Елена ИППОЛИТИ: Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий қонунчиликка киритилишини таклиф қиламан (+видео)

Глобал форумнинг асосий маърузачиси билан эксклюзив интервью

Самарқандда ўтаётган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми иштирокчиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий камиссари бошқармаси инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўлими координатори Елена Ипполити ўз фикрларини билдирди.

– Глобал форумда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси қароргоҳида фаолият юритаман. Самарқандда ўтаётган мазкур анжуман доирасида кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида айни мавзу юзасидан кенг муҳокама бўлаётгани, муаммоларга энг қулай ечим топиш бўйича амалий таклифлар берилаётгани асосий ютуғимиз, деган бўлардим.

Биз учун халқаро миқёсда ҳал қилинадиган масалалар бўйича маҳаллий чоралар кўрилаётгани қувонарли. БМТнинг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси ушбу тадбирни Ўзбекистон ҳукумати ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан бирга ташкил этди.

Таассуротларим бир олам. Форумнинг очилиш сессияси анжуман мазмун-моҳиятини акс эттирди, инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим устуворлигининг долзарб қирраларини очиб берди. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи бўйича таълим, инсон ҳуқуқига қарши хавфни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар анжуманнинг етакчи мавзусига айланди.

Тадбирда бир неча истиқболли лойиҳа кўриб чиқилди. Ўзбекистонда мазкур соҳада кечаётган ижобий ўзгаришлар мени хурсанд килди. Инсон ҳуқуқи бўйича таълим масаласи глобал миқёсда ҳукуматлар томонидан муҳокама қилиниши зарурлиги тўғрисида тавсиялар берилди. Муҳими, мазкур тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш шарт. Инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимнинг асл аҳамияти маҳаллий ва миллий даражада барча фуқаролар манфаати учун йўналтирилганида.

Инсон ҳуқуқи бўйича таълим дастури барча мамлакатларда айни йўналишдаги таълимни миллий даражада жорий этишни рағбатлантиради. Олий ўқув юртларида инсон ҳуқуқи бўйича таълимни бирлаштиришга қаратилган яна бир босқич давлат хизматчиларини, журналистларни инсон ҳуқуқи бўйича ўқитишни назарда тутади. Айни пайт ёшлар учун таълимнинг сўнгги босқичи давом этяпти. Ушбу глобал дастур орқали турли мамлакатларда миллий даражада муайян ютуқларга эришяпмиз.

Инсон ҳуқуқи бўйича таълимни миллий қонунчиликка киритиш зарур. Бу жараён, ўз навбатида, савияли ўқитувчилар тайёрлашни талаб килади. Зеро, яхши қонун бўлиши мумкин, аммо ўқитувчи ишни мактабда қандай ташкил этишни билмаса, натижага эриша олмайди. Бундан ташқари баъзи дарсликларни тузатиш керак, чунки мактаб дарсликларида кўпгина қолиплар мавжуд.

Жараённи мунтазам равишда такомиллаштириш керак. Шунингдек, инсон ҳуқуқи бўйича таълим янги авлодни қамраб олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Яна бир диққат марказидаги мавзу – олий таълим тизимида инсон ҳуқуқи.

Хуллас, бу мавзуда жуда кўп фикр билдириш мумкин. Энг муҳими, глобал форум, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар доирасида дадил қадамлар ташланмоқда.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

Дониёр Ёқубов тасвири, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech