ДАВЛАТИМИЗНИНГ ОЛИЙ МАҚСАДИ – ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДИР

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

 

Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва унинг барча ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, давлат томонидан кафолатлангандир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни янада яхшилаш ҳамда бу соҳадаги муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш борасида зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. Мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини, «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини бундан-да яхшилашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлашга қатъий эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинди, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа оширилди. Айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилди ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга” эканлиги, 55-моддасида эса “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли” эканлиги таъкидланган.

Шу билан бирга, Конституциямизнинг 56-моддасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашиши” эътироф этилган.

Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади. Унга юклатилган вазифалардан бири сифатида жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек, бу борада мониторинг ва таҳлил ўтказади.

Бу йил Миллий марказга аҳоли томонидан қилинган мурожаатларнинг ижобий ечим топгани борасида айрим мисоллар келтирамиз.

Жумладан, фуқаро М.С.нинг нотариус ижро хати ижроси таъминланмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига киритилган тавсия хати асосида қарздор ҳисобидан 22,5 млн. сўм ундирилиб берилиши таъминланган.

Шунингдек, фуқаро Д.А.нинг суд қарорига биноан қарздор ҳисобидан ундирувчи фойдасига вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 3,5 млн. сўм миқдоридаги алимент қарздорлиги ундирилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Мажбурий ижро бюросига киритилган тавсия хатига асосан қарздорлик тўлиқ ундирилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал қилинган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.А. нинг суд қарори асосида транспорт воситасига етказилган моддий зарар ундирилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича суғурта компаниясига киритилган тавсия хатига биноан 8.662.876 сўмлик моддий зарар тўлаб берилган.

Фуқаро Ш.В.нинг турмуш ўртоғи О.В.га ногиронлик гуруҳи тайинланишида ва нафақага чиқишида амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган тавсия хати асосида фуқаро О.В.га 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланган.

Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро А.М.нинг “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти корхонаси томонидан табиий газ учун ортиқча маблағ ҳисобланаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаати бўйича Фарғона вилоят прокуратурасига тавсия хати киритилган.

Бу борада прокуратура органи томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, жами 960 минг сўм нореал карздорлик бартараф этилган. Хонадондаги газ ҳисоблагич янги замонавий ҳисоблаш ускунасига алмаштирилиши таъминланган ва мурожаат қаноатлантирилган.

Фуқаро А.Н.нинг уни бир неча нафар шахслар уриб, тан жароҳати етказилган ҳолати бўйича қонуний чора кўрилмаётганидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Сурхондарё вилоят прокуратурасига тавсия хати киритилган.

Прокуратура органининг назоратида олиб борилган терговолди текширув ҳаракатлари натижасига кўра безорилик хатти-ҳаракатларини  содир этган фуқарога нисбатан тўпланган ҳужжатлар судда кўриб чиқилиб, айбдор шахсга нисбатан тегишли жиноий жазо тайинлаш ва жабрланувчи фойдасига 3 млн. 935 минг 500 сўм зарар ундириш тўғрисида суднинг ҳукми чиқарилган.

Шу билан бирга, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёл – фуқаро Н.С.нинг моддий жиҳатдан оилавий аҳволи ниҳоятда оғирлиги, касаллиги туфайли рўйхатда туриши ва мунтазам равишда даво муложалари олиб туриши лозимлигини билдириб амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича Бухоро вилояти ҳокимлигига тавсия хати киритилган. Шу асосда мурожаат муаллифига “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам ажратиш масаласи ҳал қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги демократик ислоҳотлар даврида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу соҳадаги давлат сиёсати самарадорлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими

бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech