2022 йил 3 декабрь куни “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумининг яна бир хорижий иштирокчиси – профессор Александр Сунгуров Самарқанд шаҳрига етиб келди. Меҳмонни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Самарқанд халқаро аэропортидаги штаби масъуллари кутиб олдилар.
Александр Сунгуров – Европа омбудсман институти бошқаруви аъзоси, Россия Федерациясининг Санкт-Петербургдаги “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университети кафедра мудири, Санкт-Петербург Гуманитар ва сиёсий стратегиялар маркази президентидир. Шунингдек, у Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти ҳисобланади.
А.Сунгуров Россия минтақаларида Омбудсман институтини таъсис этиш жараёнларини ҳамда коррупцияга барҳам бериш бўйича фуқаролик ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаган. Таниқли олим Россияда демократиянинг янги институтлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мавзусида тўртта китоб ҳамда кўплаб мақолалар чоп эттирган.
Профессор А.Сунгуров Самарқанд Глобал форумининг биринчи куни 4-параллел сессияда “Фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим” мавзусида маъруза қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.12.2022
- Кўришлар: 4946
- Чоп этиш