Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсатда айниқса қўшни мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида устуворлик бераётгани минтақамизда барқарор тинчлик қарор топиши, халқларимиз ўртасида ижтимоий иқтисодий ва сиёсий алоқалар янада чуқурлашишида муҳим омил бўлмоқда. Куни кеча Афғонистоннинг “Ariana news” янгиликлар портали айни мавзуда эълон қилган мақолада икки қўшни мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик улкан истиқболга эгалиги алоҳида таъкидланган.

– Кобулда бўлиб ўтган қўшма савдо учрашувида Афғонистон ва Ўзбекистон хусусий секторлари делегациялари муҳим ҳамкорлик шартномасини имзолади, – дейилган мақолада.

Тадбирда сўзга чиққан Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий ўзаро савдо-сотиқ кўламини кенгайтириш зарурлиги, бундай алоқалар мамлакатларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Бугун умумий қиймати 20 миллион доллардан ошадиган савдо битими имзоланди, – деди Азизий. – Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси билан савдо-иқтисодий алоқалари ҳозир тарихда мисли кўрилмаган даражага чиқди. Тадбиркорларимиз ўртасида алоқа ўрнатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар савдо ҳажми ошиши, мувозанат яхшиланишига олиб келади.

Мамлакатимизнинг Кобулдаги элчиси Ойбек Усмонов ушбу қўшни давлат билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳар томонлама манфаатли эканига урғу берди.

– Биз яқин йилларда Афғонистон билан савдо миқдорини 2 миллиард долларга етказишга тайёрмиз, – деди у имзолаш маросимида сўз олиб.

Афғонистон Савдо-саноат ва сармоя палатаси (ACCI) раиси Саид Карим Ҳошимий ҳар икки томон ишбилармонларига консуллик ёрдамини кучайтиришга чақирди:

– Узоқ муддатли кўп марталик ишбилармонлик визалари ва бошқа зарур консуллик хизматлари савдо-сотиқ кенгайишига олиб келади. Шунингдек, тегишли идоралар сармояни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича икки томонлама шартнома имзолашни тезлаштириши керак.

“Ariana news” хабарига кўра, Афғонистон Савдо-саноат ва сармоя палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда икки давлатнинг бизнес раҳбарлари ва ишбилармонлари қатнашган.

Палата расмийлари, шунингдек, минтақавий қўшма савдо палатаси ташкил этилиши Афғонистонни Европа бозори билан боғлашга ёрдам беришини ҳам таъкидлаган.

С.Раҳимов. ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech