Фарғонада тренинг: Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ўрганилди

Фарғонада 24-25 апрель кунлари "Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муносабатда бўлишнинг суд-тиббий ҳужжатлаштириш" мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди.

Мазкур тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тренингда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт мутахассислари ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари иштирок этди. Уларга Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш соҳасидаги халқаро стандартлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи А.Карттунен, қамоқхона ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, IPPF халқаро пенитенциар жамғармасининг МДҲ мамлакатлари бўйича вакили А.Шамбилов (Испания), суд тиббиёти профессори, Тбилиси давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири Р.Бериашвили (Грузия), Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиали директори ўринбосари Б.Сиддиқов, шунингдек, Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасининг тартиб ва қўриқлаш бўлими бошлиғи сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, мазкур тренинг БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг 40 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилмоқда. Ўзбекистонда ЕХҲТ кўмагида 2020-2024 йилларда қийноқлар ва шафқатсиз муомала ҳолатларини самарали ҳужжатлаштириш бўйича 10 дан ортиқ ўқув семинар ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш, халқаро стандартларни фаол жорий этиш ва қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш бўйича қонунлар қабул қилиш борасида сезиларли ютуқларга эришгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қийноқлар ва шафқатсиз муомала ҳар қандай ҳолатда, ҳеч қандай истисносиз мутлақо тақиқланган, бу эса мамлакатнинг инсоннинг асосий ҳуқуқларига содиқлигини тасдиқлайди.

Икки кунлик тренинг иштирокчиларига ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ва миллий амалиёт ҳақида кенг қамровли маълумот берилди. Иштирокчилар қийноқларнинг олдини олиш масалаларини тартибга солувчи асосий халқаро ҳужжатлар, хусусан, Истанбул протоколи билан танишдилар. Истанбул протоколининг асосий тамойиллари, мазмуни ва қоидалари батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари, айниқса қийноқларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар ҳақида маълумот олдилар. Қийноқлар ва шафқатсиз муносабатни ҳужжатлаштириш усуллари ва воситалари, жумладан, жабрланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва психологик қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қийноқларга дучор бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, қийноқларни ҳужжатлаштириш ва олдини олиш жараёнида тиббиёт ходимларининг роли масалалари чуқур таҳлил этилди. Иштирокчилар халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлди.

Тренинг Ўзбекистонда қийноқларни ҳужжатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш билан якунланди. Иштирокчилар муҳокама қилинган масалалар бўйича келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech