Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

V Самарқанд форумининг якуний ҳужжати – БМТ эътирофида

Маълумки, Ўзбекистон ташаббуси билан 2026 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилган V Самарқанд форуми доирасида “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик” номли якуний ҳужжат қабул қилинган эди.

Эндиликда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг 2026 йил 29 сентябрь куни имзоланган ушбу якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжатлари тизимига киритилди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий вакилининг 2026 йил 15 октябрдаги мактубига илова қилинган тарзда БМТ Бош Ассамблеясининг 2026 йил 20 октябрда бўлиб ўтган мажлисига сессия кун тартибининг 70 (b)-банди бўйича Бош Ассамблея ҳужжати сифатида тақдим этилди ва A/81/444 рақамли белги остида БМТ аъзо-давлатларига тарқатилди.

Тузилишига кўра, ушбу халқаро ҳужжат муқаддима, 6 та бўлим, 24 та банд ва 8 та чора-тадбирни қамраб олган “Йўл харитаси”дан иборат.

Мақсад эътибори билан у инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий даражада самарали амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи ва ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Якуний ҳужжатда, айниқса аёллар ва ёшлар ҳуқуқлари алоҳида ҳимоя остига олинган. Улар нафақат тинчлик ва ривожланишдан наф кўрувчилар, балки инклюзив ва барқарор тинчликни шакллантиришда ўзгаришлар ташаббускорлари, қарор қабул қилувчилар, воситачилар, тинчлик ўрнатувчилар ва етакчилар мақомида эътироф этилган.

Шунингдек, унда сунъий интеллект ва рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқлим ўзгариши ва экологик адолат, фуқаролиги бўлмаганлик ҳолатини қисқартириш, демографик ўзгаришлар, тинчлик ва хавфсизлик каби долзарб масалалар қамраб олинган.

Ҳужжатнинг муҳим амалий ташаббуслари сифатида “Ҳамкорлик учун Самарқанд рақамли платформаси”ни ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида натижадорлик индикаторларини ишлаб чиқиш, миллий тажрибалар алмашинуви ва 2040-йилгача ихтиёрий мониторинг тизимини шакллантириш назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, “Самарқанд нигоҳи – 2040” инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантириш йўлида халқаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли концептуал ва устувор йўналишларини белгилайдиган стратегик ҳужжатдир. Ҳужжат халқаро ҳуқуқий стандартларни миллий амалиётга жорий этиш, янги глобал чақириқларга жавоб бериш ва инсон ҳуқуқларига асосланган барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашади.

Эслатиб ўтиш жоизки, Самарқанд форумларининг аввалги якуний ҳужжатлари ҳам айни шундай тартибда БМТ эътиборига ҳавола этилган эди. Хусусан, 2018 йилдаги Самарқанд декларацияси – А/73/730, 2020 йилдаги Самарқанд резолюцияси – А/74/998, 2022 йилдаги Самарқанд ҳаракатлар режаси – A/77/800, 2024 йилдаги Самарқанд форумининг якуний ҳужжати эса А/78/999 рақами билан Ўзбекистон мурожаати асосида БМТ ҳужжатлари тизимига киритилган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ва унда қабул қилинаётган якуний ҳужжатларнинг БМТ даражасида эътироф этилиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, Самарқанд форуми инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳонга танитиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ички ички ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланиши учун қулай фурсат ҳисобланади.

Иккинчидан, Форум якунида қабул қилинаётган декларация, резолюция ва якуний ҳужжатларнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида тарқатилиши ва эътироф этилиши уларнинг сиёсий ва ҳуқуқийлик даражасини оширади ҳамда мамлакатимизнинг халқаро норма ижодкорлигидаги иштирокини кучайтиради. Шу тариқа, Самарқанд форуми ва унинг якуний ҳужжатлари орқали янграётган Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуслари давлатимизнинг халқаро нуфузини оширишга, халқаро ташкилотлардаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳамда миллий манфаатларимизни халқаро миқёсда тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

 

 

Ҳайдарали Юнусов

Тошкент давлат юридик университети профессори,

юридик фанлар доктори

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 82
Ulashish