Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Мустақиллик байрами арафасида Миллий марказ докторантлари билан йиғилиш ўтказилди

28 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Миллий марказ докторантлари билан йиғилиш ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан табриклади. Ушбу энг улуғ ва энг азиз байрамнинг ҳар бир юртдошимиз, жумладан илм-фан аҳли учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

А. Саидов, шунингдек, Истиқлол йилларида юртимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтиришни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида тўхталди. Миллий марказнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлашда ёш тадқиқотчиларнинг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг 2027 йил 1 январдан кучга кирадиган «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган ўзгаришлар юзасидан тадқиқотчиларга атрофлича маълумот берилди. Мақолалар чоп этиш борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида Миллий марказ докторантлари олдида турган бир қатор муҳим вазифалар белгилади. Бу ўринда, жумладан, илмий тадқиқотни амалга ошириш, мақолалар, тезислар ёзиш маҳоратини ошириш бўйича семинар тренингларда иштирок этиш; ихтисослик ҳамда чет тили бўйича малакавий имтиҳонларни топшириш; диссертация ҳимоясини белгиланган муддатдан кечиктирмасдан амалга ошириш масалалари ҳақида сўз бормоқда.

Докторантларга Миллий марказ ҳузурида ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» фондидаги маълумотлардан кенг фойдаланиши юзасидан ҳам батафсил амалий тавсиялар берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.08.2026 Ko'rishlar 19
Ulashish