4 ДЕКАБРЬ – ХАЛҚАРО БАНКЛАР КУНИ

Инсоният тарихида банк ихтиро қилинган даврдан бошлаб, жамият ривожи янги босқичга кўтарилган. Бугунги кунда сайёрамизда банк муассасаларига мурожаат қилмаган ёки даромади банк билан боғлиқ бўлмаган бирор кимсани топиш имконсиз.

2019 йилда БМТ Бош Ассамблеяси инсоният учун энг муҳим саналар қаторини тўлдирар экан, банкларнинг нафақат одамлар турмуш даражаси ва шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини, балки дунё миқёсидаги энг муҳим муаммоларни ҳал этиш учун улкан салоҳиятга эга эканини ҳам эътироф этди. Шу асосда 4 декабрни – Халқаро банклар куни деб эълон қилди.

БМТнинг 2030 йилгача эришилиши кўзда тутилган Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга оширишда банкларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Камбағалликни бартараф этиш, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш, жамиятда аёлларнинг фаоллигини кенгайтириш орқали гендер тенгликни таъминлаш каби Барқарор тараққиёт мақсадларига банк тизимини халқаро ва миллий даражада ривожлантирмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Айниқса, халқаро иқтисодий муносабатлар ўзининг ўзгарувчан томонини кўпроқ намоён қилиб турган ҳозирги даврда банклар аҳоли ўртасида эртанги кунга ишонч манбаи бўлиши кутилмоқда. БМТ экспертлари таъкидлашича, “Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш даври ўз чўққисига етиб, молиявий инқироз хавфи дунёнинг хоҳлаган бир мамлакатига рахна солиши мумкин бўлган бир даврда, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш йўлининг асосини молиявий тузилмалар ташкил қилиши керак”.

Махсус банк шакли сифатида шаклланиб улгурган тараққиёт банклари ривожланаётган ҳудудларнинг иқтисодий ўсишига ёрдам берадиган лойиҳаларни молиялаштиради. Улар янги манбалардан, шунингдек, хусусий ва давлат қўшимча ресурсларидан фойдаланиш орқали узоқ муддатли молиялаштиришни таъминлайди. Ҳар йили Халқаро банклар кунида тараққиёт банкларининг барқарор ривожланишни молиялаштиришдаги аҳамияти алоҳида эътироф этилади.

 Ўзбекистонда банк тизимини ривожлантиришга истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилган. Бу борада дастлабки фундаментал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат –  “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун юртимиз мустақиллиги эълон қилинишидан ҳам олдин – 1991 йил 15 февралда қабул қилинган.

ХХ асрнинг сўнгги 10 йиллигида Ўзбекистонда икки табақадан иборат банк тизими шакллантирилган бўлса, янги минг йилликнинг аввалида замонавий инфратузилмага эга самарали банк тизими ташкил этилди ҳамда миллий банкларимиз халқаро молия бозоридаги ўрнини мустаҳкамлади. Бугунги кунда мамлакатимиздаги банклар жаҳон бозорида рақобатбардошликка интилмоқда, тизим эса давлат бошқарувидан шаффоф хусусийлаштириш йўллари орқали хусусий сектор бошқарувига ўтмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида банк тизими тубдан ислоҳ қилиниб, банкларда оддий аҳоли учун ҳам, йирик тадбиркор ва инвесторлар учун ҳам қулай бўлган янги хизмат турлари таклиф этилмоқда. Валюта эркинлиги, жаҳон бозорига кириш ҳамда халқаро савдода қатнашиш салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили пойтахтимизда Халқаро молия-банк форуми ўтказилмоқда. Ушбу форум халқаро даражадаги банк ва молия мутахассисларини ўзида жамлаб, кўплаб муваффақиятли битим ва келишувларга сабаб бўлмоқда.

2021 йил 26 ноябрда ўтказилган форумда дунёнинг 20 дан зиёд давлатидан ташриф буюрган 500 дан ортиқ молиявий тузилма раҳбарлари, тадбиркор ва инвесторлар томонидан қиймати 567 миллион доллардан ортиқ 28 та ҳужжат имзоланган.

Ҳозирда юртимиздаги банк ва молия ташкилотлари истиқболли лойиҳа тақдим эта олган бўлажак тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Уларнинг айни шу жонкуярлиги аҳоли орасида қашшоқликни камайтириш, тенгсизликка барҳам бериш ҳамда тадбиркорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, “Ҳудудларда аёллар молиявий салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Марказий банк вакиллари вилоятларга бориб, хотин-қизлар орасида молиявий саводхонликни ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказмоқда. Жорий йил 7-10 октябрь кунлари Тошкент вилоятининг Паркент ва Бўстонлиқ, 10-11 ноябрь кунлари Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Фориш ва Мирзачўл туманларида ана шундай маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Хулоса қилиб айтганда, банк тизими – халқаро даражада ҳам, миллий даражада ҳам иқтисодиёт асосларидан бири саналади. БМТ томонидан Халқаро банклар кунининг белгиланиши ва нишонланиши банк тизимининг давлат ҳамда жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради.

 

Назира ЮНУСОВА,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech