Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

МОВИЙ ОСМОННИ АСРАЙЛИК!

16 сентябрь – Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни

 

Санъатда мовий ранг азал-азалдан тинчлик, фаровонлик ва бахт рамзи бўлиб келган. Бунинг сабаби оддий: денгизнинг ранги – мовий, осмоннинг ранги – мовий. Қадим аждодларимиз самони “кўк” дея аташган. Биз ғурур билан юксакка кўтарадиган байроғимизда ҳам мовий осмон рамзи тасвирланган. Булутсиз самога термулсангиз, ҳақиқатдан ҳам, осмоннинг ранги мовий эканига амин бўласиз. Ана шу мовий ранг сайёрамизни ўраб турган, уни қуёшнинг ҳалокатли нурларидан ҳимоя қилиб, ер юзида тирикликни асраб келаётган озон қатламининг рангидир.

Олимларнинг илмий фаразларига кўра, сайёрамизда дастлаб сув, кейинчалик сувда яшайдиган ўсимликлар пайдо бўлган. Сув ўтларининг кислород ишлаб чиқариши натижасида аста-секин атмосфера шаклланган. Атмосферанинг стратосфера деб номланадиган энг юқори қаватларидан бирида кислород қуёш нури таъсирида парчаланиб, озонни ҳосил қилган. Бу қайтар реакция бўлиб, кислороднинг озонга, озоннинг кислородга айланиши доимий ва узлуксиз содир бўлади. Айнан шу жараёнда қуёшдан келадиган қисқа тўлқинли нурлар, шу жумладан ультрабинафша нурларнинг катта қисми ва иссиқлик коинотга қайтарилади. Яъни озон қатлами ер юзини ҳалокатли нурланишдан асрайди. Озон қатламининг шаклланиши тирик организмларнинг вужудга келишига ва ривожланишига қулай муҳит яратган.

Ер шарида ҳаётнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги илмий фаразлар нечоғлик ҳақиқатга яқинлиги ҳақида баҳслашмоқчи эмасман. Аммо қалинлиги бир неча сантиметрни ташкил этадиган озон қатлами сайёрамизнинг соябони янглиғ қуёшнинг ҳалокатли нурларидан тирикликни ва заминдаги ҳаётни ҳимоя қилиб келаётгани исботланган ҳақиқатдир.

XX асрга келиб инсоният цивилизациясининг ривожланиши, фан ва техника тараққиёти табиатнинг миллион, балки миллиард йиллар давомида шаклланган мувозанатига салбий таъсир кўрсата бошлади. Ракетада коинотга парвоз қилган одамзод атмосферага кўплаб зарарли чиқиндиларни ташлаётганини ҳисобга олмади. Музлаткич ва кондиционер каби инсонлар турмушини қулайлаштирувчи техникаларни кашф этганда ҳеч ким уларнинг ишлаши учун асос бўлган фреон газлари озон қатламини емириши ҳақида бош қотирмади. Натижада озон қатлами юпқалашиб, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида дастлабки “озон дарчалари” пайдо бўлди. Илмий тилда изоҳлаганда, ер сатҳидан кўтарилган ёки ракеталар орқали атмосферага чиқарилган хлор-фтор-углеродли бирикмалар, масалан, фреон газлари кислороднинг озонга, озоннинг кислородга парчаланишига тўсқинлик қилиши сабабли озон қатлами юпқалашиб, айрим жойларда “тешиклар” пайди бўлди. Ҳозирги кунда Антарктида материги осмонида ана шундай ёриқлар мавжуд.

“Озон дарчалари”дан ўтган ҳалокатли нурлар барча тирик мавжудотни – ўсимликларни ҳам, ҳайвонларни ҳам, одамзодни ҳам бирдек ҳалок қилади. Тиббиёт соҳаси олимлари қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурлари одамларда саратон ва турли кўз касалликларини келтириб чиқаришини аниқлашган.

Ушбу хавфли ҳодисанинг олдини олиш мақсадида халқаро ҳамжамият зудлик билан кескин чоралар кўришни бошлаган. Жумладан, 1985 йил 22 мартда  Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинган. Ушбу конвенция асосида халқаро ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, озон қатлами ҳолатини тизимли ва узлуксиз мониторинг қилиш, озонни емирувчи кимёвий моддалар ишлаб чиқарилишини камайтириш ва қатъий назорат қилиш, давлатлар ўртасида ушбу соҳада ахборот алмашинувини таъминлаш йўлга қўйилди.

1987 йил 16 сентябрда Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи қабул қилиниб, унда озон қатламига зарар етказувчи энг хавфли моддалар рўйхати белгилаб берилди. Шунингдек, озон қатламига кам даражада хавф соладиган айрим моддалардан халқ хўжалигида фойдаланиш тартиби қатъий кўрсатилди. Монреаль протоколининг қабул қилиниши ва давлатлар томонидан унга риоя этилиши озон қатламини тиклашда инсониятнинг ҳамжиҳатлигини кўрсатувчи катта муваффақият бўлди.

1994 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Монреаль протоколи қабул қилинган сана – 16 сентябрни Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни деб эълон қилди. Ушбу халқаро сана инсониятни табиатни асраш йўлида ҳамжиҳат бўлишга, давлатларни эса Монреаль протоколига риоя этишга ундайди. БМТ бу йилги Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунининг бош мавзусини “Янада салқин сайёра учун глобал ҳаракат – Монреаль протоколига Кигали тузатмаси доирасида барқарор совутиш тизимлари соҳасидаги 10 йиллик муваффақиятларни нишонлаш” дея эътироф этди. 2016 йилда Руанда давлати пойтахти Кигали шаҳрида ўтказилган анжуманда Монреаль протоколига киритилган тузатма 2050 йилгача “иссиқхона газлари”ни камайтириб, глобал ҳароратни пасайтиришни назарда тутади.

Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ҳамда Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколини Ўзбекистон 1993 йилда қабул қилган. Мамлакатимизда 2005 – 2019 йилларда озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланиш миқдори 884 тоннадан 33 тоннагача камайишига эришилган. Шунингдек, Монреаль протоколида белгиланган озон қатламини емирувчи бир қатор хавфли кимёвий моддаларни юртимизга импорт қилиш қонун билан тақиқланган.

Албатта, озон қатламини ҳимоя қилиш она сайёрамизни, унинг бетакрор табиатини, хилма-хил ҳайвонот ва наботот дунёсини асраш билан чамбарчас боғлиқ. Сабаби чексиз коинот ичидаги қум заррасидан ҳам кичикроқ бўлган сайёрамизда ҳаёт аталмиш мўъжизанинг мавжудлиги табиат унсурларининг, ҳар бир жонли ва жонсиз хилқатнинг ўзаро мувозанатига боғлиқ. Инсоният сайёрамизнинг тафаккур неъмати ато этилган “гултожи” сифатида ушбу мувозанатни англаб етиши, уни бузмаслиги керак.

Бир ҳақиқатни тан олайлик: табиатни асраш – инсониятни асраш демакдир. Шундай экан, ҳар биримиз она табиатни безавол сақлашга келажак авлод олдида масъулмиз! Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бизнинг кундалик одатимизга айлансагина, табиатни тор моддий манфаатлардан устун қўя олсаккина, зилол сувли дарёларимизни, қирғоқлари уфққа туташ денгизларимизни, яшил ўрмонлару мовий осмонимизни асраб қоламиз!

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

ЎзА

Nashr sanasi 16.09.2026 Ko'rishlar 18
Ulashish