инсон ҳуқуқлари ва иқтисодиёт билан боғлиқ оқибатлари ҳукуматлар ва бизнес соҳасининг барқарор инсон ҳуқуқлари ёндашувига асосланган кўп томонлама ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларга қўшилиши зарурлигини кўрсатди.

 Сессия асносида Янги Ўзбекистонда Тараққиёт стратегияси изчил амалга оширилаётгани ва конституциявий референдум якунлари ҳақида атрофлича ахборот тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистонда қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизда Бизнес-омбудсман самарали фаолият олиб бораётгани, “Тадбиркорлар куни” белгилангани, тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий ҳаракатлар режаси ҳамда тадбиркорлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастури лойиҳалари тайёрланаётгани сингари амалий чора-тадбирларга оид далиллар ҳам сессия аҳлини бефарқ қолдирмади.

Сессиянинг биринчи иш куни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва Марокаш Омбудсмани ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумки, 2022 йилда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳам шундай меморандум тузилган. Бундан ташқари, ҳозирги кунга қадар ИҲТ Комиссияси билан Саудия Aрабистони, Туркия ва Озарбайжоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

 Сессия иши 25 майгача давом этади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech