2022 йил 22 май куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 19-доимий сессияси ўз ишини бошлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 26 майгача давом этадиган мазкур сессияда иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили У.Мақсудов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими И.Абдумажидов бор.
Сессия доирасида 24 май куни “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзусида халқаро семинар ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус Ўзбекистон вакили томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси сифатида фаолияти давомида илгари сурилган. Ўзбекистон вакиллари ИҲТ ИҲМДК тадбирларида мунтазам фаол иштирок этиб келмоқда.
Тадбирда ИҲМДК Комиссарлари турли хил халқаро ва минтақавий мутахассислар билан биргаликда, шунингдек ИҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар вакиллари, шу жумладан уларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этди.
Халқаро анжуманни ИҲМДК раиси ва ИҲТ Бош котиби очиб берди. Шундан сўнг инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари юзасидан миллий институтлар ролини кучайтиришга доир тақдимотлар намойиш этилди.
Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг мажбурияти бўлиб, у қонун устуворлигини таъминлайдиган турли хил ҳуқуқий ва маъмурий тизимлар орқали ресурсларни тенг тақсимлаш ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва камситмаслик тамойиллари орқали амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўз ўрнида ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари тизимларини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи таркибий қисмга айланди. Бошқа давлат ташкилотларидан фарқли равишда, миллий институтлар ўзининг мустақиллик ва доимийлик хусусиятига асосланган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли миллий режаларни ҳамда истиқболли стратегияларни ишлаб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.
ИҲТга аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукумат сиёсатини белгилаб берувчи инсон ҳуқуқлари бўйича кучли миллий тизимларни жорий қилиш аҳамиятини юқори баҳолайди. Шунга биноан, ИҲТга аъзо давлатларнинг тўртдан уч қисмини, яъни 60 фоизини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича миллий институтлар ташкил этди.
Ушбу 34 та миллий институтдан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар Глобал Алянси талаблари бўйича 16 таси “А” мақомга, 16 таси “Б” мақомга ва фақат иккитаси “C” мақомга эга. Бу эса ИҲТга аъзо мамлакатларда ташкил этилган деярли барча миллий институтлар Париж тамойилларига тўлиқ ёки қисман мос келади деганидир.
ИҲТ мамлакатларидаги кўплаб миллий институтлар БМТ ва ИҲТ институтлари билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмоқда. Улар халқаро ва минтақавий нормалар ҳамда стандартлар миллий даражада қўлланилишини назорат қилиб боради.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан ИҲТга аъзо мамлакатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар учун ҳуқуқий ва меъёрий асослар ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқлари тараққиёти ва ҳимоясидаги роли ва аҳамиятини, миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ўз ваколатини амалга ошириш давомида институционал имкониятларини кучайтириш усуллари ва воситалари, инсон ҳуқуқлари бўйича турли соҳаларда миллий институтларнинг иш фаолиятини кучайтириш, тажриба ва энг яхши амалиётларни алмашиш учун майдон ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари илғор тажрибаси муҳокама қилинди. Комиссиянинг мазкур масала бўйича тегишли ҳужжати қабул қилинди.
Маълумот учун: Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ҳозирги кунда 57 та давлатни, шу жумладан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ҳам бирлаштирган. ИҲТ БМТдан кейин иккинчи йирик давлатлараро бирлашма ҳисобланади. Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда қўшилган ва унинг кўп қиррали тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.05.2022
- Кўришлар: 3824
- Чоп этиш