Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида "Маҳалла институти аҳоли билан давлат ўртасида муҳим ижтимоий кўприк" мавзусида конференция ўтказилди.
Халқаро анжуманда БМТнинг Тараққиёт дастури бош Администратори – БМТ Бош котиби ўринбосари Ҳаолианг Ху, БМТ ECOSOC Кенгашининг вице-Президенти Лок Баҳадур Тҳапа, Ёшлар ишлари бўйича Бош котибнинг ўринбосари, БМТ Ёшлар Бюроси раҳбари Фелипе Пауллер, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов, қатор хорижий тузилмалар ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, маҳалла тизимидаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида тақдимот қилинди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев хориждаги нуфузли олимлар, экспертларга бу борада маълумотлар тақдим этди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда 3 минг йиллик тарихга эга, дунёда ўхшаши бўлмаган тузилма – маҳалла институти асрлар давомида халқимиз ҳаётининг мазмуни билан бирга, қадриятлар, инсоний муносабатлар, орзу-мақсадлар асоси бўлиб келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан маҳалла тизими бугун жамиятимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи бўғинига айланди. Маҳалла – Янги Ўзбекистон даврида мазмунан трансформациялашди ва БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор Ривожланиш мақсадларидаги 17 та мақсад ҳамда 169 та вазифаларини бажаришда энг фаол асосий ижтимоий институтга айланди.

Бугунги кунда одамларнинг ҳар қандай масаласи, муаммолари, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш маҳалланинг ўзида ҳал этиляпти.
Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла катта куч сифатида майдонга чиқмоқда. Маҳалла ҳар бир оила, ҳар бир инсон муаммоси, дарду ташвишига чуқур кириб бора оладиган халқчил тузилма сифатида янада фаоллашди.
Ўзбекистонда 208 та туман (шаҳар)лардаги 8 минг 852 та маҳаллада 7,5 миллионга яқин хонадон ва 10 миллионга яқин оилалар мавжуд бўлиб, 38 миллион нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон дунёда камдан-кам давлат демографик ўсиш бўлаётган, яъни аҳолиси ҳар йили қарийб 1 миллион нафарга ошаётган мамлакатлардан. Аҳолининг 60 фоиз ёшлардир.
Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қатор стратегик қадамлар ташланди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди, “Маҳалла еттилиги” модели жорий этилди. Маҳалланинг давлат органлари билан институционал уйғунлиги таъминланди. Маҳалла раисларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. Бюджетли ва молиявий мустақиллик тамойили жорий этилди — ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети шакллантирилди. “Рақамли маҳалла” ягона ахборот платформаси орқали бюрократия қисқартирилди. Энг муҳими, давлат бошқарувининг номарказлашиши амалга ошди. Эндиликда, Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда 57 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” аъзоси фаолият юритяпти.
Маҳалла раиси – ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлайди, жамоатчилик назоратини йўлга қўяди, “еттилик” фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга раҳбарлик қилади. Ҳоким ёрдамчиси – аҳоли бандлигини таъминлайди, “маҳалла банкири” билан бирга тадбиркорликни ривожлантиради. Ёшлар етакчиси – ёшларни фаол ҳаётга жалб этади, иқтидорини рўёбга чиқаради, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиб, муаммоларига ечим топади. Хотин-қизлар фаоли соғлом оила, репродуктив саломатлик ва гендер тенглик соҳаларида фаолият юритади. Профилактика инспектори – жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлайди, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олади. Солиқчи маҳалла бюджетни мустаҳкамлаш чораларини кўради, аҳолининг солиқ қонунчилигига оид ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ижтимоий ходим – маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, заиф қатлам вакилларига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатади ва инклюзив сиёсатни олиб боради.
Ўзбекистон Президентининг яна бир ташаббуслари билан маҳаллалар иқтисодий марказлар, бизнес субъектлари сифатида ривожланмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда 2 минг 600 та маҳаллада ўқув марказлари, 200 га яқин маҳаллада Ёшлар иқтисодий зоналари, 700 га яқин маҳаллада Ёшлар тадбиркорлик марказлари барпо этилиб, фаолият юритмоқда.
“Маҳалла сервис компаниялари” ташкил этилди. Бугунги кунда улар тозалик, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда самарали ишлаяпти. Умуман олганда, мазкур тизим орқали маҳаллаларда ободлик, атроф-муҳит мусаффолиги таъминланади. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида барча маҳаллаларда дарахтлар ўтқазилади, яшиллик ҳар бир ҳудудга кириб боради.
Яна бир муҳим сиёсий қадамлардан бири — “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонун асосида жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб маҳалла раисларининг сайловлари демократик тамойиллар асосида, халқимизнинг фаол иштирокида, ёпиқ овоз бериш йўли билан очиқлик ва ошкоралик муҳитида ташкил этилди.
Сайловларда қатнашган 26 минг 334 нафар номзод Президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келгуси 5 йил давомида маҳаллани ривожлантириш бўйича устувор дастурларини аҳолига тақдимот қилди.
Якунда демократик тамойил — ёпиқ овоз бериш йўли билан 8 минг 852 нафар маҳалла раиси 5 йил муддатга сайланди. Улар орасида аёллар – 13,5 фоизни, сайланган раисларнинг ўртача ёши 51 ёшни ташкил этди. Сайлов орқали ташаббускор, одамларни ортидан эргаштира оладиган, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга, фидойи ва жонкуяр раислар сайлаб олинди, халқимиз уларга юксак ишонч билдирди.
Ўзбекистонда маҳалла институти фақат миллий модель эмас, балки глобал ҳамкорликнинг ҳам муҳим йўналишига айланмоқда. Маҳалла миқёсида шаклланган тажрибалар кўпчилик хорижлик экспертларнинг эътиборини тортиб, Ўзбекистонга келиб, маҳалла муҳитида яшаб кўриб, таҳлил қилишга чорлаяпти.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси — БМТ, шу жумладан UNDP, UNFPA, UNICEF, KOICA каби ташкилотлар, қатор хорижий мамлакатлар маҳаллий ўзини ўзи бошқарув органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Ушбу ҳамкорликлар орқали гендер тенглиги, ёшлар иштироки, инклюзив сиёсат, ижтимоий хизматларни маҳаллийлаштириш йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ўз олдига бир қатор стратегик мақсадларни белгилаб олган. Маҳаллаларда рақамли бошқарувни тўлиқ жорий этиш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини маҳалла даражасида мустаҳкамлаш, ёшлар ва аёллар учун имкониятлар янада кенгайтириш, ижтимоий хизматларни стандартлаштириш ва маҳаллийлаштириш, халқаро ташкилотлар билан доимий мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.
Бугунги глобаллашув даврида тинчликни сақлаш, аҳоли ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни кучайтириш, бағрикенглик, миллатлараро дўстлик тамойилларини қарор топтиришда маҳалла ўзига хос институт саналади.
Анжуман даврида халқаро ташкилотлар ва экспертлар жамоалари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан амалий ва институционал ҳамкорликка даъват этилди. Халқаро конференцияда кўплаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан Ўзбекистондаги янгиланишлар, ислоҳотлар алоҳида ва юксак эътироф этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 02.07.2025
- Кўришлар: 206
- Чоп этиш