Жамоатчилик кенгаши мажлисининг 2-сонли баённомаси

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг мажлиси

2-сонли БАЁННОМАСИ

 

 

 

2025 йил 30 апрель                                                                                                                                                    Тошкент шаҳри

 

Раислик қилувчи: А.Саидов - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ раиси

Қатнашдилар: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, республика вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Марказ ходимлари

 

 

КУН ТАРТИБИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш, Лойиҳа бўйича таклиф ва тавсиялар олиш

 (А.Саидов, М.Тиллабаев, Д.Муратова, М.Нурматова, Б.Рахмонов, О.Исаков, Ф.Норматов, Т.Мурадов, Ш.Собуров, Ф.Ражабов, Ш.Тўхташева)

 

Марказ директори А.Саидов бугунги йиғилиш иштирокчиларини кун тартибидаги масалалар билан таништирди ҳамда Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган миллий стратегияси лойиҳасининг асосий қоидалари ва ундаги чора-тадбирлар, Миллий стратегиянинг тузилиши, шунингдек Миллий стратегияни қабул қилиш доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали эришиладиган натижаларга қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари М.Нурматова Миллий стратегия лойиҳасида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалаларига кенг тўхталиб ўтилгани, унинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келиши, шунингдек бугунги кунда ушбу соҳада мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар етарлича назарда тутилганлиги тўғрисида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи, Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Б.Рахмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ушбу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек Миллий стратегияда ижтимоий ҳимоя масалалари алоҳида урғу берилгани, ижтимоий ҳимоя тизимига хусусий секторни жалб қилиш, ижтимоий уй-жой билан таъминлаш масалалари хусусида тўхталиб, Миллий стратегиянинг Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги сиёсий иродасини намоён этувчи дастурий ҳаракатлар режаси эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси О.Исаков эса, Миллий стратегия лойиҳасидаги Миллий қонунчилик ва амалиётни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш, Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларидан ҳамда уларнинг хизматларидан фойдаланиш имкониятининг мажбурий миллий стандартларини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида инклюзив таълим бўйича ресурс марказлари тармоғини ривожлантириш масалалари ҳақида гапирди ва бир қатор таклифлар билдирди.

Миллий стратегия лойиҳаси бўйича миллий маслахатлашувлар доирасидаги муҳокамаларда “Адолат кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Ф.Норматов Лойиҳага пенсионерлар ҳуқуқларини янада таъминлаш бўйича чора-тадбирларни киритиш, Ветеран фахрий жангчилар бирлашмаси раиси Т.Мурадов Лойиҳага ногиронлиги бўлган собиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳаракатланиши усун қулайликлар яратиш, АОКА вакили Ш.Собуров Ахборот кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш муддатларини кечиктириш, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили Ф.Ражабов Миллий стратегияда назарда тутилган чора-тадбирларнинг молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш, Бош прокуратура бўлим прокурори Ш.Тўхташева митинг, йиғилиш ва намойишлар, шунингдек, оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни қайта кўриб чиқишни шунингдек, аҳолининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиядан хабардорлигини ошириш ва уни мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси О.Исаков Миллий стратегия лойиҳасини Президент фармони билан қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳамда2026-2030 йилларга мўлжалланган Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирларни Миллий стратегия лойиҳасига киритиш бўйича таклифлар билдирдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш мақсадида йиғилиш

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-16-сон Фармони ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашни тезлаштирилсин.
  2. Ишчи гуруҳ аъзолари Миллий стратегия лойиҳасини такомиллаштиришда ушбу йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олсин.
  3. Мазкур йиғилишининг баёни ижроси устидан назоратни ўз зиммамда қолдираман.

 

 

Кенгаш котиби                                                                      Г. Юлдашева

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech