Аҳоли мурожаатлари бўйича сайёр қабул ва жонли мулоқотлар
19-22 май кунлари Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари қатнашдилар.
Ушбу жонли мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори талаблари ва Миллий марказнинг 2026 йилги иш режаси доирасида ташкил этилди.
Учрашувлар, хусусан, Асака тумани ҳокимлиги, прокуратура, адлия бўлими, кадастр агентлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими, архитектура, Давлат солиқ инспекцияси ва Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда туман прокуратураси биносида ва Амир Темур, “Фидокор”, “Гумбаз” ҳамда “Дўстлик” маҳаллаларида ўтказилди.
Яна бир туркум учрашувлар Шаҳрихон тумани ҳокимлиги, прокуратураси, адлия ва қишлоқ хўжалиги бўлимлари, кадастр агентлиги, архитектура ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда адлия бўлими биносида, “Дориломон”, “Гулистон”, “Найнаво”, “Пахтаобод”, “Назармаҳрам” ва “Абдубий” маҳаллаларида бўлиб ўтди.
Мулоқотларда маҳаллий, ҳудудий идоралар вакиллари ва масъул ходимлари ҳамда 107 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.
Учрашувларда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз борди. Айниқса, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар ва мутасадди раҳбарларга берилган топшириқлар борасида атрофлича фикр юритилди.
Мулоқот асносида мурожаатлар билан ишлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича ҳам тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Бунда бир гуруҳ фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Отабек НОРБОЕВ,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский