Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг мажлиси
3-сонли БАЁННОМАСИ
2025 йил 29 июль Тошкент шаҳри
Раислик қилди: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашини раиси Д. Ашуров
Иштирок этдилар:
(онлайн ва офлайн) Жамоатчилик кенгаши аъзолари (рўйхат бўйича), Миллий марказ ходимлари.
КУН ТАРТИБИ:
- БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасининг бажарилиши мониторинги муҳокамаси.
- БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режасининг бажарилиши мониторинги муҳокамаси.
I
БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасининг бажарилиши мониторинги муҳокамаси тўғрисида
(Д.Ашуров, А. Саидов, Ф.Хайитбоев, О.Илмурадова, Д.Кабулова, Г.Юлдашева.)
Биринчи масала юзасидан БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилиши юзасидан 2025 йил 15 апрель ҳолатидаги мониторинг натижалари бўйича ахборот берилди:
Хусусан, Миллий ҳаракатлар режаси 24 йўналиш, 69 (43 кичик банд) банддан иборат бўлиб, шундан 65 та банд (58.2%) бажарилган, 43 та банд (38.3%) бажарилмоқда, 4 та банд (3.5%) бажарилмаган ёки бажарилгани бўйича маълумот тақдим этилмаган.
2025 йилнинг апрель ойига қадар Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида 2 та қонун ва 4 та Президент қарор ва фармонлари қабул қилиниб, 1 та Дастур тасдиқланди. Шунингдек, 2 та мониторинг, 3 та танлов ва акциялар, 3 та ижтимоий сўровномалар, 26 та ўқув-тренинг машғулотлари ҳамда 20 та семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Мониторинг давомида масъул вазирлик ва идоралар томонидан маълумот тақдим этишда бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилган.
Миллий ҳаракатлар режасининг 18.1-18.2-бандлари ижроси бўйича Давлат бошқаруви академияси томонидан 2024-2025 ўқув йилининг ноябрь ойида вазирликлар ва давлат органлари матбуот хизмати раҳбарлари учун жами 31 нафар тингловчига “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” мавзусида маъруза ва семинарлар, декабрь ойида туман (шаҳар) сектор раҳбарлари учун жами 824 нафар тингловчига “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари” мавзусида маъруза ва семинарлар, февраль ойида Давлат бошқаруви академиясида вазирликлар ва давлат органлари матбуот хизмати раҳбарлари учун жами 30 нафар тингловчига “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” мавзусида маъруза ва семинарлар, март ойида Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун қисқа муддатли малака ошириш курси давомида 45 нафар тингловчига “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” мавзусида маъруза ва семинарлар ўтказилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг 63-банди ижроси бўйича Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2025 йил март ойи давомида хотин-қизлар ўртасида эрта турмуш – келтирар ташвиш”, “Вояга етмаган қизлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда мутахассислар иштирокида 2693 маротаба тушунтириш ишлари ва профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Мажлис иштирокчилари ушбу ҳисоботни маълумот учун қабул қилишди ва Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилиши юзасидан тавсияларини билдиришди.
Шунингдек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасининг бажарилиши мониторинги натижалари бўйича камчиликлар юзасидан саволлар берилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг тегишли бандларида ижро этувчи вазирлик ва идоралар учун аниқ вазифалар юклатилиб, ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича механизмлар белгиланган. Бироқ, бир қатор ижрочилар томонидан вазифалар ижроси юзасидан юборилган маълумотлар мазмуни аниқ бўлмаган, умумий тарздаги маълумот ёки ҳисоботлар тақдим қилиш билан чекланилганлиги маълум бўлди (Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агенлиги, Маданият вазирлиги). Шунингдек, аксарият ижро этувчилар томонидан Миллий ҳаракатлар режасида кўзда тутилган вазифаларни тўла тушунмаслик оқибатида тегишли бандларга номувофиқ бўлган маълумотлар тақдим қилинган (Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Фанлар академияси).
II
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режасининг бажарилиши мониторинги муҳокамаси тўғрисида.
(Д.Ашуров, А. Саидов, Ў.Очилов, О.Ильмурадова, Т.Турсунов.)
Иккинчи масала юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси амалга оширилиши бўйича ахборот берилди:
Миллий ҳаракатлар режаси жами 100 та банддан (шундан 144 таси кичик бандни ташкил қилади) иборат. Вазирлик, идора ва ташкилотлардан олинган маълумотларга асосан Миллий ҳаракатлар режасининг жами 144 та кичик бандидан 24 та кичик банд (17 %) бўйича ишлар бажарилган, шундан, 80 та кичик банд (55 %) бўйича топшириқлар бажарилмоқда, 9 та кичик бандни (6 %) амалга ошириш бўйича маълумотлар вазирлик, идоралар томонидан тақдим этилмаган. 31 та (22 %) кичик банднинг бажариш муддати келмаган.
2025 йилда Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида бола ҳуқуқларини такомиллаштиришга оид 1 та стратегия лойиҳаси (Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича 2025 – 2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия) ва 1 та Президент қарори (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025-2030-йилларда Она сути билан озиқлантиришни қўллаб қувватлаш ҳамда чақалоқ ва ёш болалар учун овқатланишни оптималлаштиришнинг чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор) лойиҳаси тайёрланди. Шунингдек, бола ҳуқуқларига оид 4 та ўқув-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
2025 йил I чорак даврида Миллий ҳаракатлар режасининг “Болаларга нисбатан зўравонлик”, “Ногиронлиги бўлган болалар”, “Болалар саломатлиги ва соғлиқни сақлаш хизматлари”, “Ўсмирларнинг саломатлиги” йўналишларида топшириқлар амалга оширилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг 45-банди ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда бола ҳуқуқларини такомиллаштиришга оид 3 та тадбир ташкил этилди ҳамда ушбу тадбирларнинг 2 тасида Марказ вакиллари томонидан маъруза қилинди.
Йиғилиш давомида ҳар бир соҳада экспертлар иштирокини таъминлаш, ННТлар билан ҳамкорликда кенг муҳокамалар уюштириш, шунингдек ҳар бир йўналиш бўйича аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилаш лозимлиги айтилди.
Мажлис иштирокчилари ушбу ҳисоботни маълумот учун қабул қилишди ва Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилиши юзасидан тавсияларини билдиришди.
Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режасининг болаларга нисбатан зўравонлик йўналиши бўйича олиб борилган ишлар бўйича маълумот беришни сўради.
Миллий ҳаракатлар режасининг 5-банди ижроси доирасида 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига ва тарбия колонияларига 31 маротаба мониторинг ташрифлари ўтказилди. Бунда муассасалардаги болаларнинг яшаш
ва овқатланиш, улар билан муомалада бўлиш шарт-шароитлари ўрганилди. Мониторинг давомида муассаса тарбияланувчилари ҳамда ходимлари билан 100 маротаба умумий, муассасада сақланаётган болалар билан 450 дан ортиқ якка учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агенлиги тизимидаги бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда жисмоний жазо қўлланганлигини ўрганиш бўйича саволномалар ташкил этилди. Ҳозирда тўпланган маълумотларни умумлаштирган ҳолда жисмоний жазони тақиқлаш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Йиғилиш якунида мажлис иштирокчилари томонидан Миллий ҳаракатлар режаси доирасидаги ислоҳотларни давом эттириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, Миллий ҳаракатлар режасида қолган вазифаларни бажариш жараёнини жадаллаштириш ва амалга оширилаётган чоралар сифати ҳамда самарадорлигини мунтазам назорат қилиб бориш муҳим эканлиги таъкидланди.
I
Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиб, Жамоатчилик кенгаши томонидан
ҚАРОР ҚИЛИНДИ:
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Миллий ҳаракатлар режасининг мониторинги юзасидан тақдим этган ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
- БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024 – 2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси доирасида қолган бандларни бажариш бўйича тегишли идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин.
- Миллий марказ, мутасадди вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
Кенгаш раиси Д. Ашуров
Кенгаш котиби Г. Юлдашева
Ўзбекча
English
Русский