Европа Кенгаши маслаҳатчиси Элизабет Каса-Мэлксоо пойтахтимизда кутиб олинди

2022 йил 3 декабрь куни “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумининг хорижий иштирокчиси – Тарту университетининг юридик факультети, “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” магистрлик дастури раҳбари, Европа Кенгаши маслаҳатчиси Элизабет Каса-Мэлксоо мамлакатимиз пойтахтига етиб келди. Меҳмонни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Тошкент халқаро аэропортидаги штаби масъуллари кутиб олдилар.

 

Элизабет Каса-Мэлксоо инсон ҳуқуқлари ва демократик фуқаролик жамияти қадриятлари, маданиятлараро таълим мавзуларида тренинглар олиб боради. Европа ёшлари, талабалар, ўқитувчилар, ёшлар билан ишлайдиган мутахассислар ва ижтимоий соҳа, нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари ходимлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари ва журналистлар ўртасида таълим тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланади.

Э.Каса-Мэлксоо нафақат Европа Кенгаши маслаҳатчиси ҳисобланади, балки бу йўналишда Европа комиссиясининг "Эразмус+" дастури, Эстониядаги Гендер тенглик масалалари бўйича комиссар Бошқармаси, Эстониянинг Инсон ҳуқуқлари институти ва бошқа кўплаб мактаблар ҳамда таълим муассасалари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у Тарту университетининг Юридик факультетида инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими бўйича дарс беради.

Элизабет Каса-Мэлксоо Самарқанд Глобал форумининг биринчи куни 4-параллел сессияда “Фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норасмий таълим” мавзусида маъруза қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech