Глобал форумнинг Миллий ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Самарқанд Глобал форуми БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси; Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси; БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси; БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси; ЮНИСЕФ; Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси; ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси; Европа Кенгаши, Фридрих Эберт жамғармаси билан ҳамжиҳатликда ташкил этилмоқда.
Глобал форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, хорижий ва халқаро экспертлар, давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар – жами 120 дан ортиқ хорижлик меҳмон иштирок этмоқда.
Самарқанд Глобал форумининг БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилиши бутун дунёдан янада кенг аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради.
Самарқанд Глобал форумининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг видеомурожаатлари намойиш этилди.
Глобал форум ишида Ўзбекистон томонидан – ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталари раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, ўқув ва илмий-маърифий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашмоқда.
Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади. Мазкур Декларация 2011 йил декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган.
БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини ҳам эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастури бажарилишининг мувофиқлаштирувчиси этиб белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар учта босқичда бажарилди ва 2024 йилга қадар давом этадиган тўртинчи босқич изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Самарқанд Глобал форумининг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат.
Глобал форумнинг биринчи ялпи мажлиси “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси: натижалар ва замонавий муаммолар” мавзусига бағишланади. Унда ушбу Декларациясини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимни таъминлаш тамойиллари ва ёндашувлар, технологик ўзгаришлар негизида эришилган ютуқлар ва олинган сабоқлар, дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида мавжуд замонавий муаммолар муҳокама қилинади.
Глобал форумнинг биринчи куни, шунингдек, 4 та параллел сессия ташкил этилмоқда.
Биринчи сессия: “Мактаб ёшидаги болалар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар”;
Иккинчи сессия: “Олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар (COVID-19, технологияларни ривожлантириш, интернет ресурслари, геосиёсат ва бошқалар)”;
Учинчи сессия: “Касбий институтлар (судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура) орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълимни таъминлаш: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар”;
Тўртинчи сессия: “Фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари бўйича норасмий таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммолар.
Шунингдек, "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" мавзусидаги Глобал форум эртага ҳам давом этади.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2022
- Кўришлар: 4529
- Чоп этиш