21 ноябрь – Xалқаро телевидение куни
Инсон ҳаётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Бугун жамиятда уларнинг ўрни беқиёс. Телевидение, радио, газета ёки инетрнет – ҳар бирининг ўзига хос ахборот бериш тартиби ҳамда йўналиши бор. Ким қандай ахборотга эга бўлса...
Аммо оммавий ахборот воситалари орасида телевидениенинг аҳамияти беқиёс. Биз у орқали кўра оламиз, эшитамиз, муҳими тасвир ва овоз унда мужассам.
Тўғри, кимдир айтиши мумкин, интернетда барчаси мавжуд деб, аммо телевиление улардан фарқли ўлароқ тамал тошини қўйиб улгурган оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланади. Таъкидлаш лозим, телеведение ахборот ва маълумотлар маконига айланган, кенг омма эҳтиёжларини қондирувчи восита сифатида хизмат қилиб келмоқда.
Униг тарихи деярли бир аср аввалги даврга бориб тақалади. Ота-боболаримизга завқ бағишлаган, уларнинг бир уйда дийдорлашишлари учун имкон берган замонавий ясси экранли телевизорларнинг “бобокалонлари” ХХ асрнинг 20-йилларида АҚШ, Япония, Россия ҳудудида электрон нурлар орқали тасвир узатиш ва қабул қилиш борасида тадқиқотлар олиб бориш жараёнида пайдо бўлган.
Шубҳасиз, бу ҳолат барчага қувонч бағишлаган, замон билан ҳамнафас яшаб, ривожланишга, ўсишга туртки берган. Муҳими, янгиликларнинг тез ва осон етказилишини таъминловчи ахборот макони ҳам ҳисобланган.
1996 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси илк маротаба Бутунжаҳон телевизион форумини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиб, тадбир ўтказиладиган санани “Xалқаро телевидение куни” деб эълон қилган. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида соҳа вакиллари 21 ноябрни байрам сифатида нишонлайдилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси телевидениени жаҳоннинг эътиборини можаролар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган ҳолатларга ҳамда иқтисодий-ижтимоий масалаларни ўз ичига олган бошқа муҳим масалаларга қаратишда асосий таъсир кучи деб тан олган.
Шунингдек, телевидение жамоатчилик фикрини бошқаришнинг муҳим воситаси ҳамдир. Телевидение жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда, унга таҳлилий ёндаша оладиган ва реалликка асосланган оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланади.
Дарвоқе, кўплаб манбаларда телевизорнинг ватани дея пойтаxтимиз Тошкент эътироф этилган. Электрон телевидение тизими 1928 йилда тошкентлик икки кашфиётчи Б.Грабовский ва И.Белянский томонидан яратилган. Тажриба сифатида қўлланилган илк телевизион ускуна ўша пайтда “телефот” деб номланган.
Алоҳида тилга олишни жоиз деб билдик, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг видео бўлими ҳам мавжуд. У дунёдаги гуманитар инқирозлар ҳақида видео материаллар, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт каби долзарб масалалар бўйича ҳужжатли фильмлар тайёрлаб беради. Шунингдек, Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишларини тўғридан-тўғри трансляция қилади.
Видео бўлим ўз фаолиятини 1947 йилда бошлаган ва материалларини БМТда амал қиладиган олтита тилда тайёрлайди. Бу амалий ишлар ҳам, ўз-ўзидан, телевидениенинг масъулиятли вазифаларини яққол кўрсатиб туради.
Хуллас, тасвирни сифатли кўрсатиб бериш борасида алоҳида аҳамиятга эга бўлган телевидение инсонларга ҳар томонлама кўмак берувчи, уларни бирлаштирувчи ҳамда ахборотнинг асл кўринишини кўрсатувчи муҳим оммавий ахборот воситаси ҳисобланади.
Севара Ишмуратова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Умумий бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 18.11.2021
- Кўришлар: 3319
- Чоп этиш