Интернет тармоқларида 2023 йил 1 май куни “Ваҳшиёна қийноқ: Конституцияни оёғости қилманг!” номли материал эълон қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизматининг ушбу ахборотида, жумладан, “Тоштурма”да сақланаётган 29 яшар айбланувчи Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида сўз борган.
Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 3-қисми билан айбланувчи Абдунабиев Ҳасанбой Абдухалил ўғлининг ҳимоячиси – “YUNUSOBOD ADVOKATLARI” адвокатлар ҳайъати адвокати У.Мирзаевнинг 2023 йил 20 апрелдаги мурожаати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига жорий йил 1 май куни келиб тушган ва тегишли тартибда рўйхатга олинган.
Миллий марказ томонидан мурожаат бўйича шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига расмий хат киритилди. Адвокат У.Мирзаев тақдим қилган ҳужжат ва фотосуратлар ушбу хатга илова қилинди.
Ўзбекистон Республикаси 1995 йил 31 августдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси иккинчи қисмида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Бу ҳақдаги қонуний талаблар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддаси иккинчи қисмида жиноят процессининг принциплари сифатида кўрсатилган.
Кейинги йилларда ушбу турдаги жиноятни содир қилганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, 2018 йил 4 апрелда қабул қилинган қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 235-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларига қарши курашиш бўйича тизимли асосда ўқитилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг ўзида Тошкент, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ички ишлар хамда прокуратура органларининг қарийб 200 нафар ходими учун қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мунтазам равишда мониторинг тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йил 10-13 апрель кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ўтказилган шундай мониторинг асносида мазкур муассасаларда сақланаётган маҳкумлар ва ушланган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши, уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишга эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари муассасаларда сақланаётган шахслар билан уларга нисбатан муассаса ходимларининг муомаласи, қийноқ, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалаларда оммавий ҳамда якка тартибда суҳбатлашдилар. Мулоқотлар давомида қийноқ, тазйиқ ёки бошқа турдаги зўравонликлар содир этилганлиги бўйича маълумот ёки мурожаатлар тушмади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланиши инсон ҳуқуқларига мутлақо зидлигини ҳамда бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича аниқ амалий чоралар белгиланиши тарафдори эканини таъкидлайди.
Миллий марказ давлатимиз шаънига ҳам жиддий путур етказадиган бундай ҳолатларни қатъиян қоралайди, улар юзасидан зудлик билан тергов ўтказилиши ва ҳуқуқбузарлар жазосиз қолмаслиги таъминланиши лозим, деб ҳисоблайди.
- Қўшилди: 03.05.2023
- Кўришлар: 4439
- Чоп этиш