19-20 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Навоий вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ўтказилди. Унда вилоят прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим –тингловчи сифатида қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотларда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Яҳёжон Абдулҳақов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлади.
Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солиш шахснинг шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашга олиб келишига эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Қарорга мувофиқ, эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.
Машғулотлар Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари Абдуманноп Тўлаганов, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг доценти Қувонч Қодиров, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бўлим бошлиғи Луқмон Исоқов, Ички ишлар вазирлиги vалака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Олимжон Субанов ва Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова томонидан ўтказилди.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида Навоий вилоятининг ички ишлар ва прокуратура тизимларида фаолият олиб бораётган тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари 60 нафар ходимининг эгаллаган назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.09.2023
- Кўришлар: 3289
- Чоп этиш