АРАБ ТИЛИ – ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ КЎПРИГИ
18 декабрь – Бутунжаҳон араб тили куни
1973 йил 18 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси араб тилини ташкилотнинг расмий тили деб эълон қилди. Шундан бошлаб ҳозирга қадар инглиз, француз, испан, рус ва хитой тили билан бир қаторда араб тили ҳам БМТнинг расмий тили мақомида халқаро муносабатларда фаол қўлланилмоқда.
БМТ резолюциясига асосан, 2012 йилдан эътиборан 18 декабрь – Бутунжаҳон араб тили куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда араб тилини 400 миллиондан ортиқ киши ўз она тили деб билади. 1,5 миллиарддан зиёд инсон эса ушбу тилни ислом дини ва маданияти орқали турли даражада ўрганган.
Ислом динининг муқаддас китоби – Қуръони карим ҳам айнан араб тилида нозил қилингани бу тилга бўлган чексиз эҳтиром ифодасидир. Шунингдек, ҳадиси шарифлар ва ҳикматлар араб тилида ёзилиб, асрлар оша инсоният маънавиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
IX – XII асрларда содир бўлган Шарқ Ренессанси даврида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидан фалсафа, математика, астрономия, тиббиёт, адабиёт каби кўплаб соҳалар ривожига катта ҳисса қўшган олимлар етишиб чиқди. Ушбу даврда яшаб, фаолият юритган Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний каби буюк аждодларимиз ўз илмий-адабий асарларининг кўпчилигини араб тилида ёзганлар. Бу асарлар лотин тилига таржима қилинган ва ўша даврда Европада машҳур бўлган. Кейинчалик инглиз, француз, испан, португал, немис ва бошқа тилларга ҳам ўгирилган. Шарқ мутафаккирларининг бой илмий мероси Европа Ренессансига илмий замин яратган. Масалан, Ал-Хоразмийнинг “Ал-жабр” асари Европада шаклланган алгебра фанининг асоси бўлса, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби 500 йилдан ортиқ вақт давомида Европа тиббиёт дорилфунунларида асосий дарслик сифатида ўқитилган.
Бой тарихга эга араб тили бугунги кунда халқаро муносабатлар ривожига ҳам катта ҳисса қўшмоқда. У БМТдан ташқари Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси каби йирик халқаро ташкилотларда расмий тил мақомига эга. Шунингдек, дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида араб тили давлат тили экани ҳам унинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий аҳамиятидан далолат беради.
Ҳар йили 18 декабрь – Бутунжаҳон араб тили кунида дунёнинг деярли барча давлатларида араб тилининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ушбу халқаро сана кенг нишонланади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети каби олий ўқув юртларида, Ҳадис илми мактаби ва бошқа таълим муассасаларида шу куни бир қатор давра суҳбатлари, конференция ва кўргазмалар ташкил этилиши анъанага айланган.
Бутунжаҳон араб тили куни бизни турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги кўприкларни мустаҳкамлашга ундайди. Араб тили фақат сўзлар тўплами эмас, балки бутун бир олам, маданият ва қадриятлар тизимидир. У орқали биз нафақат мулоқот қиламиз, балки ўз тарихимиз ва дунё илмидаги ўрнимизни янада теранроқ англаймиз.
Халқаро араб тили куни барчамизни тилларни ўрганишга, турли маданиятлар билан танишишга ва бу орқали кенгроқ дунёқарашга эга бўлишга чорлайди. Зеро, ёзувчи, адабиётшунос ва маданиятшунос олим Жорж Стайнер таъкидлаганидек: “Ҳар бир тил – бу янги бир олам. Тилни ўрганиш билан биз фақат сўзларни эмас, балки халқнинг тафаккури, тарихи ва маданиятини ҳам кашф этамиз”.
Гулчеҳра БЕГМАТОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири
Ўзбекча
English
Русский