“ТОНГ ЮЛДУЗИ” ТАҲРИРИЯТИГА КИТОБЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ
2026 йил 11 февраль куни “Тонг юлдузи” газетаси нашриётида китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида беғараз тақдим этилган адабиётлар таҳририят жамоасига топширилди.
Тақдим этилган тўпламдан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг асарлари, инсон ҳуқуқлари мавзусидаги нашрлар, шунингдек, Хитой маданияти ва адабиётига бағишланган жами 28 номдаги 56 нусха китоб ҳамда 6 та электрон диск (e-book) ўрин олган.
Китобларни қабул қилиб олган “Тонг юлдузи” газетаси раҳбари Феруза Адилова мазкур адабиётлар таҳририят фаолияти, айниқса, ёшлар учун тайёрланадиган маърифий материаллар мазмунини бойитишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади ҳамда ушбу эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув давомида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшлар ўртасида мутолаага қизиқишни ошириш масалалари ҳақида ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими жамоаси ҳам иштирок этди.
Мазкур китоблар таҳририят ходимлари ҳамда газетанинг кенг ўқувчилар аудиторияси учун инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳамкорлик ва Хитой маданиятига оид билимларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский