Самарқандда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форуми бўлиб ўтди

5–6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми  бўлиб ўтмоқда.  Глобал форумнинг асосий мақсади – Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) нинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

“Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш” тўғрисидаги ташуббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатнома ва 2021 йил 22 феврал Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган эди. Бу эса сўнгги йилларда мамлакат ёшлар сиёсатида таълим ва тарбиянинг ўрни беқиёс эканлиги ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ўқиши, меҳнат қилиши, билим олиши ва қобилиятини намоён этиши учун барча шароитларни яратиш долзарб масала эканлигидан далолатдаир. Зеро, таълим тизимини такомиллаштириш, уни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва олий таълимда таҳсил олаётган талабаларда замонавий билим ва кўникмаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшларни халқаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, тотувлик ва инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат, масъулият руҳида тарбиялаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ва кафолатлаш, инсон ҳуқуқлари умумий маданиятини тараққий топтириш алоҳида аҳамиятга эга.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия барча учун инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги тамойилларига мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумий ҳурмат ҳамда уларга риоя этилишини рағбатлантиришда фундаментал аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим кенг иштирок тамойилига асосланади ҳамда ўқувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиб, уларга танқидий таҳлил ва амалий фаолият учун зарур бўлган билим ва муҳим кўникмаларни беради. Бу инсонларга ўз ҳуқуқлари тўғрисида билиш ва уларнинг самарали қониқтирилишини талаб қилиш имконини беради, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва таъминланиши учун масъул бўлган ҳокимият вакилларига ва бошқа шахсларга ушбу мажбуриятларни бажариш қанчалик муҳимлигини тушунишга ёрдам беради. Бу инсонларнинг ҳаётига таъсир этувчи барча – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик – қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўла ҳуқуқли иштирокини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.

Инсоният тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак” деб белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ҳақидаги қоидалар бошқа кўплаб халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган бўлиб, ушбу стандартларни белгилаш жараёни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011 йил декабрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилиниши билан якунланди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги янги халқаро стандарт ҳисобланмиш мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2007 йил бошлаган эди.

Таълим соҳасига йўналтирилган яна бир муҳим ҳужжат – 2015 йилда қабул қилинган 2030 йилгача мўлжалланган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидир. Барқарор ривожланиш соҳасидаги тўртинчи мақсадида умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш, ёшлар ва катталарнинг сезиларли қисми учун бепул, сифатли таълим олиш ва касбий тайёргарликка имкониятлар яратилиши вазифаси белгиланган. Таълим олиш инсонлар ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш учун асос яратади ҳамда қашшоқликдан олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

Агар таҳлил қилинса, Инклюзив ва адолатли сифатли таълим билан боғлиқ 4-мақсаднинг 7-вазифасида “2030 йилга бориб, барча ўқувчиларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашларини, шу жумладан, барқарор ривожланиш ва барқарор турмуш тарзи, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, тинчлик ва зўравонликдан воз кечиш маданиятини тарғиб қилиш, фуқаролик ва маданий хилма хиллик қадр-қиммати ҳамда маданиятнинг барқарор ривожланишга қўшган ҳиссасини таълим бериш орқали таъминлаш” назарда тутилган.

2004 йилнинг 10 декабрида БМТнинг Бош Ассамблеяси барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг глобал даражада мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Жаҳон таълим дастури барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида кетма-кет босқичлар асосида ташкил топган, доимий амалга ошириладиган ташаббус бўлиб, аъзо-давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бошланғич ва ўрта мактаб тизимида, олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбийлар, шунингдек ОАВ вакиллари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларида жорий этиб боришлари керак.

Ҳозирги вақтда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи, 2024 йилга қадар ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ва ўқитишга йўналтирилган, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берадиган амалга оширилмоқда.

2018 йилдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар стратегияси эса БМТга ёшларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ҳамда уларнинг фуқаролик ва сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлашни, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим орқали саъй-ҳаракатларини кучайтириш масъулиятини юклайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларининг ижроси юзасидан Миллий ҳаракатлар дастури ва “Йўл харитаси” қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5664-сонли фармойишида халқаро шартномалар ва стандартлар нормаларини, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари, шунингдек ўзбек жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини ҳисобга олган ҳолда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Шуҳрат РАҲМАНОВ,

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,

юридик фанлар номзоди

hudud24.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech