Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил 5 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлаган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим” мавзусидаги Глобал форумнинг муҳим янгиликларидан бири – Глобал форум доирасида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарслари” бўлди. У Глобал форумнинг иккинчи куни Самарқанд давлат университетида ташкил этилди.
“Маҳорат дарслари” Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов ва Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов тадбирни очиб берди. Онлайн шаклдаги ушбу маҳорат дарслари юртимизда илк бор ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро анжуман ичидаги маърифий анжумандан кўзланган мақсад – Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун инсон ҳуқуқлари фанидан сабоқ бериш бўйича намунавий дарслар ташкил этиш кўникмасини шакллантиришдир. Юртимиз таълим муассасалари вакилларининг инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммолар ечимларидан илмий-маърифий асосда хабардор қилиш учун инсон ҳуқуқлари маданиятини тарбиялаш йўналишида ўзига хос илғор сабоқлар ўтилиши муҳим аҳамият касб этади.
Маҳорат дарслари, замон талабларидан келиб чиқиб, илғор хорижий тажрибалар асосида оффлайн ва онлайн усулларда олиб борилди. Жаҳоннинг турли университетларидан таклиф этилган кўзга кўринган профессор-ўқитувчилар иштирокидаги қизиқарли маъруза ва баҳс-мунозаралар, ўз навбатида, жонли мулоқот ва амалий савол-жавоблар учун қулай майдон яратди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш бўлими мувофиқлаштирувчиси Елена Ипполити, Таллин университети (Эстония) тадқиқотчиси, Ҳуқуқ халқаро институти аъзоси, профессор Рейн Мюллерсон, БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси, профессор Бахтиёр Тузмуҳамедов, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси, Америка университети Вашингтон ҳуқуқ коллежи профессори Диего Родригес-Пинсон, Европа Кенгашининг Инновациялар ва ривожланиш бўлими раҳбари Сергей Дикман, Европа Кенгаши маслаҳатчиси Ева Масса тақдим этган маърузалар кенг қамровли тингловчилар аудиториясини бефарқ қолдирмади.
Маърузачилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўп йиллик тажрибага атрофлича тўхталдилар. Ҳуқуқни қўллаш кўникмалари, соҳадаги креатив ва инновацион ёндашувлар, халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича олиб борилаётган ибратли амалиётга эътибор қаратдилар.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва қадриятларининг инсон, жамият ва давлат манфаатларига хизмат қилиши эътироф этилди. Таълим соҳасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қонунчилик ва давлат органларининг амалий фаолиятига айни соҳадаги халқаро стандартларни тўлиқ имплементация қилиш механизмлари ҳамда тартиби самарадорлигини ошириш борасида атрофлича фикр алмашилди.
Маҳорат дарсларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юридик йўналишда фаолият олиб борувчи 20 дан ортиқ олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларидан 6500 дан ортиқ профессор-ўқитувчи, прокуратура ходимлари, бакалавриат ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш олимлар иштирок этди. Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимидаги 14 та юридик коллеж ўқувчилари маърифий-ҳуқуқий тадбирда фаол қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2022
- Кўришлар: 5041
- Чоп этиш