Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция – муҳим
18 декабрь – Халқаро миграция куни
Ҳар йили 18 декабрда бутун дунёда Халқаро миграция куни нишонланади. Бу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2000 йили белгиланган бўлиб, унинг асосий мақсади — дунёдаги мигрантларнинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоя қилишга эътибор қаратиш, миграция жараёнларини барқарор, хавфсиз ва қонуний йўллар билан таъминлашдан иборат.
Миграция бугунги кунда дунё иқтисодиётининг, илмий ва техник тараққиётнинг, шунингдек, маданий алмашув ва глобал ҳамкорликнинг ажралмас қисмига айланган. Мигрантлар нафақат ўз оиласи ва шахсий ҳаёти учун, балки янги иш жойлари, таълим имкониятлари ва инновация жараёнларига ҳисса қўшади. Шу билан бирга, улар яшайдиган жамиятлар учун ҳам қўшимча иқтисодий ва ижтимоий фойда келтиради.
Бироқ миграция билан боғлиқ масалалар ҳамиша ҳам муаммосиз бўлмайди. Нотинчлик, муҳожирларнинг ҳуқуқлари бузилиши, ижтимоий ҳимоянинг йўқлиги ва ноқонуний миграция каби салбий ҳолатлар бу жараённинг хавфсиз ва самарали ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Шундай экан, халқаро ҳамжамият бугунги кунда миграцияни тартибли бошқариш, унинг ижобий томонларини кучайтириш ва ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга ҳақли эътибор қаратмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш шундай таъкидлайди: «Ушбу Халқаро мигрантлар кунида келинг, ҳар бир мигрантнинг ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилайлик ва миграцияни барча учун муносиб ва хавфсиз қилайлик». Бу кун бизга миграция жараёнларининг ижобий ва салбий томонларини қайтадан таҳлил қилиш, замонавий муаммоларга эътибор қаратилган ечимлар ишлаб чиқиш ва барча мигрантлар учун ҳуқуқ ва хавфсизликни таъминлаш зарурлигини эслатади.
Мигрантлар кунининг келиб чиқиш тарихига тўхталадиган бўлсак, мигрантлар ҳуқуқларини тан олиш йўлидаги биринчи қадам 1990 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганда қўйилди. Ушбу ҳужжат мигрантлар ва уларнинг оилаларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, камситиш ва эксплуатацияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этди.
Хорижий ишчи кучининг асосий олувчилари бўлган мамлакатларнинг ҳеч бири Конвенцияни имзоламаган ва ратификация қилмаган. Конвенцияни ратификация қилган мамлакатларнинг аксарияти Мексика, Марокаш ва Филиппин каби мигрантларнинг келиб чиқиш мамлакатлари ҳисобланади.
Мигрантлар куни айнан миграция нафақат ижтимоий ва иқтисодий зарурат, балки риоя қилиш ва ҳимоя қилишни талаб қиладиган ҳуқуқ эканлиги ҳақида хабардорликни ошириш воситаси сифатида таъсис этилган. Шу куни мигрантлар ҳуқуқлари, уларнинг тарихи ва жамиятга қўшган ҳиссасига бағишланган тадбирлар ўтказилади.
Миграция масалалари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан бевосита боғлиқ. Инсон ҳуқуқларига оид барча халқаро ҳужжатларда турли шаклларда миграциянинг асосий компоненти — ҳаракат эркинлигига эътибор қаратилган.
Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13-моддасида: «Ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга», дейилади. Бу ҳуқуқнинг қоидалари янада кенг ва аниқ тарзда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12 ва 13-бандларида акс эттирилган.
Ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш эркинлиги — инсонга туғилганиданоқ тегишли бўлган табиий ва ажралмас ҳуқуқдир. Кенг маънода, бу ҳуқуқ инсонга қонуний яшайдиган мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, шунингдек, ўз белгилаган вақтинча ёки доимий яшаш жойида тинч ва хавфсиз истиқомат қилиш имконини таъминлайди.
Миграция соҳасида бир қатор халқаро шартномалар ишлаб чиқилган ва амал қилади. Улар, хусусан:
· 1990 йилги БМ Конвенцияси — барча меҳнаткаш мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
· Халқаро меҳнат ташкилотининг 1975 йилги Конвенцияси — миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва меҳнат мигрантлари учун тенг шароитни таъминлаш;
· Халқаро меҳнат ташкилотининг 1949 йилги 97-сонли Конвенцияси — меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари;
· БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси ва унинг қўшимча баённомалари — ноқонуний равишда мигрантларни олиб кириш ва одам савдосининг олдини олиш;
· 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва унинг 1967 йилги баённомаси;
· 1961 йилги Фуқаросизлик ҳолатини камайтириш тўғрисидаги конвенция каби ҳужжатларни ўз ичига олади.
Миграция жараёни билан боғлиқ вазифаларнинг фавқулоддалиги ва мураккаблиги минтақалару мамлакатлар ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва ҳамкорликни талаб қилади. БМТ мамлакатлар ва минтақалар ўртасида мулоқот-у ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳамкорлик соҳасида тажриба алмашиш ва имкониятларни кенгайтиришга кўмаклашиш орқали бу борада фаол роль ўйнамоқда.
2016 йил 19 сентябрда Бош Ассамблея қочоқлар ва мигрантларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш мақсадида қочоқлар ва мигрантлар масалалари бўйича тарихда биринчи марта бўлиб ўтган юқори даражадаги йиғилишида бир қатор мажбуриятларни қабул қилди. Ушбу мажбуриятлар Нью-Йорк декларациясида мавжуд. Унда жаҳон етакчиларининг инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва масъулиятни глобал даражада адолатли тақсимлашга қаратилган сиёсий иродаси ўз ифодасини топган.
Миграция нафақат инсон ҳуқуқлари, балки давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис 2018 йили Марокашда халқаро ҳамжамият томонидан "Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартнома" маъқулланган.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 70 миллиондан ортиқ киши мигрант сифатида яшамоқда. Жаҳон бўйлаб тарқалган пандемия даврида эса, карантин чоралари сабабли уларнинг бир қисми меҳнат қилган давлатларда ижтимоий ҳимоясиз, зарурий истеъмол маҳсулотларисиз ва турмуш шароитисиз қолган ҳамда уларнинг ўз ватанларига қайтиш имконияти чекланган. Мазкур ҳолатлар миграция жараёнларини тартибли бошқариш ва мигрантларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлашнинг аҳамиятини янада оширди.
Миграция ҳар доим бутун дунё ҳамжамияти ҳаётининг бир қисми бўлиб келган. Қадим замонлардан бери одамлар янги имкониятлар ва яхшироқ ҳаёт излаб кўчиб юришади. Иқлим ўзгариши, демографик омиллар, беқарорлик, урушлар, ўсиб бораётган тенгсизлик ва одамларнинг яхши ҳаётга интилиши, меҳнат бозорларидаги қондирилмаган эҳтиёжлар – буларнинг барчаси миграция бундан кейин ҳам давом этишини англатади.
Фактлар шуни кўрсатадики, мигрантлар ҳамма жойда жамиятни бойитади ва иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожланишнинг кучли ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Бундан ташқари, халқаро миграция кўп ҳолларда келиб чиқиш мамлакати учун ҳам, бориш мамлакати учун ҳам фойдалидир.
Мигрантлар кўпинча ўз мамлакатлари билан мустаҳкам алоқаларни сақлаб қоладилар, шу билан бирга улар бой билим, тажриба ва кўникмаларни олиб келадиган янги жамоаларни қабул қиладилар. Шунга қарамай, бутун дунёда муҳожирларга нисбатан адоват кучайиб бормоқда.
Халқаро мигрантлар куни кўплаб мамлакатларда ҳукуматлараро ва нодавлат ташкилотлар томонидан мигрантларнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш, шунингдек, иммигрантлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни тушунтириш бўйича турли акциялар ва ишчи семинарлар ўтказиш орқали нишонланади. Қолаверса, айни сана доирасидаги тадбирлар ҳар йили муайян мавзуга бағишланади.
Иқбол АБДУМАЖИДОВ,
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида
халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский