Салкам 500 нафар шоир ижодини бирлаштирган муҳташам шеърий антология

Устоз журналист, атоқли ижодкор, ёзувчи ва таржимон, публицист Карим Баҳриев ҳақгўй, ўз принципларидан сира оғишмайдиган, камтарин ва самимий инсон сифатида адабиёт, журналистика ва умуман кенг жамоатчилик эътиборини қозонган инсон.
Карим Баҳриевнинг 144 мамлакатнинг 494 нафар шоири ижодини қамраб олган “Дунё шеърияти. Антология” номли 3 жилддан иборат муҳташам тўплами адабиётимиз учун ўзига хос воқелик бўлди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур жамланманинг тақдимоти пайтида залга китобхон сиғмай кетгани фикримизнинг яна бир ёрқин исботи бўлди.

 

Адабий тўплам тақдимотига бағишланган тадбирда таниқли олим, академик, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўз, таниқли ижодкор Абдулла Аъзам, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар мазкур тўплам адабиётимиз, бадиий таржима соҳасида йирик ижодий тадқиқот, изланиш, муҳим қадам эканини алоҳида эътироф этдилар.

 

– Ушбу уч жилдли адабий тўплам ҳақида устоз ижодкор, академик, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг китоб сўзбошида айтилган гапларидан ўтказиб бирон гап айтиш мушкул, – деди атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. – Ҳар бир ҳақиқий шеърдан йиғи овози келади. Бу китобни ўқир экансиз, ҳар бир халқнинг дардли эканини ва шоирларни ана шу дард шакллантиришини англайсиз. Ижодкор дуч келган шеърни эмас, балки руҳиятига мос келган, сатрлардаги изтиробларни юрагидан ўтказган шеърларнигина уларнинг асл моҳиятини сақлаб қолган ҳолда таржима қилганини англаш мумкин. Тўпламдаги айрим таржималар ҳатто оригиналидан кўра анча мукаммалроқ ва яхшироқ эканини китобхон дарров англайди. Карим Баҳриевнинг маҳорати – шеър руҳини топа билганида. Чинакам шеърият ўлмайди, деган сўзлар Карим Баҳриевнинг айнан мана шу таржималарида мужассам.

 

Адабий анжуманда эътироф этилганидек, 144 мамлакатнинг салкам 500 нафар шоири ижодидан намуналарни она тилимизга таржима қилиш ҳали дунё тажрибасида жуда кам учрайдиган муҳташам ёндашувдир. Мазкур ўта мураккаб ва масъулиятли ижодий жараёнга муаллиф ўттиз йил умрини бағишлади.

– Ўзбек шеърияти дунёнинг энг буюк шеърияти саналади, – деди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. – Карим Баҳриевнинг бу таржима асари замирида жуда катта матонатли меҳнат бор. Бу китобнинг меҳнатида ижодкорнинг умр йўлдоши Илмира Раҳматуллаеванинг ҳам ҳиссаси бор, деб ўйлайман.

 

“Дунё шеърияти. Антoлoгия” нoмли 3 жилдли китoб таниқли шoир Карим Баҳриевнинг кўп йиллик меҳнати маҳсули. Шунингдек мазкур антoлoгияга фoльклoр намуналари, xалқ қўшиқлари, баётлар ва ўнлаб шoири нoмаълум шеърлар ҳам киритилган. Антoлoгия шуниси билан ҳам аҳамиятлики, намуналар бир таржимoн тoмoнидан 11 та тил oрқали амалга oширилган.

Бу китoбдаги ҳар бир шoир истеъдoд сoҳиби ва ҳар бир шеърият асари ҳаяжoнли, дардлилиги сабаб ўзбекчага ўгирилиб, ўзбек ўқувчисига ҳавoла этилган.

 

Адабий анжуманда Карим Баҳриев ижоди, унинг янги таржима асари хусусида батафсил сўз юритилди. Тадбир иштирокчиларига “Дунё шеърияти. Антология” номли тўплам туҳфа этилди. Дарҳақиқат, мазкур муҳташам шеърий жамланма мамлакатимиз адабий ҳаёти, бадиий таржима соҳасида ўзига хос воқелик бўлгани аниқ.

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech