Ойдин дил ва ойдин ниятлар китоби

“Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди”. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ўгитига қатъий амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамиятимизда назмий асарлар тарғиботини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бунга биргина амалий мисол: кейинги даврда таниқли ўзбек шоирларининг сайланма шеърлар тўпламларини “Шоир ва замон” рукнида изчил нашр этиш йўлга қўйилди. Бу туркумидаги китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Таҳрир ҳайъати томонидан нашрга тавсия этилаётгани ва Уюшма ҳомийлигида чоп этилаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Яқинда шоир ва таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Сайланма: Эй, Ой!” (Тошкент, “Адабиёт” нашриёти, 2025. - 296 б.) номли шеърлар тўплами ҳам худди шу туркумда нашрдан чиқди. Китобда муаллифнинг сўнгги йилларда ёзилган шеърлари, шунингдек, олдинги 7 та шеърий тўпламига кирган ижод маҳсулларидан айрим намуналар жамланган.

Истедодли Ғулом Мирзонинг ижоди ўзбек китобхонларига яхши таниш. Унинг «Ойпараст дил» ва «Таайюн рақамлари» (2023), «Отамнинг боғи» (2019), «Қалб томчилари» (2010), «Офтобга қайтаман» (2008), «Унутилган ҳур» (1997), «Яхшиям сиз борсиз» (1994) шеърий китоблари, “Эй, дарвеш” (2022) қиссаси ҳамда ўндан ортиқ публицистик ва таржима асарлари чоп этилган.

Шоирнинг “Эй, Ой” сайланма китоби билан аввалги шеърий тўпламлари ўртасида моҳиятан узвийлик ва мантиқан асослилик бор. Янги китобда олдинги шеърий тўпламлар орқали сизу бизга яхши таниш бўлган “дил” образи эндиликда янги қиёфада, яъни ойпараст дил мақомида намоён бўлмоқда.

Сайланма шоирнинг “Эй, Ой” шеъри сарлавҳаси билан номлангани бежиз эмас. Айни шеър орқали шоир Ойга:

“Эй, кундузи коинотдек олис бешумор, тунлар эса тушларимда чарх урган ҳумой!” (170-бет), дея тўғридан-тўғри мурожаат қилади. Яъни, Ойни – Шарқда эзгулик рамзи бўлган афсонавий қуш, бахт қуши, “давлат қуши” – ҳумо (ҳумой) қушига менгзайди. Шоирнинг бадиий муболағасига кўра, Сомон йўли – Ойнинг шиппагидан тўкилган ғубордир. Бу, ўз навбатида, “Сен уйимга қачон келиб кетган эдинг, Ой”(170-бет), деган саволни келтириб чиқаради.

Ғулом Мирзо бошқа кўплаб шеърларида ҳам Ойга жўшқин мурожаатлар йўллайди. Хусусан, шоир “Болалигим кечган ҳовли (17-бет) шеърида “Ой – ойнаи жаҳон” (18-бет),Қаландар (73-бет) шеърида “Ой – қилич” (73-бет), Чилланинг бошланиши(95-бет) шеърида “Ой – лангар”(95-бет) деган ўхшатишларни қўллаган бўлса, “Чилташбеҳ(21-бет) шеърида Ойга нисбатан қаторасига 40 тадан ортиқ метафорани ишлатган. Шунингдек, “Ойда соат борми?(18-бет), “Шоир(32-бет), “Ой, жамолинг кўзимдан тўсма(58-бет), “Ой, юзларинг – кўнглимдек тиниқ(64-бет) каби шеърларда адабий қаҳрамон Ой билан гўёки жонли мулоқотга киришади.

Ижодкор учун Ой – рамз, шеърий образ, таъбир жоиз бўлса, илҳом париси. Масалан, шоир бир шеърида “Кечаси ойнадан бўйлама – икки моҳ сиғмагай фалакка”(60-бет), деган қиёсни келтиради. Зеро, адабий қаҳрамон учун Ёр билан Ой гўзаллик бобида тенг. Яна бир шеърда Ёр – Ойга, адабий қаҳрамон эса зимистон кечага таққос этилган.

Бу шеърларда ошиқ дилнинг девоналиги оташин шеърий мисраларда ойпарастлик тимсолида тақдим этилганки, бундай бадиий ечим шеърхонни асло беэътибор қолдирмайди.   Бундан ташқари, “Эски жанггоҳ(134-бет) шеърида “Ой ва Қуёш – ғолиб туғлар”(134-бет), деб таърифланса, “Қўрбоши(140-бет) шеърида Ой – миноранинг синиқ парчасига(140-бет) қиёсланади.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобидаги “Ой фарзанди” фаслидан мана бу фикрларни эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул, деб топдик: “Қадим-қадим замонларда аждодларимиз қуёшга, ойга, юлдуз ва сайёраларга топинганлар. Дашту саҳролар оша олис, машаққатли йўлларда кундузи қуёш, кечаси ой ва юлдузлар уларга машъала, қибланамо бўлган. Ўғлонлари исмини Кунтуғмиш, Ойбек деб, қизларини Ойбарчин, Тўлганой, Юлдузхон, Зуҳро, Сурайё, Муштарий, Ситора деб атаганлар. Икки юз йил аввал Ҳиндистонда яшаб ижод қилган ҳамюртимиз Мирзо Асадуллохон Ғолиб ўз аждодларини эслаб: “Мен асли самарқандликман, наслим Ойбеклар зотидан”, — дея ғурур билан ёзган”.

Устоз адибимиз таъбири билан айтганда, бизлар ҳаммамиз Ой фарзандларимиз. Ойдан тушган каби соддамиз. Дилимиз ойдин, ниятимиз ойдин. Ўзбек бежиз онани ойи деб, Ойни оймомо деб атамаган. Бинобарин, Ғулом Мирзо айни миллий анъаналарни нафақат изчил давом эттираётган, балки янги ва кутилмаган образлар билан том маънода бойитаётган новатор креатив(топқир)ижодкордир. 

Шоирнинг янги китобидаги шеърларнинг мазмуни ҳақида гап борганда, биринчи навбатда унинг бой, ўзига хос  ва хилма-хил мундарижаси диққатни ўзига тортишини қайд этиш даркор. Шеърий тўпламга тартиб беришда Шарқ ва Ғарбнинг бу борадаги ижобий анъаналарига бирдек ва изчил амал қилинган.

Сайланма “Қушлар гулдек токчада сўлар(4-бет), “Отамнинг боғи(45-бет), “Сен – муносиб афсоналарга(55-бет), “Сенсиз сас ё нафас борму?(66-бет), “ХХ аср манзаралари(134-бет), “Эй, Ой!(170-бет) каби фаслларда жамланган шеърлар билан бошланади. Бу фасллар бир томондан, янги шеърлардан ташкил топгани билан алоҳида эътиборни ўзига тортса, иккинчи томондан, ҳар бир фасл номига “Табиатга эҳтиром ила(45-бет), “Севги мактублари(55-бет), “Халқ оҳангларида(66-бет), “Айрим чизгилар(134-бет), “Дилхатларим(170-бет) сингари тагсарлавҳалар ҳавола этилгани муайян фаслга мансуб шеърларнинг мазмун-моҳиятини англашда қулайлик туғдиради.

Яна бир туркум фасллар номидаги тагсарлавҳаларда ўша шеърлар битилган йиллар қайд этилган. Бу ўринда  “Дунё тўла эрк, парвоз, шафқат” (2024 йил), “Бир кўнгли юз минг бор тўғралганлармиз” (2023 йил), “Инсми ё парисиз” (1996-2022 йиллар), “Дилнома” (1994-1996 йиллар), “Кўклам ўсма бўлиб қошингга чўкди” (1990-1994 йиллар) фасллари ҳақида сўз бормоқда. Буларнинг барчаси сайланмада шоирнинг турли йиллардаги шеърлари саралаб олинганини яна бир бор тасдиқлайди.

Ғулом Мирзо назмий тўпламга табиат фасллари тимсолида тартиб бериш анъанасига ҳам амал қилган. Хусусан, “Юрагин варракдай очганлар қани?(83-бет) фаслида, шоир ибораси билан айтганда, “Баҳор яллалари(83-бет) куйланса, “Бол томар ишкомнинг бармоқларидан(95)-бет) фаслида – “Ёз нағмалари(95-бет), “Сунбула – сочлари паришон сулув(99-бет) фаслида – “Куз қўшиқлари(99-бет), “Оққушлар қўнди гўё(106-бет) фаслида эса “Қиш хиргойилари(106-бет) билан боғлиқ шеърлар жамланган.

Китобда фаслларга тартиб беришнинг янгича мезонларини ҳам кузатиш мумкин. Бунда биз Ғулом Мирзонинг “Онажоним – оҳизиндам(109-бет), “Кузги Насаф манзаралари(159-бет), “Зомин дафтари(162-бет) каби фасллардаги шеърлари “Митти туркум”(162-бет) номи билан тақдим этилганини назарда тутаяпмиз.

Ўз навбатида, бошқа бир туркум шеърлар ҳажмига қараб фаслларга тақсимланган. Жумладан, “Қуроқнома(231-бет) – саккизликлар, “Умр ташбеҳлари(240-бет) – олтиликлар, “Сенда нондек иссиқ истара(245-бет) – бешликлар, “Чўзилади чўзмадек кунлар(250-бет) – тўртликлар, “Ойдек олисим(257-бет) – учликлардан иборат бўлса, “Довуш(265-бет) фаслида тоқсатрлар келтирилган.

Ғулом Мирзо тузувчи ва таржимон сифатида жаҳон адабиёти намуналаридан бир қанча асарларни таржима қилган ва нашр эттирганини биламиз. У бундан уч аср олдин Европада яратилган, машҳур немис бастакори Георг Фридрих Гендел ижодига мансуб “Амир Темур” операсини 2014 йили ўзбек тилига ўгирган ва алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Рус адабиётининг улуғ намояндаси, Нобель мукофоти совриндори Иван Буниннинг “Темурхон” ҳикояси ва юздан ортиқ лирик шеърларини таржима қилган. Иван Буниннинг 2018 йилда нашр этилган “Тийрамоҳ” номли китобининг тузувчиси ва таржимонларидан бири ҳисобланади.

Ғулом Мирзо таржимасида 2020 йилда "Жаҳон адабиёти дурдоналари: Лотин Америкаси" китоби чоп этилиб, ушбу минтақа адибларининг шеър ва ҳикоялари ягона тўплам ҳолида ўзбек китобхонига илк бор тақдим этилди. Ушбу тўпламда 54 нафар шоир ва ёзувчининг ижод намуналари жамланган.

Унинг “Эй, Ой” сайланмасида янги таржималари эълон қилинган. Рус тилида ижод қилувчи таниқли шоир ва таржимон Рифат Гумеровнинг бир туркум шеърлари ўзбек тилида тақдим этилган.

Мухтасар айтганда, донишмандлардан бири: “Очганингда ҳузурланиб, ёпганингда руҳан бойлигингни ҳис этган китобгина яхши китобдир”, деган экан. Ғулом Мирзонинг янги китоби ҳузур, мароқ ва ҳаловат билан ўқиладиган ҳамда ўқиган китобхонга янги руҳ, янгича завқ-шавқ бағишлайдиган ҳар томонлама маъқулу манзур китоб бўлибди.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, академик

«Hurriyat» газетасининг 2025 йил 24 декабрь кунги 49 (1475)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech