12 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган 13, 16, 23-умумий ўрта таълим мактабларида «Янги Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари» ва “Конституция – Янги Ўзбекистон келажагининг пойдевори” мавзуларида ҳуқуқий маърифат дарслари ўтказилди.
Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармони ҳамда 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишига асосан ташкил этилди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари қатнашган ҳуқуқий маърифат дарсларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари О.Аҳмадов ва Н.Султонов маъруза қилди. Маърузачилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тарихий аҳамияти ҳақида ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги тегишли моддалар бўйича атрофлича маълумот бердилар.
Мулоқот асносида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва ажралмаслиги ҳақидаги билимларни изчил чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Мактаб ўқувчилари ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мазкур учта мактаб кутубхоналарининг ҳар бирига 30 тадан ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар беғараз тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.12.2023
- Кўришлар: 3059
- Чоп этиш