Чингиз Айтматов уй-музейига Ўзбекистонда нашр этилган китоблар тақдим этилди

10 июнь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган «Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги» мавзусидаги халқаро форум иштирокчилари Чингиз Айтматов уй-музейини зиёрат қилдилар. Меҳмонларни атоқли адибнинг фарзанди, Чингиз Айтматов Фонди президенти Элдор Айтматов кутиб олди.

Тадбирда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби Султон Раев, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Анқара шаҳридаги Чингиз Айтматов институти раҳбари профессор Иляс Тупсакал, ушбу Институт директорлар кенгаши аъзолари, Қирғизистон давлат органлари намояндалари, жамоат арбоблари, олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов Чингиз Айтматов уй-музейи кутубхонасига Ўзбекистонда атоқли адиб ҳаёти ва ижодига бағишлаб чоп этилган янги китобларни тақдим этди. Бу нашрлар орасида бевосита А.Саидовнинг қаламига мансуб “Чингиз Айтматов феномени” (“Феномен Чингиза Айтматов”) ҳамда “Чингиз Айтматов: мумтоз адабиётнинг олтин ҳикматлари” (“Чингиз  Айтматов: золотые афоризмы классической литературы”) номли китоблар бор.

Ушбу китобларнинг дастлабкисида мумтоз адибнинг ижодий мероси ва дипломатик фаолияти ҳақида сўз боради. Муаллиф Чингиз Айтматов асарларидан хабардорлиги, шунингдек, кўп йиллар давомида Тошкент ва Москва, Париж ва Брюссель шаҳарларида ёзувчи билан шахсан бўлиб ўтган суҳбатлари асосида туғилган бой таассуротлари ва фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширган. Кейинги китобдаги Чингиз Айтматов асарларидан териб олинган ноёб ҳикматли сўзлар буюк адибнинг номи зукко файласуф ва инсонпарвар зот сифатида мангуликка дохиллигича қолишидан яққол далолатдир.

Академик А.Саидов қайд этганидек, халқимиз улуғ қирғиз адибининг аксарият асарларини ўз она тилида анчадан буён ва қайта-қайта мутолаа қилиб келмоқда. Кейинги йиллиларда мамлакатимиз нашриётларида адибнинг ўнлаб китоблари чоп этилган. Айниқса, 2015 йилда ёзувчининг олти жилдлик “Тўла асарлар тўплами” нашр этилгани ўзбек китобхонлари учун ажойиб туҳфа бўлди. Бу асарларни таржима қилишда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев каби етакчи таржимонларнинг юксак маҳорати ва фидойиларча ижодий меҳнати таҳсинга лойиқдир.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори айни маънавий-маърифий жараёнга кучли турки берди. Хусусан, 2023 йили Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида “Чингиз Айтматов. Асарлар” 10 жилдлик тўплами чоп этилгани катта воқеа бўлди.

ЮНЕСКО нашрларида адиб асарларининг жаҳоншумул муваффақияти, унинг бутун дунёда тан олиниши билан боғлиқ қуйидаги хабарлар эълон қилинган: XXI аср бўсағасида Ч.Айтматовнинг асарлари 168 та мамлакатда, 165 та давлат тилида, 67,2 миллион нусхада, 830 марта нашр этилган. Бу рақамлар, албатта, кундан-кун ортиб бормоқда. Адибнинг кўплаб асарлари асосида фильмлар яратилган бўлиб, улар қизиқиш билан томоша қилинади.

Форумда эътибор қаратилганидек, яна икки йилдан кейин ТУРКСОЙ мамлакатлари Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлайди. Ушбу қутлуғ санага тайёргарлик доирасида яна кўплаб китоблар нашр этилиши, тасвирий санъат асарлари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилиши, адибнинг уй-музейи тубдан модернизация қилиниши кутилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech