Тошкентда “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқлари бўйича форум бўлиб ўтди
Инсоният тақдири ва тараққиётига дахлдор долзарб масалалар муҳокама қилинган форумда муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, уларни амалий ҳаётга татбиқ этиш йўлида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик учун муҳим майдон яратилди.
Азим ва навқирон пойтахтимиз — нон шаҳри дея эъзозланувчи Тошкент яна бир нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Инсоният тақдири ва тараққиётига дахлдор долзарб масалалар муҳокама қилинган форумда муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, уларни амалий ҳаётга татбиқ этиш йўлида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик учун муҳим майдон яратилди. “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича 2026 йил форуми бўлиб ўтди. Анжуман Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси (CFHRD) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда илгари суриш” мавзусига бағишланди. Унда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари соҳаси экспертлари, давлат идоралари вакиллари, илмий ва ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Спикерлар, экспертлар ва тадбир иштирокчилари Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати ривожланаётган мамлакатлар сифатида тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларида муштарак қарашларга эгалигини қайд этдилар.










Форумнинг очилиш маросимида Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов, “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти бош котиби ўринбосари Самади Шохин, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Алуа Надиркулова иштирок этиб, форум ишига муваффақият тилади.
— “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форуми БМТнинг Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллиги ва Глобал ривожланиш ташаббусининг 5 йиллиги нишонланаётган 2026 йилда ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга, — дейди Миллий марказ директори Акмал Саидов. — Янада аҳамиятлиси, Тошкент форуми айнан “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган муҳим даврга тўғри келаётганидир.
Форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумда томонларнинг дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суриш истаги ўз ифодасини топган.
Ялпи мажлисда инсон ҳуқуқлари соҳасида Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Олти давлатнинг етакчи экспертлари инсон ҳуқуқлари, ижтимоий тараққиёт, экологик хавфсизлик ва рақамли технологиялар соҳасидаги замонавий ёндашувлар бўйича маърузалар қилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Халқаро ҳуқуқ институти директори Лю Хуавэнь, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўлими мудири Виктор Тихонов, Қирғизистон Республикаси Омбудсмани институти вакили Эмилбек Ажибеков, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Пекин политехника университети профессори Ци Яньпин, Тожикистон Президенти Ижро этувчи аппарати вакили Парвиз Олимзода, Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти ходими Довлат Аманмирадов ҳамда Ухан университети юридик факультети декани Цинь Тяньбао ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, муҳокамалар учта панел сессиясида давом эттирилди. Уларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, экологияни муҳофаза қилиш, “яшил” тараққиётни қўллаб-қувватлаш, рақамли интеллектуал технологияларни ривожлантириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
— Ушбу форум учун “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари тараққиётига кўмаклашиш” мавзусини бежиз танламадик. Бу ғоя Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлик орқали тараққий этиш, ривожланиш орқали эса инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилига қатъий содиқ эканини ифода этади, — дейди Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармаси вице-президенти, бош котиби Ли Хункуй. — Хитой Марказий Осиё мамлакатлари учун модернизация йўлида ишончли ва ҳамфикр ҳамкор ҳисобланади. Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасидаги ёндашувлар ва уларни амалга ошириш механизмларида ҳам мамлакатларимиз ўртасида кўплаб ўхшаш ва яқин жиҳатлар мавжуд.
Форум қатнашчилари инсон ҳуқуқларини самарали таъминлашда аҳоли фаровонлигини ошириш, рақамли бошқарувни такомиллаштириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш муҳим омил эканини таъкидладилар. Шунингдек, мазкур соҳалардаги илғор тажрибалар ва амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Анжуман якунида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг “Тошкент ташаббуси” деб номланган якуний ҳужжати қабул қилиниб, унинг тақдимоти ўтказилди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
“Халқ сўзи”.
Ўзбекча
English
Русский