Маъмурий суд билан боғлиқ идоралараро комиссиянинг вазифалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Олий суд раиси Б. Исломов раислигида ўтган йиғилишда  кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли одил судлов соҳасида катта ўзгаришлар юз бергани қайд этилди.  

Муҳим ислоҳотлардан бири – бу оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилгани, яъни маъмурий судларни ташкил этилгани бўлди.

Ушбу судларнинг асосий вазифалари сифатида давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлик)дан шахсни ишончли ҳимоя қилиш белгиланди. Натижада аҳоли манфаатларига зарар етказаётган минглаб ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди. 

Давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари маъмурий судларда тикланди.

– Мисол учун, 2017 - 2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлса, шундан киритилган аризаларнинг 61 мингга яқини ёки 60 фоизи қаноатлантирилган, - деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Ўтган йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 41 фоизни ташкил этиб, 15 мингдан ортиқ ишлардан 7 мингга яқин талаблар қаноатлантириди.  

Йиғилишда кейинги 8 йилда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, маъмурий судлар соҳасига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги институтлар киритилгани таъкидланди. 

Хусусан, маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида олиб борилиши белгиланди. Шунингдек, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талаби билан маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Яна бир муҳим ислоҳотлардан бири – маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш қоидаси белгилангани бўлди.

Шу билан бирга, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида келишувга эришиш механизми жорий қилинди. Ушбу ислоҳот туфайли тарафларга низони ортиқча вақт ва харажатларсиз тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тақдим этилди.

Амалга оширилган салмоқли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш белгиланди. Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, ушбу концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича идоралараро комиссия таркиби белгиланди.

Йиғилишда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиянинг иш режаси ҳамда вазифалари тақсимоти муҳокама этилди ва тасдиқланди.

                                                         Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech