Самарқанд шаҳридаги “Буюк Ипак йўли” Халқаро туризм маркази ҳудудидаги Конгресс марказида бўлиб ўтаётган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида Глобал форумида дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим бўйича мутахассислар, хорижий экспертлар, давлат идоралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослашган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда тузилманинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижасини сарҳисоб қилиш.
Икки кунлик тадбир кун тартибидан айни соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувлар тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва зарур тавсиялар ишлаб чиқиш ўрин олган.
Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзаде мазкур форум БМТ шафелигида гибрид форматда ўтаётгани, бутун дунёдан кенг аудитория, соҳа мутахассислари Самарқанд билан виртуал боғланиш, муҳокама, сессияларда қатнашиш имкони мавжудлигини таъкидлади.
Айни пайт “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш: илғор тажриба, муаммолар ва истиқбол” мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтмоқда.
Беҳруз Худойбердиев,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 05.12.2022
- Кўришлар: 4994
- Чоп этиш