Сиан БЭГШОУ: Инсон ҳуқуқлари бўйича норасмий таълимни кучайтириш зарур

Жаҳон скаутлар ҳаракати ташкилотининг хилма-хиллик, маданият ва инклюзивлик бўлими менежери Сиан Бэгшоу “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусидаги Глобал форумда шу фикрни илгари сурди.

Хорижий эксперт ёшлар фаол фуқаролик жамияти яратиш ишига ҳисса қўшишлари учун норасмий таълим орқали уларда рақобатбардошлик қобилиятини ошириш мақсад қилинганини таъкидлади:

– Ташкилотимиз ҳақида кенгроқ маълумот бериш, норасмий таълим тизими орқали ёшларнинг инсон ҳуқуқи соҳасида жамиятдаги ҳал қилувчи бўғинга айланишига эришиши йўлида иш олиб бораётганимиз тўғрисида кўпроқ мутахассисларни хабардор этиш учун Самарқандга келганман. Тузилмага дунё бўйлаб 173 ташкилот, 57 миллион киши аъзо. Улар дунёни яхши томонга ўзгартиришга кўмаклашяпти, дейиш мумкин. Жамиятдаги ижтимоий инклюзияда, айниқса, инсон ҳуқуқи соҳасида норасмий таълимни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.

С.Бэгшоу, шунингдек, ташкилотнинг асосий мақсади ва вазифаси жамиятда ҳуқуқдан фойдаланиш ҳамда таълим олиш имконияти даражасини ошириш эканини маълум қилди.

– Бутунжаҳон таълим ҳаракати сифатли таълим беришга асосланган. Форумдан кутилаётган натижа – инсон ҳуқуқи доирасида ёшларга норасмий услубда таълим бериш имкониятни кенгайтириш. Зеро, норасмий таълим, айнан, инсон ҳуқуқи соҳасидаги ҳаракатларимиз намунасидир.

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech